Хабарлар

1-синфга қабул: Бу йилги янгиликлар нималардан иборат?

09-08-2019 16:56   23

Фарзандини, неварасини биринчи синфга бермоқчи бўлганлар аллақачон ҳаракатини бошлаб юборган. Ижтимоий тармоқларда бу масалада баҳсли фикр-мулоҳазалар ҳам тарқалди. Айниқса, ўз микроҳудудидан ташқари бўлган мактабга фарзандини жойлаштирмоқчи бўлганлар ёки жойлаштириш қийин бўлган, аҳоли орасида обрўли саналган мактабларга биринчи синфга қабул ҳақида турли гап-сўзлар "болалай" бошлади. Хўш бу йилги тартиб қандай бўлади? Биринчи синфга қабулда умумтаълим мактабларида қандай ўзгаришлар бор? Шу каби саволлар билан вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Зафар КАРИМОВга мурожаат қилдик.

- 2019-2020 ўқув йилида вилоят халқ таълими тизими тасарруфидаги умумтаълим мактабларига барча туман, шаҳарлар бўйича 79 минг 30 нафар мактаб ёшидаги болалар 1-синфга келиши кутилмоқда, - дейди З.Каримов. - Шундан, 73 минг 824 нафари 7 ёшдаги ва 5206 нафари 6 ёшдан ошган 7 ёшга тўлмаган болалардир.

Шунингдек, бевосита халқ таълими вазирлиги тасарруфидаги таълим муассасаларига жами 242 нафар, соғлиқни сақлаш вазирлиги тасарруфидаги вилоят махсуслашган сиҳатгоҳига 20 нафар, вилоят силга қарши курашиш диспансери қошидаги йўлдош мактабга 10 нафар, вилоят ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернатига 25 нафар, нодавлат (хусусий) таълим муассасаларига жами 391 нафар 7 ёшдаги болалар ўқишга қабул қилиниши кутилмоқда. Улар билан биргаликда бу рақам вилоят бўйича 79 минг 718 нафарни ташкил этади.

- Умумтаълим мактаблари қанча ўқувчиларни қабул қилишга тайёр? Мактаблардаги шарт-шароит, кадрлар етарлими?

- Бугунги кунда Самарқанд вилоятида 1214 та умумтаълим мактаби, 9 та махсус мактаб-интернат фаолият кўрсатмоқда. Янги 2019-2020 ўқув йилида вилоятимизда фаолият кўрсатаётган барча таълим муассасаларига 1-синфга (прогноз бўйича) 79 минг 718 нафар ўқувчиларни қабул қилиш режалаштирилган.

2018-2019 ўқув йилида жами педагоглар сони 49 минг 790 нафарни (шундан аёллар 31 минг 389 нафар 63 фоиз) ташкил этди. Уларнинг 81,7 фоизи олий маълумотли, 0,9 фоизи (437 нафари) тугалланмаган олий маълумотли, 17,4 фоизини ўрта махсус маълумотли мутахассислар ҳисобланади.

Таълим муассасаларини олий маълумотли педагог кадрлар билан таъминлаш мақсадида Самарқанд давлат университети, Самарқанд давлат чет тиллар институти, Ўзбекистон Миллий университети, Жиззах давлат педагогика институти, Навоий давлат педагогика институти, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Тошкент давлат педагогика университети билан ҳамкорлик дастури тузилган бўлиб, битирувчиларнинг иш билан таъминланиши йўлга қўйилган.

2018-2019 ўқув йилида касб-ҳунар коллежларида иш ўринлари қисқартирилиши муносабати билан мазкур ўқув йилида 945 нафар олий маълумотли касб-ҳунар таълими тизими ўқитувчилари умумтаълим мактабларига ишга қабул қилинди. Умумтаълим мактабларига инновацион ғояли ёш мутахассисларни, айниқса, эркак ўқитувчиларни кенг жалб қилиш мақсадида Самарқанд давлат университети, Самарқанд давлат чет тиллар институти билан ҳамкорликда битирувчи курс талабаларининг узоқ муддатли педагогик амалиёти йўлга қўйилган.

