Самарқанд вилояти
Халқ таълими бошқармаси
w w w . s a m x t b . u z

 

5 ТАШАББУС — ДАСТУРИЛАМАЛИМИЗ!

Болада жиноят ва ҳуқуқбузарликка мойиллик, ахлоқсизлик ва таълим-тарбиясидаги бўшлиқлар қачон пайдо бўлади? Албатта, назоратсиз қолдирилганда, ота-она, таълим муассасаси ва педагогнинг эътиборсизлиги оқибатида унда шундай иллатлар пайдо бўла бошлайди.

Ана шундай нохуш ҳолатларни самарали олдини олишга нечоғлик эътибор қаратаяпмиз? Ўқувчи ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил эта оляпмизми? Самарқанд шаҳридаги 8-умумтаълим мактабида Самарқанд вилоят халқ таълими бошқармасининг ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус ижросини таъминлаш, ўқувчилар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни олдини олиш ҳамда уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида ташкил этилган “Умумтаълим мактабларида 5 та ташаббус амалда” мавзусидаги вилоят семинарида ана шундай муҳим саволлар ўртага ташланди. Унда иштирок этган туман ва шаҳар халқ таълими бўлимлари мудир ўринбосарлари, маънавият шўъбаси раҳбарлари, маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарлари, ўқитувчи ва ўқувчилар, дастлаб, 8-умумтаълим мактабида Президентимизнинг 5 та муҳим ташаббусини ҳаётга татбиқ этиш мақсадида намунавий тарзда ташкил этилган йўналишлар, тўгаракларнинг фаолияти билан яқиндан танишишди. Шу билан бирга, Халқ таълими вазирлигининг 2017 йил 1 мартдаги 67-сонли буйруғи билан умумий ўрта таълим мактаблари ҳовлисини, бино йўлаклари ҳамда синф хоналарини стентлар билан жиҳозлашнинг намунавий талабларига алоҳида эътибор қаратишди. —Агар биз ҳар бир мактабларимизда Президентимизнинг 5 та муҳим ташаббусини тўлақонли ҳаётга татбиқ эта олсак, фарзандларимизни қизиқтириб, жалб эта олсак улар ортиқча нарсаларга вақтини сарфламайди, буни исташмайди ҳам, — вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Озод Жангиров. — Шу боис 5 ташаббус доирасида шунчаки тадбир ўтказиб, кўргазма ташкил этиб қўймаслигимиз керак. Уни амалда қўллаб, ўқувчилардаги иқтидорни, қизиқишлари доирасидаги интилишларини қўллаб-қувватлашимиз лозим. Негаки, барча ўқувчимизни бир пайтнинг ўзида китобхон қила олмаймиз. Балки у спорт турларига қизиқар, ёки ахборот технологиялари соҳасида ноёб иқтидори бордир?! Бири ашула айтишга, яна бири бирор чолғу асбобини чалишни истар, бошқа санъат турларига қизиқадиганлари ҳам талайгина. Энг муҳими, биз уни бўш қўймаслигимиз, орзу-умидларини беш ташаббус доирасида амалга оширишга кўмаклашишимиз лозим. Дарҳақиқат, Президентимизнинг 5 та муҳим ташаббусини тўлақонли ҳаётга татбиқ этиш бўйича вилоятнинг барча умумтаълим мактабларида тўгараклар фаолияти йўлга қўйилган. Семинар умумтаълим мактаблари иқтидорли ўқувчиларининг бадиий чиқишлари билан якунланди. Самарқанд вилоят халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати

Охирги ўзгариш вақти: 29/11/2019 16:06;   Кўрилганлиги: 58
 
Материал манзили: http://samvxtb.uz/press/news/5-tashabbus-dasturilamalimiz
Чоп этилган вақт: 10/12/2019 01:38
Матнни ўқиш учун ушбу тугмани босинг