Самарқанд вилояти
Халқ таълими бошқармаси
w w w . s a m x t b . u z

 

ИҚТИДОРЛИ ЁШЛАРГА СЕРТИФИКАТЛАР ТАҚДИМ ЭТИЛДИ

2017 йилнинг 23 июнь куни вилоят “Баркамол авлод” болалар марказида умумтаълим фанлари олимпиадаси ғолиблари, уларнинг ота-оналари ва ўқитувчилар иштирок этган тадбирда фан олимпиадасининг вилоят босқичида 1-5 ўринларни эгаллаб, ғолибликни қўлга киритган 86 нафар ўқувчиларга Олий ва ўрта махсус таълим ҳамда Халқ таълими вазирликларининг сертификатлари тантанали равишда топширилди.

Тадбирда вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари Қўлдош Саидов, методика бўлими бошлиғи Дилрабо Сайдуллаева юртимизда таълимга, ёшларга қаратилаётган улкан эътибор туфайли иқтидорли ўқувчиларимиз сафи тобора ошиб бораётганлиги, умумтаълим мактаблари ўқувчилари халқаро фан олимпиадалари ва турли кўрик-танловларда фаол иштирок этиб, мустақил Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилаётганлигини фахр билан эътироф этиб, уларнинг келгусидаги ўқишларига янада улкан зафарлар тиладилар.

Дарҳақиқат, Ўзбекистон – улкан имкониятлар мамлакатидир. Бугун ёшларимиз, фан, таълим, маданият, санъат, спорт каби ўнлаб соҳаларда юксак муваффақиятларга эришиб, юртимиз довруғини оламга ёймоқдалар.

-Инсон улуғ мақсадни кўзлаб, унга астойдил интилса, китоб ўқишга қизиқса, албатта ниятига эришади, – дейди Иштихон туманидаги                      1-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабининг 9-синф ўқувчиси Дилдора Ўроқова. – Мен 5-синфда ўқиётган вақтимданоқ турли кўрик-танловларга қатнашиб, юқори натижаларга эришмоқдаман. Яқинда бўлиб ўтган умумтаълим фанлари олимпиадасининг вилоят босқичида фахрли ўринни эгалладим. Жорий ўқув йилида Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлдим. Муҳтарам Президентимиз биз ёшларга катта ишонч билдирмоқдалар. Биз бу ишончни албатта оқлаймиз.

Сўзга чиққан ота-оналар, ўқитувчи ва ўқувчилар ташкилотчиларга ўз миннатдорчиликларини билдиришди.

Тадбирда вилоят “Баркамол авлод” болалар марказининг истеъдодли ўқувчилари томонидан тайёрланган Она Ватан, беғубор болалик, тинчлик ва дўстликни тараннум этувчи қўшиқлар янгради.


Киритилган вақти: 24/06/2017 15:56;   Кўрилганлиги: 200
 
Материал манзили: http://samvxtb.uz/press/events/iqtidorli-yoshlarga-sertifikatlar-taqdim-etildi
Чоп этилган вақт: 16/10/2019 07:53
Матнни ўқиш учун ушбу тугмани босинг