Улар билан амалиёт даврини ўташи баробарида узоқ ҳудудлардаги кадрларга бўлган эҳтиёжни қоплаш мақсадида меҳнат шартномалари тузилган.

 Вилоятдаги умумтаълим мактаблари кесимида мониторинг ўтказилиб, педагогик йўналишдаги олий ўқув юртларида таҳсил олаётган 5253 нафар талабалар рўйхати шакл¬лантирилган. Янги ўқув йилида 1989 нафар фан ўқитувчиларига эҳтиёж мавжуд бўлиб, бу эҳтиёж ёш мутахассислар ва коллежлардан дарси қисқараётган ўқитувчиларни ишга қабул қилиш ҳисобига қопланади.

- Мактабларнинг 11 йиллик тизимга ўтилгани жой масаласида муаммоларни келтириб чиқармоқда. Бу масалада қандай янгиликлар бор? Янги бинолар ажратилиши ёки қўшимча бинолар қурилиши кўзда тутилганми?

Бу масала жорий йилда тўлиқ ўрганиб чиқилиб, аниқ чоралар белгиланди. Умумтаълим мактабларида ўқувчиларнинг ўсиш динамикаси, қувватга нисбатан ўсиш коэффициентини ҳисобга олиб, 2019-2020 ўқув йилида ўқувчи контингенти ошиб кетган 98 та таълим муассасасининг бўш турган ва тўлиқ қувват билан ишламаётган 67 та ижтимоий соҳа объектларига жойлаштириш режалаштирилган. Самарқанд вилоятидаги касб-ҳунар коллежларининг бино ва иншоотларидан истиқболда мақсадли фойдаланиш бўйича вилоят ишчи гуруҳининг хулосасига кўра, умумтаълим мактабларини 98 та касб-ҳунар коллежларига жойлаштириш режалаштирилган.

Шунингдек, бу йил инвестиция дастури ва Президентимизнинг 2018 йил 19 декабр¬даги қарори ижросини таъминлаш мақсадида вилоятда 1 та янги мактаб қурилиши, 34 та мактабни реконструкция қилиш, 14 тасини капитал таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

"Обод қишлоқ" ва "Обод маҳалла" дастурлари асосида 30 та таълим муассасаларида (1 та янги қурилиш, 11 та реконструкция ва 18 та мукаммал таъмирлаш) қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда.

Вилоятда янгидан қуриладиган, реконс¬т¬рукция қилинадиган ва мукаммал таъмирланадиган умумтаълим мактабларининг 2020-2022 йилларга мўлжалланган дастлабки манзилли дастурига вилоят бўйича жами 113 та таълим муассасасини реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш учун таклифлар киритилди.

Бундан ташқари, халқ таълимига йўналти¬рилиши кутилаётган чет эл гранти учун жами 248 та (15 та янги қурилиш, 121 та реконструкция, 112 та мукаммал таъмирлаш) умумтаълим муассасаларида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб бориш таклифи берилган.

- Бу йил 1-синфга қабулда қандай ўзгаришлар бор? Олти ёшлилар қабул қилиниши кўзда тутилганми?

- 2019-2020 ўқув йилида таълим муассасаларига 1-синф ўқувчиларини қабул қилиш жараёни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 15 мартдаги "Умумий ўрта таълим тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида"ги 140-сонли қарори талаблари асосида амалга оширилади. Унга кўра, умумтаълим муассасаларининг 1-синфига 6-7 ёшли болалар тиббий хулосага мувофиқ қабул қилинади, яъни тегишли йилнинг 31 августига қадар 6,5 ёшга тўлмаган, 1-синфда ўқиш истагини билдирган болаларнинг ота-оналари билан умумтаълим муассасасининг педагог ходимлари ва психологи томонидан болани мактабда ўқишга жисмонан ва руҳан тайёрлаш бўйича тушунтириш ишлари олиб бориш белгиланган. Бу масалада изоҳ бериб ўтишни истардим. 6 ёшли деганда кўпчилик олти ёшга тўлган бола мактабга бориши мумкин деб ҳисоблайди. Лекин ундай эмас. Гап мактабга борадиган йили, аммо сентябрь ойидан сўнг етти ёшга тўладиган болалар ҳақида кетмоқда. Қолаверса, Ота-оналар фарзандлари ҳужжатларини умумтаълим мактабларга топширишлари керак бўлади.

