Самарқанд вилояти
Халқ таълими бошқармаси
w w w . s a m x t b . u z

 

Самарқанд шаҳрида халқаро математика мусобақасининг II Республика босқичи ўтказилди

Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев “Ёшларимизнинг мустақил фикрлайдиган, юксак интеллектуал ва маънавий салоҳиятга эга, дунё миқёсида ўз тенгдошларига ҳеч қайси соҳада бўш келмайдиган инсонлар бўлиб камол топиши, бахтли бўлиши учун давлатимиз ва жамиятимизнинг бор куч ва имкониятларини сафарбар этамиз”, дея таъкидлаганлар. Албатта, юртимизда иқтидорли ва истеъдодли ёшларимиз сони тобора ортиб, ўқувчиларимиз илм-фан чўққиларини эгаллаётгани, дунёда Ўзбекистон номини шарафлаб, унга муносиб авлод бўлиб камолга етаётгани барчамизнинг қалбимизга фахр-ифтихор бағишлайди.

Истиқлолнинг дастлабки йилларидан бошлаб ўқувчи-ёшларнинг салоҳиятини ошириш, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, ижодий ва интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш, ўқувчиларнинг ҳуқуқий-маънавий билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтариб келинмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 майдаги “Иқтидорли ёшларни аниқлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4306 сонли қарорига кўра, ёшларни амалга оширилаётган ислоҳотларнинг фаол иштирокчисига айлантириш, илм-фанни ўзлаштиришга бўлган рағбатини ошириш, изланувчанлик ва яратувчанлик фаолиятига кенг жалб қилиш, жаҳон миқёсида Ватанимиз довруғини кенг таратган аждодларга муносиб авлодни тарбиялаш мақсадида Фан олимпиадалари бўйича иқтидорли ўқувчилар билан ишлаш департаменти ташкил этилиши белгиланган. Мазкур қарорга асосан халқаро олимпиадалар ғолиблари ва совриндорлари энг кам ойлик иш ҳақининг 200 бараваридан 500 бараваригача ва уларнинг ўқитувчилари 150 бараваридан 450 бараваригача бўлган миқдорларда бир марталик пул мукофотлари билан ҳамда фан олимпиадаларининг республика босқичи ғолиблари, уларнинг ўқитувчилари энг кам ойлик иш ҳақининг 30 бараваридан 50 бараваригача бўлган бир марталик пул мукофотлари билан тақдирланиши белгиланган. Шунингдек, Халқаро олимпиада ғолибларини тайёрлаган ўқитувчилар ва таълим муассасаси директорларига навбатдаги ўқув йили учун директор жамғармасидан тегишлича қўшимча равишда (150% дан 200% гача) устама ҳақлари тўланади. Буларнинг барчаси – мамлакатимиз келажаги бўлган ёшларнинг камолоти йўлида амалга оширилаётган эзгу ишлардир, десак муболаға бўлмайди. Халқ таълими вазирлиги ташаббуси билан 2014 йилдан буён умумтаълим мактабларининг ўқувчилари ушбу танловларда иштирок эта бошлади. Ҳар йили жиддий синовлар натижасида танлаб олинган 4 нафар иқтидорли ўқувчилар Ўзбекистон шаънини ҳимоя қилиб, дунёнинг 30 дан ортиқ мамлакатида 600 дан ортиқ иштирокчилар ичида ғолиблар шоҳсупасидан жой олмоқда. Таҳлилларга кўра, ҳозирги кунга қадар халқ таълими тизимида умумтаълим мактаблари ўқувчилари Халқаро математика мусобақалари (IMC)да 2014 йилдан бошлаб (Корея-2014, Хитой-2015, Таиланд-2016, Ҳиндистон-2017, Болгария-2018) 3 та олтин, 5 та кумуш, 4 та бронза ва жамоавий мусобақа натижаларида энг юқори ўринларни қўлга киритиб келмоқда. Жорий йилнинг 1-6 август кунлари Жанубий Африка Республикасининг Дурбан шаҳрида ўтказиладиган халкаро математика мусобақасида Ўзбекистон терма жамоасини шакллантириш учун мусобақанинг II Республика саралаш босқичи Самарқанд шаҳридаги 60-сон махсус мактаб-интернатида бўлиб ўтди. Мусобақада Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятлардан саралаб олинган жами 140 нафар иқтидорли ўқувчилар иштирок этишди. Мусобақа иштирокчиларининг ишларини адолатли ва шаффоф баҳолаш мақсадида олий таълим муассасаларининг тажрибали профессор ўқитувчилари жалб этилди. Халқаро математика мусобақасининг II Республика босқичи рўйи замин сайқали, буюк мутафаккирлар яшаб, ижод этган қадимий ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳрида ўтказилишида ҳам ўзига хос рамзий маъно бор, албатта. Ўз билими, тафаккури, улкан илмий кашфиётлари, юксак инсоний фазилатлари билан дунёга машҳур бўлган буюк ажодларимизнинг эзгу ишларини давом эттириш, уларга муносиб авлод бўлиш ҳар бир ўқувчининг шарафли бурчидир. Бугунги мусобақада ғолибликни эгаллаган ўқувчилар Ўзбекистон терма жамоаси таркибида Ватанимиз шарафини ҳимоя қилишади.

Охирги ўзгариш вақти: 20/05/2019 08:39;   Кўрилганлиги: 258
 
Материал манзили: http://samvxtb.uz/press/contests/samarqand-shahrida-xalqaro-matematika-musobaqasining-ii-respublika-bosqichi-otkazildi
Чоп этилган вақт: 21/11/2019 11:31
Матнни ўқиш учун ушбу тугмани босинг