Самарқанд вилояти
Халқ таълими бошқармаси
w w w . s a m x t b . u z

 

Мустақиллик меъмори

2017 йил 31 январь куни Самарқанд шаҳридаги 21-умумтаълим мактабида республикамизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, буюк давлат ва сиёсат арбоби, мустақиллик меъмори Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг порлоқ хотирасига бағишланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Вилоят ва шаҳар прокуратураси, “Камолот” Ёшлар ижтимоий ҳаракати Самарқанд шаҳар бўлими, ЎзЛиДеп, Самарқанд шаҳар халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими вакиллари, маҳалла фаоллари, шаҳримиздаги умумтаълим мактабларининг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарлари, ўқитувчилар, ўқувчилар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этган тадбир аввалида Биринчи Президентимиз И.А. Каримовнинг порлоқ хотираси ёдга олинди, ҳаёти ва фаолиятига оид видеолавҳа намойиш этилди. Тадбирга ташриф этган филология фанлари доктори,  Самарқанд давлат университети профессори Дилором Салоҳий “Ислом Каримов асарларининг бугунги кундаги маърифий қиймати ва аҳамияти” мавзусида, вилоят халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти ўқитувчиси Шаҳриёр Холбоев “Таълим тизимидаги ислоҳотлар ва уларнинг самарадорлигини ошириш омиллари” мавзусида маърузалар қилишди. Шунингдек, мактаб директорининг маънавий-маърифий ҳамда ўқув-тарбиявий ишлар бўйича ўринбосарлари мактаб тарихи, унда фаолият юритган мактаб директорлари, ўқитувчилар, мактабни муваффақиятли битириб, турли соҳаларда фидойилик кўрсатган собиқ ўқувчилар ҳақида кўргазмали чиқишлар қилишди, слайдлар  намойиш этилди.

– Бизга Биринчи Президентимиз Ислом Каримовдан озод ва обод Ватан, оддийлик, камтарлик, фидойилик, она Ватанимизга чексиз меҳр-муҳаббат туйғуси мерос бўлиб қолди, – дейди мактаб директори Сайёра Меликова. – Биз, педагоглар азиз Юртбошимизнинг мамлакатимиз мустақиллиги йўлида кўрсатган жасорати, фидойилиги ва ўлмас ғоялари ҳақида ўқувчи-ёшларга такрор ва такрор, батафсил тушунчалар бериб, уларни Биринчи Президентимиз орзу қилгандек чуқур билимли, юксак маънавиятли, бутун дунёни лол қолдирадиган  авлод бўлиб камол топиши йўлида бор куч-ғайратимизни аямаймиз. Бу азиз Ватан бундан-да тараққий этиши, унинг равнақи йўлида бутун халқимиз янада жипслашиши, шубҳасиз. Халқимизнинг ардоқли фарзанди хотираси авлодлар қалбида мангу яшайди

Мактаб ўқувчилари томонидан ўқилган шеърларда, куйланган қўшиқларда она Ватан, тинчлик ва дўстлик тараннум этилди.

Тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Нигора Раббимова иштирок этди.


Охирги ўзгариш вақти: 24/11/2017 08:09;   Кўрилганлиги: 144
 
Материал манзили: http://samvxtb.uz/press/events/mustaqillik-memori
Чоп этилган вақт: 19/08/2019 07:01
Матнни ўқиш учун ушбу тугмани босинг