Самарқанд вилояти
Халқ таълими бошқармаси
w w w . s a m x t b . u z

 

ЙИЛНИНГ ЭНГ ЯХШИ ФАН ЎҚИТУВЧИСИ

2017 йил 5-8 апрель кунлари вилоят халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институтида умумтаълим мактаблари ўқитувчилари ўртасида «Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси» кўрик-танловининг вилоят бос­қичи бўлиб ўтди.

Умумтаълим мактаблари ўқитувчиларининг билим ва малакасини, таълим-тарбиянинг самарадорлиги ҳамда сифатини ошириш, ўқитувчиларнинг ўз устида ишлаши, ижодий фаоллигини ошириш ва қўллаб-қувватлаш, улар орасидан илғор, ижодкор, ташаббускор, фидойи ўқитувчиларни аниқлаш, ёш авлодни баркамол шахс этиб тарбиялашга муносиб ҳисса қўшаётган, ўқув-тарбия жараёнида инновацион технологиялардан унумли фойдаланиб, самарали натижаларга эришаётган ўқитувчиларнинг иш тажрибаларини оммалаштириш мақсадида ташкил этилган ушбу танловнинг туман ва шаҳар бос­қичида 12 минг 925 нафар ўқитувчи иштирок этди. Улар орасидан тарих, миллий истиқлол ғояси, немис тили, рус тили ва адабиёти, математика, физика, кимё ҳамда информатика фанларидан билим ва малакасини, педагогик маҳоратини намо­йиш этган 115 нафар ўқитувчи танловнинг вилоят босқичида қатнашишди. Вилоят халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институтининг фан мутахассислари, олий ўқув юртларининг профессор-ўқитувчилари, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларнинг малакали ва тажрибали ўқитувчиларидан иборат ҳакамлар ҳайъати иштирокчиларнинг билим ва маҳоратларини баҳолаб боришди.

Танловнинг биринчи шартида ўқитувчилар ўз йўналишлари бўйича электрон (онлайн) тест топширишди. Унда 40 балл­дан юқори натижага эришган ўқитувчилар иккинчи – ёзма иш шартида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритдилар. Ушбу шарт қоидаларига кўра ўқитувчининг берилган савол мазмуни ва мақсадини тўлиқ очиб бериши, методик жиҳатдан тўғри талқин қилганлиги, билдирган мустақил фикрларининг асослилиги ҳамда мавзуни бугунги давр билан боғлай олишига алоҳида эътибор қаратилди ва 25 баллик кўрсаткичда баҳоланди. Танлов Низомига мувофиқ, иккала шартдан 60 балл тўплаган иштирокчи учинчи шарт­да қатнашиш ҳуқуқига эга бўлди. Мазкур шарт танловнинг асосий мазмунини ташкил этиб ўқитувчиларнинг дарс ўтиш маҳорати синовдан ўтказилди. Унда фан ўқитувчисининг нутқи, ахборот бериш саводхонлиги, методик маҳорати ва ижодкорлиги, замонавий педагогик технологиялардан унумли фойдаланиши, ўқувчиларни фанга қизиқтира олиши, дарс ва маш­ғулотларда самарадорликка эришиши эътиборга олинди.

Кўрик-танлов натижаларига кўра, информатика фанидан Жомбой туманидаги 20-умумтаълим мактабининг информатика фани ўқитувчиси Д.Ўринов 1-ўринни, Иштихон туманидаги 1-ИДУМ информатика фани ўқитувчиси А.Толибов 2-ўринни, математика фанидан Иштихон туманидаги 1-ИДУМнинг математика фани ўқитувчиси В.Файзуллаев 1-ўринни, Самарқанд туманидаги 16-умумтаълим мактабининг математика фани ўқитувчиси Ж.Холов 2-ўринни, Булун­ғур туманидаги 13-умумтаълим мактабининг математика фани ўқитувчиси М.Пармонов 3-ўринни, физика фанидан Паст Дарғом туманидаги 68-умумтаълим мактабининг физика фани ўқитувчиси Д.Бобоев 1-ўринни, Каттақўрғон туманидаги 88-умумтаълим мактабининг физика фани ўқитувчиси А.Мирзаев 2-ўринни, рус тили фанидан Самарқанд шаҳридаги 42-умумтаълим мактабининг рус тили (рус синфларда) фани ўқитувчиси Л.Фридман 1-ўринни, Иштихон туманидаги 35-умумтаълим мактабининг рус тили (рус синфларда) фани ўқитувчиси Г.Жалилова 2-ўринни, тарих фанидан Самарқанд шаҳридаги 48-умумтаълим мактабининг тарих фани ўқитувчиси У.Амонова 1-ўринни, Тайлоқ туманидаги 59-умумтаълим мактабининг тарих фани ўқитувчиси Н.Қамариддинова 2-ўринни, Катта­қўрғон туманидаги 4-умумтаълим мактабининг тарих фани ўқитувчиси И.Ҳакимов 3-ўринни, миллий истиқлол ғояси фанидан Самар­қанд шаҳридаги 1-ИДУМ ўқитувчиси Д.Ўринова 1-ўринни, Жомбой туманидаги 40-ИДУМ ўқитувчиси Р.Ҳамроев 2-ўринни эгаллашди.

Хуллас, танлов Низом талаблари асосида ўтказилиб энг юқори балл тўплаган ўқитувчилар танловнинг республика бос­қичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритдилар.


Киритилган вақти: 09/04/2017 14:53;   Кўрилганлиги: 98
 
Материал манзили: http://samvxtb.uz/press/contests/yilning-eng-yaxshi-fan-oqituvchisi
Чоп этилган вақт: 15/07/2019 21:30
Матнни ўқиш учун ушбу тугмани босинг