Самарқанд вилояти
Халқ таълими бошқармаси
w w w . s a m x t b . u z

 

Муаллималарга эҳтиром

Баҳор байрамлар билан бошланади. Баҳорнинг илк байрами эса 8 март – Халқаро хотин-қизлар кунидир. 2017 йил 7 март куни Самарқанд шаҳридаги “Сангизар” базмгоҳида вилоятимиз халқ таълими тизимида самарали фаолият юритаётган бир гуруҳ муаллималар ҳамда нафақадаги фахрий устозлар учун байрам тадбири ташкил этилди. Тадбирни вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Азамат Умаров кириш сўзи билан очиб, йиғилганларни баҳор ва гўзаллик байрами билан самимий табриклади.

Таъкидланганидек, барчамиз учун азиз ва мўътабар бўлган аёл зоти ҳақида сўз юритар эканмиз, авваламбор, бизни дунёга келтирган, оқ сут бериб вояга етказган она сиймоси олдида ҳамиша таъзимдамиз. Айниқса, азиз аёлларнинг соғлом зурриёт, баркамол авлодни тарбиялаб вояга етказишдаги ўрни ва хизматини ҳеч нарса билан қиёслаб, баҳолаб бўлмайди. Аёлларнинг меҳр-муҳаббати, вафо ва садоқати, фидоийлиги сабабли ҳаётимиз чароғон. Шоирлар бежизга аёлларни баҳорга қиёсламаган. Чунки аёллар гўзаллик ва нафосат тимсолидир. Биринчи Президентимизнинг 2004 йил 25 майда қабул қилинган «Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони ушбу тузилма ишини такомиллаштириш, аёлларнинг ҳаётдаги ролини ошириш, маҳаллалардаги маънавий муҳитни мустаҳкамлаш, соғлом оилаларни шакллантиришда муҳим омил бўлди.

Ўзбекистон Республикасининг Президенти муҳтарам Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг 2017 йил 14 февралдаги Ф-4849-сонли “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармойишида хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, давлат ва жамият бошқарувидаги ўрнини кучайтириш, хотин-қизлар, касб-ҳунар коллежлари битирувчи қизларининг бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш, оила асосларини янада мустаҳкамлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар белгиланган. “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурида ҳам хотин-қизлар масаласига алоҳида эътибор қаратилган.

Бугунги кунда Самарқанд вилояти халқ таълими тизимида меҳнат қилиб келаётган 52237 нафар педагог ходимларнинг 36114 нафари яъни 69 фоизи аёл педагог ходимлар бўлиб, уларнинг 975 нафари раҳбар лавозимида ишлаб келмоқда. Мустақиллик йилларида вилоят халқ таълими соҳасида фаолият олиб бораётган муаллималарнинг 180 нафариБиринчи Президентимиз томонидан давлатимизнинг юксак орден ва медалларига сазовор бўлишган. Жумладан, 25 нафар педагоглар “Дўстлик” ордени, 7 нафар 1-даражали “Соғлом авлод учун” ордени, 11 нафар 2-даражали “Соғлом авлод учун” ордени, 10 нафар “Меҳнат шуҳрати” ордени, 2 нафар “Эл юрт ҳурмати” ордени, 2 нафар “Фидокорона меҳнатлари учун” ордени, 74 нафар “Шуҳрат” медали, 11 нафар “Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси”, 15 нафар “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси”, 1 нафар “ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози”, 18 нафар “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган халқ таълими ходими”, 4 нафар педагоглар эса Ўзбекистон Республикаси Президентининг фахрий ёрлиғи билан тақдирланган.

Ҳурматли аёлларимизнинг кўпчилиги бугунги кунда юртимизнинг ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, маданий соҳаларини ривожлантириш мақсадида турли масъулиятли вазифаларда самарали фаолият юритаётгани барчамизни қувонтиради. Жумладан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларда депутатларнинг 30 фоизиХотин-қизлар бўлса, бугунги кунда вилоятимиздан 3 нафар аёлларимиз Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси аъзолари саналади. Улардан бири Каттақўрғон туманидаги 20-умумтаълим мактаби директори, сенатор Зайнаб Бердиевадир. Бундан ташқари халқ тепутатлари вилоят, шаҳар ва туман Кенгашларида 149 нафар опа-сингилларимиз фаол иш олиб бормоқдалар. Ўқувчи қизларимиз эришаётган ютуқлар ҳам салмоқли бўлмоқда. 8 март байрами арафасида Иштихон туманидаги 1-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабининг 9-синф ўқувчиси Ўроқова Дилдора Акмалжон қизининг таълим йўналиши бўйича “Зулфия” номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлиши барчамизни чексиз қувонтирди. Ўз иқтидори ва интилувчанлиги билан тенгдошларига ибрат кўрсатган қизларимиз билан ҳар қанча фахрлансак арзийди.

Сўзга чиққанлар юртимизда таълимга, ёшларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликлар учун ўз минатдорчиликларини билдиришди. Байрам тадбирида вилоятимизнинг таниқли хонандалари томонидан Она Ватанимизни, тинчликни, баҳорни, аёлни улуғловчи қўшиқлар ижро этилди.


Киритилган вақти: 01/03/2017 08:39;   Кўрилганлиги: 211
 
Материал манзили: http://samvxtb.uz/press/events/muallimalarga-ehtirom
Чоп этилган вақт: 16/10/2019 07:55
Матнни ўқиш учун ушбу тугмани босинг