- Бугун кўпчилик ўз микроҳудудидан ташқари мактабларга фарзандимизни бермоқчи бўлсак, нима қилишимиз керак, деб мурожаат қилмоқда. Улар қандай йўл тутиши керак?

- Ушбу масалада анча олдинроқ умумтаълим мактаблари раҳбарлари билан гаплашиб олганмиз. Навбатлилик коэффициенти юқори бўлган мактабларда фақат микроҳудуд бўйича ўқувчилар қабулини ташкил этиш учун туман (шаҳар) ҳокимининг қарори қабул қилинган. Айни пайтда уларнинг сони 86 тани ташкил этмоқда.

Туман (шаҳар) ҳокимининг қарори билан навбатлилик коэффициенти юқори бўлган мактабларнинг бир нечта синфлари яқин ҳудуддаги касб-ҳунар коллежларига кўчириладиган мактаблар 64 та.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 140-сонли қарорига асосан 2019-2020 ўқув йилида микроҳудуддан ташқари манзиллардан ўқувчилар қабул қилинмайди. Сабаби ҳар бир туман, шаҳар ҳокимлари қарори билан микроҳудудлар белгилаб берилган. Микроҳудудга қайси маҳалла, кўча киритилгани аниқ белгиланган.

- Самарқанд шаҳрида бир нечта ихтисослашган умумтаълим давлат мактаблари фаолият кўрсатади. Уларга қабулнинг шаффофлигини таъминлаш бўйича қандай ишлар олиб борилаётир?

- Ушбу умумтаълим мактаблари ихтисослашган мактаб сифатида қабулни 5-синфдан бошлаши ҳақида қарор лойиҳаси бор. Амалдаги тартиб бўйича улар имтиҳон асосида 2-синфдан қабул қилиши белгиланган. Аммо умумтаълим мактаби сифатида ўз микроҳудудидан 1-синф учун ҳам бола қабул қилинади. Нечта бола қабул қилиши ўша мактабнинг қувватига қараб амалга оширилади. Фақат Самарқанд шаҳридаги 1-ихтисослашган умумтаълим давлат мактабигина микроҳудуддан бола олиши белгиланмаган, ушбу мактаб фақат синов асосида иқтидорли болаларни қабул қилади. Сабаби, ушбу ҳудудда аҳолини қамраб оладиган таълим муассасалари мавжуд.

- Кейинги пайтларда ижтимоий тармоқларда мактаб формаси ҳақида қатор фикр-мулоҳазалар ота-оналарнинг эътиборини тортди. Мактаб формаси мажбурийми, бу масалада жорий ўқув йилидан қандай ўзгаришлар бўлиши кутилмоқда?

- Амалдаги тартиб бўйича ўқувчиларнинг мактаб формасида келишлари ихтиёрий, 2024-2025 ўқув йилидан бошлаб мажбурий ҳисобланади.

Шунингдек, 2024-2025 ўқув йилигача умумтаълим мактабларида Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 августдаги 666-сон қарори 1-иловасида берилган шакллардан ташқари бошқа фасондаги мактаб формаларини жорий этиш ёки марказлашган ҳолда харид қилинишига йўл қўймаслик ҳамда ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахсларга "Ўзтўқимачиликсаноат" уюшмасига аъзо бўлган корхоналар томонидан белгиланган талабларга мувофиқ тикилиб эркин савдога чиқарилган мактаб формаларини харид қилиш юзасидан тушунтириш ишларини олиб бориш вазифалари юклатилган.


