Самарқанд вилояти
Халқ таълими бошқармаси
w w w . s a m x t b . u z

 

“ВАТАНИМ МАДҲИЯСИ — ФАХРИМ, ҒУРУРИМ”

Она Ватанимиз рамзларининг барчаси муқаддас, уларни юксак қадрлаймиз. Аммо улар орасида шу азиз тупроқ, гўзал Ўзбекистон, жонажон ўлкамизга бўлган меҳр-муҳаббатимизни янада оширувчи рамзлардан бири, шубҳасиз, Ўзбекистон Республикасининг мадҳиясидир.

Мана, 27 йилдирки, буюк шоир, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов, бастакор Мутал Бурҳоновнинг ижод маҳсули бўлган мадҳиямиз аллақачон қалблардан чуқур жой эгаллаб, халқимизнинг эъзоз ва эҳтиромига сазовор бўлиб келмоқда. У эрта тонгдан телевидение ёки радио орқали қулоғимизга чалинаркан вужудимиз ғуборлардан покланиб, томиримизда оқаётган қон янада жўшгандек бўлади. Жаннатмонанд юртимизнинг гўзал жамоли, бебаҳо неъматларга бой муқаддас заминимиз, аждодлардан мерос моддий ва маънавий бойликлар, заҳматкаш, фидойи, бир-бирига аҳил бўлган кўпмиллатли халқимиз кўз ўнгимиздан ўтаверади. Шижоатимиз ортади, қалбимизда юртимизга бўлган садоқат жўш уради. Шу буюк давлат равнақи, порлоқ келажаги учун ўз ҳиссамизни қўшиш учун илдам ҳаракат қиламиз...
Ҳа, бу биргина мадҳиямизнинг кўзга кўринмас “кучи”, ёшию жинси, ирқи, миллати ва динидан қатъи назар, барчамизга ғурур ва ифтихор бағишловчи сеҳридир.
10 декабрь. Самарқанднинг бош майдони — Кўксарой майдонида давлат идоралари, корхона-ташкилотлар вакиллари, мактабгача таълим, умумтаълим муассасалари, олий ўқув юртларининг талаба ва ўқувчи-ёшлари, зиёлилар жам бўлди. Дилларни титратгувчи Ўзбекистон Республикаси мадҳисининг мусиқа садоси янгради. Серқуёш ҳур ўлкам... Юракда ҳаяжон, жўшқин овоз билан барча бирдек жўр бўлди. Тадбирда сўзга чиққанлар унинг яратилиш тарихи, халқимизни ягона мақсад, эзгу ташаббуслар остида бирлаштирувчи мўжиза эканлигини эътироф этишди.
Сана билан боғлиқ тадбирлар таълим муассасаларига кўчди. Умумий ўрта таълим мактабларидаги дарс машғулотлари мадҳияни куйлаш билан бошланди. “Ватаним мадҳияси — фахрим, ғурурим” шиори остида маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилди. Ўқувчилар давлат рамзлари, хусусан, мадҳияни мадҳ этувчи шеърлар айтишди. Турли бадиий чиқишлар, рақслар ижро этилди.
Самарқанд вилояти халқ таълими
бошқармаси ахборот хизмати.


Охирги ўзгариш вақти: 12/12/2019 06:58;   Кўрилганлиги: 175
 
Материал манзили: http://samvxtb.uz/press/events/vatanim-madhiyasi-faxrim-gururim
Чоп этилган вақт: 04/04/2020 18:14
Матнни ўқиш учун ушбу тугмани босинг