Самарқанд вилояти
Халқ таълими бошқармаси
w w w . s a m x t b . u z

 

НАВОИЙ ВОРИСЛАРИ

Жорий йил 23 ноябрь куни Самарқанд шаҳридаги 22-сон Болалар мусиқа ва санъат мактабида Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий Кенгаши “Ёшлар қаноти” ташаббуси билан “Навоий ворислари” Республика кўрик-танловининг Самарқанд вилоят босқичи ўтказилди.

Тадбирда ЎзМТДП Самарқанд вилоят Кенгаши раҳбарияти, вилоят халқ таълими бошқармаси, Самарқанд шаҳар 22-сон Болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқитувчи ва ўқувчилари, ЎзМТДП Самарқанд вилоят Кенгаши “Ёшлар қаноти” фаоллари ҳамда иқтидорли ўқувчи-ёшлар иштирок этишди. Халқимиз ўзининг ақл-заковати ва юксак салоҳияти билан дунё цивилизациясига муносиб ҳисса қўшган улуғ фарзандлари билан ҳақли равишда фахрланади, ғурурланади. Бироқ бунинг ўзи етарли эмас. Чунки биз улар билан нафақат ғурурланишимиз балки уларга муносиб давомчи, ворис бўлмоғимиз керак. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий Кенгаши ташаббуси билан ёшлар ўртасида Алишер Навоий ижодини чуқур ўрганиш, китоб мутоаласи ва китобхонлик маданиятини юксалтириш, устоз-шогирд анъанасини ривожлантириш мақсадида ўтказиб келинаётган “Навоий ворислари” Республика кўрик танлови даҳо шоиримизнинг муносиб ворисларини излаб топиш ҳамда уларни рағбатлантиришга хизмат қилаётгани билан беқиёс аҳамият касб этмоқда. Юксак савияда ташкил этилган мазкур танловнинг Самарқанд вилоят босқичида таниқли адабиёт ихлосмандлари, Навоий ижодини зўр қизиқиш билан ўрганаётган китобхон ёшлар ва танловнинг туман, шаҳар босқичларида ғолибликни қўлга киритган 16 нафар иштирокчи ўқувчилар ўзаро беллашдилар. Танловнинг очилиш маросимида сўз олганлар Алишер Навоийнинг ҳаёти ва фаолияти, бебаҳо асарлари, бой маънавий меросининг бугунги кундаги аҳамиятига тўхталиб ўтдилар. Навоий ижодида илгари сурилган эзгу-ғоялар, асарларини ўрганиш ва тарғиб этиш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида фикр-мулоҳазаларини билдиришди. Шундан сўнг танлов иштирокчилари 4 та шарт бўйича баҳсларга киришиб, билим ва иқтидорларини синовдан ўтказдилар. Энг кўп ғазал ёд олиш, ғазални бехато ва ифодали ўқиш, ғазал матнининг насрий баёни (ёзма шарҳи)ни ярата олиш, ғазал матнидаги тушуниш қийин бўлган сўзларни изоҳлаб бера олиш каби шартлар бўйича беллашган ўқувчи-ёшларнинг чиқишларини навоийшунос олимлардан иборат ҳакамлар ҳайъати аъзолари холисона ва адолатли баҳолаб боришди. Танлов якунларига кўра, барча шартларни аъло даражада бажарган Нуробод туманидаги 1-умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси Дурдона Исарова 1-ўринга, Пайариқ туманидаги 79-умумтаълим мактаби 9-синф ўқувчиси Севинч Саъдуллаева 2-ўринга, Самарқанд шаҳридаги 39-умумтаълим мактаби 10-синф ўқувчиси Меҳрангиз Абруева ҳамда Иштихон туманидаги 1-ИДУМ 9-синф ўқувчиси Зулфина Рашидова 3-ўринга лойиқ топилди. Танловда Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси Спикери ўринбосари, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий Кенгаши раиси Сарвар Отамуратов қатнашчиларни танловдаги фаол иштироки билан қизғин табриклаб, уларнинг устозларига ўз миннатдорлигини билдирди. Партия раҳбари ғолиб ва совриндорларга диплом, фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғаларини тантанали равишда топширди.

Охирги ўзгариш вақти: 30/11/2018 09:54;   Кўрилганлиги: 225
 
Материал манзили: http://samvxtb.uz/press/events/navoiy-vorislari
Чоп этилган вақт: 17/09/2019 14:16
Матнни ўқиш учун ушбу тугмани босинг