“Қувноқ стартлар” мусобақасининг республика босқичи ғолиблари тақдирланди

08-08-2019 08:14   16

Халқ таълими вазирлиги томонидан юртимизда жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш, аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари ўртасида ташкил этилган “Қувноқ стартлар” спорт мусобақасининг республика (финал) босқичи Фарғона вилояти Қува туманидаги чет тилларга ихтисослаштирилган мактаб-интернатида ўтказилди.

Мазкур спорт мусобақасининг Республика финал босқичида ҳудудий саралаш босқичда ғолибликни қўлга киритган 8 та жамоа қуръа ташлаш натижасига кўра икки гуруҳга бўлиниб ўзаро беллашдилар. Гуруҳда 1-2 ўринларни эгаллаган Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах, Самарқанд, Фарғона вилоятлари жамоалари ярим финалда куч синашди. Мусобақанинг финалида ярим финал босқичида ғолиб бўлган Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Фарғона вилояти жамоалари беллашдилар.


Робототехникларимиз 24 мамлакат ўртасида олий ўринга сазовор бўлди

07-08-2019 16:53   16

Жорий йил 2-3 август кунлари республикамиздаги “Баркамол авлод” болалар марказлари тўгарак аъзолари ва яқинда бўлиб ўтган “Youth Techno Art-2019” болаларнинг техник ижодкорлиги халқаро фестиваль-танлови ғолибларидан ташкил топган Ўзбекистон терма жамоаси Жанубий Кореяда робототехника йўналиши бўйича ўтказилган “International Young Robot Compenitions (IYRC)-2019” халқаро танловида иштирок этишди.

         Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё, Самарқанд, Тошкент вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрининг иқтидорли 12 нафар ўқувчилари ва кузатувчиларидан иборат терма жамоа аъзолари бир қатор йўналишларда юртимиз шарафини ҳимоя қилишди.

        Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон терма жамоаси ушбу Халқаро танловда 2 та муҳим лойиҳа тайёрлашган бўлиб, улар қуйидагилар:

        1-лойиҳа – имконияти чекланганлар учун мўлжалланган ногиронлик аравачасини нейро импульслар орқали бошқарувчи робот лойиҳаси.

        2-лойиҳа- фавқулодда вазиятлар ҳолатида инсон ҳаётини қутқариш лойиҳаси.

         Мазкур танловда жаҳоннинг 24 давлатидан келган 700 нафар ўқувчи-ёшлар ўз лойиҳалари билан қатнашди. Танловда терма жамоамизнинг “Имконияти чекланганлар учун мўлжалланган ногиронлик аравачасини нейроимпульслар орқали бошқарувчи робот” ҳамда “Фавқулодда вазиятлар ҳолатида инсон ҳаётини қутқариш” каби лойиҳалари халқаро ҳакамлар ҳайъати томонидан юқори баҳоланди.

       - Мусобақада республикамиздан қатнашган энг иқтидорли 12 нафар ёшлар орасида марказимиз ўқувчиси Шукурбек Рўзимуродов ҳам ўз лойиҳаларини намойиш қилди ва ўз йўналишида биринчи ўринни қўлга киритди, - дейди Самарқанд шаҳар “Баркамол авлод” болалар маркази директори Наргиза Қобилова. -  Шукурбекнинг робототехник ишланмалари соҳа мутахассисларида катта қизиқиш уйғотди.

         Терма жамоамиз барча номинациялар бўйича гран-при ғолиби деб топилди ва олий ўринга сазовор бўлди. Ёш ихтирочиларимиз якунда саккизта медаль, иккита кубок ҳамда 2020 йил Россия Федерациясида бўлиб ўтадиган робототехника танловига йўлланмани қўлга киритди.

