Самарқанд вилояти
Халқ таълими бошқармаси
w w w . s a m x t b . u z

 

АМАЛИЁТЧИ-ПСИХОЛОГЛАР МАЛАКАСИ ОШИРИЛМОҚДА

Самарқанд шаҳридаги Концерт залида умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида кузатилаётган ўз жонига қасд қилиш ҳолатларини олдини олиш, ушбу йўналишда мактаб амалиётчи-психологларининг билим ва кўникмаларини оширишга бағишланган ўқув-семинар ташкил этилди.

Самарқанд вилоят прокуратураси, вилоят халқ таълими бошқармаси, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси вилоят вакиллиги, соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамда "Nova" психологик маркази ҳамкорлигида ўтказилган мазкур ўқув-семинарда Самарқанд шаҳар, Ургут, Тойлоқ ва Самарқанд туманларидаги умумтаълим мактабларининг 600 нафардан ортиқ амалиётчи-психологлари иштирок этди. Ўқув-семинарда сўзга чиққан вилоят прокурори ёрдамчиси Хуршид Мусурмонов, вилоят халқ таълими бошқармаси шўъба мудири Хуршид Ғозиев, соғлиқни сақлаш бошқармаси ходими, суицидолог Умида Шукруллоева ва бошқалар вилоятда вояга етмаганлар ўртасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатларини олдини олиш тобора долзарб аҳамият касб этаётганини таъкидлашди. Шу боис умумтаълим мактабларида фаолият олиб бораётган амалиётчи-психологлар фаолиятини танқидий кўриб чиқиш, уларнинг малака ва тажрибасини ошириш муҳим аҳамиятга эга эканлигини қайд этишди. —Масаланинг долзарблигидан келиб чиқиб, жорий йил бошидан вилоят ҳокимлиги ҳамда вилоят прокуратурасининг “Вояга етмаганлар ўртасида суицид ҳолатларининг барвақт олдини олиш бўйича 2020 йил давомида ҳамкорликда амалга ошириладиган ишлар юзасидан чора-тадбирлар дастури” тасдиқланди, — дейди вилоят прокурори ёрдамчиси Хуршид Мусурмонов. — Бунда, биринчи навбатда, энг катта масъулият умумтаълим мактабларида фаолият олиб бораётган амалиётчи-психологлар зиммасига юкланади. Шу боис бугун биз чора-тадбирларимизни ҳаётга татбиқ этиш аввалида уларнинг билимини оширишга эътибор қаратиб, ўқитиш бўйича малакали мутахассисларни жалб қиляпмиз. Тадбирда Жомбой туманидаги “Иброҳим ота” жоме масжидининг имом-хатиби Анвар Аҳмедов сўзга чиқиб, оилада, таълим муассасасида фарзандларга, аввало, поклик, ҳаллолликни ўргатиш, қалбида ота-она ва яқинларга, Ватанга меҳрни уйғотиш, шакллантириш муҳим аҳамиятга эга эканлигини уқтирди. Ҳар бир бола меҳр ва эътибор оғушида бўлиши, вақтида таълим олиб, вақтида ота-онаси бағрида бўлиши, назорат қилиниши у билан боғлиқ кўнгилсиз ҳолатлар рўй бермаслигининг кафолати эканлигини таъкидлади. Ўқув-семинарда ўқувчилар ўртасида турли тест синовларини ташкил этиш, уларни қийнаётган муаммоларни эрта аниқлаб, ота-оналар, тиббиёт ходимлари, малакали психологлар билан ҳамкорликда ишлаш бўйича тавсиялар берилди. Ўқилган маърузалар, берилган тавсиялар асосида амалиётчи-психологларнинг билимлари синовдан ўтказилди. Барча амалиётчи-психологларга ўқувчилардаги руҳий ва ижтимоий муаммоларни олдини олиш бўйича амалга ошириладиган тадбирлар бўйича махсус қўлланма тарқатилди.

Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати


Охирги ўзгариш вақти: 10/02/2020 14:13;   Кўрилганлиги: 77
 
Материал манзили: http://samvxtb.uz/press/news/amaliyotchi-psixologlar-malakasi-oshirilmoqda
Чоп этилган вақт: 23/02/2020 00:11
Матнни ўқиш учун ушбу тугмани босинг