Самарқанд вилояти
Халқ таълими бошқармаси
w w w . s a m x t b . u z

 

Хайр мактаб – салом коллеж!

Ҳар бир юртнинг бугуни ва келажаги том маънода, мамлакат таълим тизимининг қай даражада  ривож топгани билан  белгиланади. Зеро, Ватан тараққиёти, миллат истиқболи шу заминда вояга етаётган ўғил-қизлар камоли билан чамбарчас боғлиқ. Аслида, юртимизда таълим тизими ислоҳотига устувор вазифа сифатида қаралишининг замирида ҳам айни фарзандларимизнинг келажак тақдирини ўйлаш орқали Ватанимизнинг эртанги тараққиётини кўриш ғояси мужассамдир.

2017 йил 25 май куни эрталаб соат 10:00 дан 10:35 га қадар ўқувчи-ёшларга мустақил ҳаётга йўлланма бериш ҳамда ўқув йилининг якунига бағишланган “Хайр мактаб – салом коллеж!” тадбирлари республикамиздаги барча умумий ўрта таълим мактабларида бўлгани каби вилоятимизда ҳам тантанали равишда ташкил этилди. Ўқув йили давомида ўтказилган қатор тадбирлар ичида мазкур тадбир нафақат ўқувчилар балки ўқитувчилар, ота-оналар учун ҳам эсда қоларли, ҳаяжонли дамлар ҳисобланади.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев ўз маърузаларида “Ёш авлодни салоҳиятли кадрлар этиб тарбиялашдаги биринчи босқич – мактаб таълимини тубдан такомиллаштириш, илмий кадрлар ва малакали мутахассислар тайёрлаш жараёнининг узлуксизлигини таъминлаш зарур. Бу йўлда ҳеч нарсани аямаймиз”, дея таъкидлаганлар. Зеро, бу сўзларнинг замирида ёш авлод ва уларнинг бахтли келажаги ётади. Ўқувчи-ёшлар зиммасига ҳам ўз ўрнида мустақил ҳаётда ўз ўрнини топиш, юртимиз келажаги учун ўз ҳиссасини қўшиш каби масъулият юкланади.

Тадбирларга “Камолот” ЁИҲ, “Камалак” ташкилоти, ота-оналар қўмитаси, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари  вакиллари, туман (шаҳар) халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими, маҳаллий ҳокимликлар вакиллари ҳамда маҳалла фаоллари, мактабни тугатиб кетган собиқ ўқувчилар, мактаб ҳомийлари таклиф этилди.

Мактаб педагог ходимлари, синф раҳбарлари ўз нутқларида 9-синф битирувчилари, айниқса, битирувчи қизларнинг таълимнинг кейинги босқичига қамраб олинишига ҳукуматимиз томонидан алоҳида эътибор қаратилаётгани, бунёдкорлик ишлари, улар ўзи танлаган касб-ҳунарлар бўйича академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида чуқур билим олиб, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимида жонажон мактаби шаънини кўтариш ва устозлари ўгитини ҳаётга татбиқ этиш каби эзгу ниятларни амалга ошириши лозимлиги таъкидланди.

Ўқувчиларга давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ишлаб чиқилган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишидан бири – мамлакатимизда ижтисодий соҳани ривожлантиришга қаратилганлиги, мазкур йўналиш таълим ва фан соҳасини ривожлантириш, ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш каби муҳим вазифаларни ўз ичига олганлиги, узлуксиз таълим тизимини янада такомиллаштириш, сифатли таълим хизматлари имкониятларини ошириш, меҳнат бозорига замонавий эҳтиёжга мос юқори малакали кадрларни тайёрлаш каби кенг қамровли чора-тадбирларни амалга оширишни кўзда тутилганлиги тўғрисида маълумот берилди. Юртимизда ҳукм сураётган тинчлик, ўзаро ҳурмат, меҳр оқибат ва аҳилликни янада мустаҳкамлаш, ёшларимизнинг онги ва қалбини бизга мутлақо ёт бўлган зарарли оқим ва таъсирлардан, “оммавий маданият” ҳуружларидан сақлаш, оилаларда, маҳаллаларда олиб бораётган тарбиявий ишларимизни янги босқичга кўтаришни бугун тобора кескинлашиб, мураккаблашиб бораётган ҳаётнинг ўзи барчамиздан талаб этаётганлиги ҳақида таъкидлаб ўтилди. Синф раҳбарлари битирувчиларни таълимнинг кейинги босқичида ҳам доимо қўллаб-қувватлаши, касб-ҳунар таълими муассасалари педагог ходимлари билан ҳамкорликда иш олиб боришга тайёр эканликларини билдиришди.

2016-2017 ўқув йилида вилоятимиздаги 1218 та умумтаълим мактабларини 55321 нафар 9-синф ўқувчилари битиришмоқда. Шундан, академик лицейларда ўқиш истагини билдирган ўқувчилар 3888 нафарни, касб-ҳунар коллежларида ўқишни давом эттириш истагида бўлган ўқувчилар эса 51 минг 433 нафарни ташкил этди. Аъло ўқиши, намунали хулқи, жамоат ишларидаги фаол иштироки билан тенгдошларига намуна бўлган ўқувчиларга фахрий ёрлиқ ва бадиий китоблар жамланмасидан иборат эсдалик совғалари топширилди.


Киритилган вақти: 26/05/2017 15:50;   Кўрилганлиги: 156
 
Материал манзили: http://samvxtb.uz/press/events/xayr-maktab-salom-kollej
Чоп этилган вақт: 19/08/2019 07:02
Матнни ўқиш учун ушбу тугмани босинг