 


Самарқанд шаҳар ҳокими ваъда берди: Наврўз ва Ёшлик маҳаллаларидаги мактаблар август ойи якунига қадар фойдаланишга топширилади

07-08-2019 08:06   10

Самарқанд шаҳар ҳокими (в.б. Б.Облоқулов) фейсбукдаги саҳифасида “Хишрав қўрғонидаги “Ёшлик”, “Чилқудуқ”, “Наврўз” маҳаллалари аҳолисига” мурожаат қилди. Унда жумладан, шундай ёзилган:

“Жорий йилда “Обод маҳалла” дастурига асосан шаҳримизнинг “Ёшлик”, “Чилқудуқ” ва “Наврўз” маҳалларида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда.

Бугунги кунга қадар, ушбу маҳаллаларда электр энергияси таъминотини яхшилаш бўйича 77 дона янги симёғочлар ўрнатилиб, 5,0 км узунликдаги тармоқ янгисига алмаштирилди, 4,3 км газ тармоқлари, 6,5 км ирригация тизимлари реконструкция қилиниб, 5,2 км пиёдалар юриш йўлаклари барпо этилди ҳамда ичимлик суви таъминотини яхшилаш бўйича 5,4 км янги тармоқ ўтказилди ва бу борада ишлар давом эттирилмоқда.

Хишрав қўрғони аҳолиси бирдамлиги натижасида аҳолининг якка тартибдаги уй-жойларини таъмирлаш ишлари жадал олиб борилмоқда.

Ўтган даврда ҳудуд аҳолисининг қийнаб келган асосий муаммоларидан бири бўлган ички йўлларни таъмирлаш бўйича 16,6 км йўллар асфальт қопламаси ётқизиш ҳамда 8,6 тош ётқизиш режалаштирилган. Бугунги кунда ички йўлларга асфальт ва тош ётқизиш ҳамда кўчаларни энергия тежамкор лампалар билан ёритиш ишлари ўз якунига етказилмоқда.

Ҳурматли ҳамшаҳарлар!

“Ёшлик” маҳалласида жойлашган 36-сонли умумтаълим мактабининг

700 ўқувчига мўлжалланган мавжуд биноларида капитал таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Мактабнинг ошхонаси, фаоллар зали, лаборатория хоналари тўлиқ таъмирланиб, ўқувчилар эркин ҳаракатланишлари учун йўлаклар, тротуарлар тартибга келтирилиб, мактаб ҳовлисида ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, Наврўз маҳалласида жойлашган 45-сонли 75 ўринга мўлжалланган ҳамда Ёшлик маҳалласида жойлашган 11-сонли 100 ўринга мўлжалланган мактабгача таълим муассасалари тўлиқ қайта қурилиш ишлари якунига етмоқда.

Ижтимоий соҳа муассаларида азиз ўқувчи ва болажонлар учун барча шарт-шароитлар яратилиб, шу йилнинг август якунига қадар фойдаланишга топширилишини таъминлаймиз”.


Самарқанд вилоятида умумий жиноятчилик 29 фоизга, ёшлар жинояти 42,3 фоизга камайган

05-08-2019 08:11   6

Жорий йилнинг 5 август куни Самарқанд вилоят ҳокимлигининг мажлислар залида вилоят ҳокимининг ўринбосари Р.Қобилов раҳбарлигида 2019 йилнинг ўтган даврида ҳудудларда ёшлар жиноятчилигининг олдини олиш борасидаги ишлар ва келгусида амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар муҳокамасига бағишлаб видеоселектор йиғилиши ўтказилди.


Вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Зафар Каримов бугун 2 август куни Самарқанд шаҳридаги 33-, 7-умумтаълим мактабларида янги ўқув йилига тайёргарлик ва қурилиш-таъмирлаш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳолатини ўрганди

04-08-2019 15:52   29

Ўрганиш давомида аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича тегишли кўрсатма ва топшириқлар берилиб, вазифалар белгиланди. Бошқарма бошлиғи томонидан берилган топшириқлар ижроси бўйича барча туман, шаҳарларда янги ўқув йилига тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.


