Самарқанд вилоят ҳокимлиги
Халқ таълими бошқармаси
w w w . s a m x t b . u z

 

Афрўза — жаҳон чемпиони

2017 йил  21 апрель — 1 май кунлари Руминиянинг Ясси шаҳрида   шахмат бўйича мактаб ўқувчилари ўртасида навбатдаги жаҳон чемпионати ўтказилди. Иқтидорли ёш шахматчилардан иборат Ўзбекистон терма жамоаси  таркибида Самарқанд шаҳридаги 42-умумтаълим мактаби ўқувчиси Афрўза Ҳамдамова WСМ  йўналишида 1449 рейтинги  билан иштирок этди.

Стандарт ва блиц йўналишларида ўйналадиган ушбу мусобақада ёш шахматчи Афрўза Ҳамдамова шахматнинг тезкор ўйналадиган тури бўйича фахрли биринчи ўринни қўлга киритиб, олтин медал ва чемпионатнинг биринчи даражали дипломи билан тақдирланди.

У 2014 йилда 8 ёшгача бўлган қизлар ўртасида ўтказилган шахмат мусобақасида илк бор қатнашаётган бўлишига қарамасдан вилоятда фахрли иккинчи ўринни эгаллаганди. Орадан бир йил ўтиб, айнан шу мусобақада биринчи ўринни забт этди ва биринчи даражали диплом билан тақдирланди. Шу йили 10 ёшгача бўлган ўғил-қизлар ўртасидаги вилоят биринчилигида учинчи даражали, 12 ёшгача бўлган ёш шахматчилар ўртасидаги вилоят мусобақасида эса фахрли биринчи ўринни эгаллаб, биринчи даражали диплом билан мукофотланди.

2016 йилда Афрўза Ўзбекистон чемпионатида қатнашиб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасини забт этди ва чемпионатнинг биринчи даражали дипломи билан тақдирланди.  Шу боис у шахмат бўйича Ўзбекистон ёшлар терма жамоасига қабул қилинди. 2016 йилнинг 9-18 июль кунлари Эрон давлатининг пойтахти Теҳрон шаҳрида  мактаб ўқувчилари ўртасида ўтказилган XII Осиё чемпионатида илк бор терма жамоа таркибида шахматнинг тезкор ўйналадиган тури бўйича иштирок этиб, биринчи ўринга муносиб топилди. Ушбу мусобақадан кўксига олтин медал тақиб, Осиё чемпиони деган номга сазовор бўлиб қайтди.  Шундан сўнг ҳам Тошкент шаҳрида ўтказилган бир қатор нуфузли мусобақаларда шоҳсупанинг юқори поғоналарини эгаллаб, Ўзбекистон чемпионлигини сақлаб қолди.

Шу билан бирга 2016 йилда Грузия давлатининг Ботуми шаҳрида ўтказилган Жаҳон шахмат чемпионатида саккиз ёшгача бўлган қизлар ўртасида тўртинчи ўринни эгаллаган бўлса, шу йилнинг охирида Россия Федерациясининг Сочи шаҳрида ўтказилган ёш шахматчилар Жаҳон чемпионатида биринчи ўринни эгаллади.


Киритилган вақти: 05/06/2017 15:53;   Кўрилганлиги: 17
 
Материал манзили: http://samvxtb.uz/press/news/afroza-jahon-chempioni
Чоп этилган вақт: 21/04/2019 02:08
Матнни ўқиш учун ушбу тугмани босинг