Самарқанд вилояти
Халқ таълими бошқармаси
w w w . s a m x t b . u z

 

ҚАНДАЙ БОЛА 6 ЁШИДА МАКТАБГА БОРАДИ?

Фарзанди олти ёшгача бўлган ҳар бир ота-она ўз жигарбандини ақлли деб билади ва уни мактабга қабул қилишларини сўрайди. Лекин 6 ёшлиларнинг маълум қисмигина 1-синфга қабул қилинади. Бу жараён қандай кечади?

Албатта, ҳар бир ота-она ўз фарзандининг барча соҳаларда биринчи бўлишини хоҳлайди. Шу сабабли унга ёзиш ва ўқишни ўргатиб, олти, ҳаттоки беш ёшдан мактабга қабул қилишларини сўраб мурожаат қиладилар.

Мактабга қадам қўяётган бугунги куннинг боласидан фикрлаш кўникмаси, янги билимларни эгаллашга тайёрлиги, янги муҳитга мослашиш кўникмаси, воқеа-ҳодисаларни мустақил равишда таҳлил этиши билан бир қаторда унинг мактаб таълимига шахсий-иродавий, маънавий, интеллектуал, ижтимоий-психологик жиҳатдан тайёрлиги талаб этилади.

Боланинг мактабда самарали таълим олиши учун унга ўқишни ва ёзишни ўргатиш унчалик муҳим эмас. Асосийси, боланинг луғат бойлигини ошириш, ундан онгли ва фаол фойдалана олиши, товушни тиниқ эшитиши, аниқ талаффуз қилиши, уларни сўзлардан ажрата билиши, математик тасаввурларни эгаллашига эришишидир. Агар болада қўл мушакчалари етарли даражада ривожланган бўлса, у мактабда 2-3 ой давомида ёзиш техникасини қийинчиликсиз эгаллаб олади. Ижодий имкониятларга эга бўлган бола янги ўқув материалини мустақил тушуниб етишга, изланиш фаолиятига, педагоглар ва тенгдошлари билан ўзаро муносабатларни ўрнатишга тайёр бўлади. У билишга қизиқувчан, фаол, ташаббускор бўлиб, катталар томонидан таклиф этилган топшириқларни бажарибгина қолмасдан, ўзи ҳам бошқалар олдига янги вазифаларни қўяди. 

Олти ёшли болаларнинг мактабга қабул жараёни қуйидаги тартибда амалга оширилади: Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими ва Соғлиқни сақлаш вазирликларининг 2006 йил 5 январдаги 2/1-сонли қўшма буйруғи билан тасдиқланган "Олти ёшли болаларнинг тиббий кўриги тўғрисидаги Низом" асосида ҳар йили 1 февралдан 30 апрелгача ҳар бир туман (шаҳар) халқ таълими ва сог`лиқни сақлаш бўлимлари ҳамкорлигида тиббий муассасаларда ишлаб турган тор доирадаги (педиатр, невропатолог, болалар жарроҳи, ортопед, офталмолог, стоматолог, эндокринолог, логопед ва психоневролог) мутахассислардан тузилган махсус комиссия томонидан олти ёшли болаларнинг тиббий кўриги ўтказилади.

Май-август ойларида эса туман халқ таълими бўлимида 6 ёшли болаларга мактабга тавсия бериш бўйича психологик-педагогик ташхис комиссияси тузилади. Мазкур комиссия Халқ таълими вазирлигининг 2006 йил 17 мартдаги 60-сонли буйруғи билан тасдиқланган "Олти ёшли болаларнинг психологик-педагогик ташхис комиссиялари тўғрисида"ги Низом асосида фаолият кўрсатади. Комиссияга тиббий кўрик натижасида мутлақ соғлом деб топилган болалар киритилади. Ота-оналар психологик-педагогик ташхис комиссиясига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этадилар:

  • ариза;
  • яшаш жойидан маълумотнома;
  • туғилганлиги ҳақида гувоҳноманинг нусхаси;
  • боланинг тиббий кўрик хулосаси.

Мазкур комиссия хулосасига кўра, 6 ёшли болалар мактабга тавсия этилади.

Шунга мувофиқ комиссияга келган 6 ёшли болага қуйидаги талаблар қўйилади:

  • предметларни гуруҳлаштириш, умумлаштириш;
  • предметларнинг фазода, маконда жойлашишини билиш;
  • қўл моторикасининг ривожланганлиги;
  • диққат, хотира, сезги, тафаккур, идрок, хаёл каби билиш жараёнларининг ривожланганлик даражаси юқори бўлган олти ёшли болага мактабда таълим олиши учун тавсия берилади.

Киритилган вақти: 29/11/2017 08:31;   Кўрилганлиги: 200
 
Материал манзили: http://samvxtb.uz/faq/qanday-bola-6-yoshida-maktabga-boradi
Чоп этилган вақт: 18/09/2019 06:19
Матнни ўқиш учун ушбу тугмани босинг