Халқаро тадқиқотларга тайёргарлик кўрилмоқда

03-08-2019 07:28   5

Жорий йилнинг 2 август куни Каттақўрғон шаҳридаги 17-ИДУМ ва 16-умумтаълим мактаби, Нуробод туманидаги 2 ва 10-умумий ўрта таълим мактабларида ўқув ишлари бўйича директор ўринбосарлари, бошланғич синф ўқитувчилари, математика ҳамда табиий фанлар ўқитувчилари иштирокида PISA-2021 Халқаро тадқиқотларига тайёргарлик кўриш бўйича ўқув семинарлари бўлиб ўтди. Семинрада вилоят Халқ таълими бошқармаси бўлим бошлиқлари Ғайрат Бобохолов ва Жўрабек Ишмуродов ўқитувчиларга услубий кўрсатма ва тавсиялар беришди. 


Сайёр қабул

02-08-2019 07:03   11

Нарпай туманида вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Зафар Каримов томонидан ўтказилган “Сайёр қабул” давомида турли масалалар бўйича жами 42 нафар фуқаролар мурожаат қилиб, шундан 25 нафарининг  мурожаати жойида ҳал этилди, 17 таси назоратга олинди.
 “Сайёр қабул”дан сўнг бошқарма бошлиғи умумтаълим мактабларини янги ўқув йилига тайёргарлик ҳолати, дастур асосида таъмирланаётган таълим муассасаларида амалга оширилаётган ишларни кўздан кечирди.
Таъкидлаш жоизки, Нарпай туманидаги умумтаълим мактабларининг аксарияти янги ўқув йилига тайёр ҳолатга келтирилган бўлсада,  тумандаги 6-, 8-, 56-, 57-, 17- ва Иштихон туманидаги 1-мактабларда янги ўқув йилига тайёргарлик ишлари якунига етказилмаганлиги аниқланди.
Бошқарма бошлиғи томонидан  туман халқ таълими бўлимлари ва мактаб директорларига 10 кун муддатда кўрсатилган камчиликларни бартараф этиш бўйича тегишли кўрсатма ва топшириқлар берилди.


Янги ўқув йили ва куз-қиш мавсумига тайёргарлик

01-08-2019 07:01   9

1 август куни вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиги Зафар Каримов Самарқанд шаҳридаги 51- ИДУМ  ва  48-умумтаълим мактабларининг янги ўқув йили ва куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолатини ўрганиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича масъулларга  уч кун муҳлат берди.
                                                                   Куннинг иккинчи ярмида бошқарма бошлиғи томонидан  Самарқанд шаҳридаги 37-ИДУМнинг жорий таъмирланиши ҳамда Инвестиция дастури асосида мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилаётган 8 -умумтаълим мактабида янги ўқув йилига тайёргарлик ишлари кўздан кечирилиб, тегишли кўрсатма ва тавсиялар берилди.


Биз одам савдосига қаршимиз!

31-07-2019 16:25   34

“30 июль - Бутунжаҳон одам савдосига қарши курашиш куни” муносабати билан вилоятимизда “Биз одам савдосига қаршимиз!” шиори остида тарғибот акцияси ўтказилди. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят, туман, шаҳар Кенгашлари, одам савдосига қарши курашиш бўйича вилоят, туман, шаҳар комиссия аъзолари, вилоят халқ таълими бошқармаси, корхона, ташкилот ва муассасалар ходимлари билан биргаликда вилоят миқёсида 70 дан ортиқ тарғибот тадбирлари, 28 та марказий кўчалар, истироҳат боғлари ва жамоат жойларида акциялар ҳамда 67 та маҳалла фуқаролар йиғинлари ва таълим муассасаларида давра суҳбатлари ўтказилиб, ушбу тадбирларга 14 минг 700 нафардан ортиқ фуқаролар, ота-оналар, ўқувчи-ёшлар иштирок этишди.


 
Матнни ўқиш учун ушбу тугмани босинг