Самарқанд вилояти
Халқ таълими бошқармаси
w w w . s a m x t b . u z

 

Баҳорнинг илк куни 1 март – атоқли шоира Зулфияхоним таваллуд топган кун

Вилоятимиздаги барча таълим муассасаларида Ўзбекистон Халқ шоири Зулфия Исроилова таваллудининг 104  йиллигига бағишлаб маънавий-маърифий тадбирлар, ижодкорлар иштирокида китобхонлик кечалари ташкил этилди.

           Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, ёшлар иттифоқи, журналистлар ижодий уюшмаси вилоят бўлимлари ва кенг жамоатчилик ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирокида ўтказилган тадбирларда шоиранинг ҳаёти ва ижодий фаолияти, асарларининг ёшлар таълим-тарбиясидаги ўрни ҳақида  сўз юритилди.

          Таъкидланганидек, ўзбек халқининг севимли шоираси, таниқли жамоат арбоби Зулфия Исроилованинг она Ватан, тинчлик, бахт, баҳор, вафо ва садоқат мавзусида ёзган шеърлари халқимиз юрагидан жой олган. Шоира Ҳиндистон, Югославия, Шри Ланка, Миср, Бирма, Австрия каби мамлакатларда бўлган. Бир қатор шеърий мажмуалари учун Ҳамза номидаги республика Давлат мукофоти совриндори бўлган. Ҳинд мавзуидаги шеърлари учун Жавоҳарлал  Неру номидаги халқаро соврин, тинчлик ва дўстликни тараннум этувчи асарлари ҳамда тараққийпарвар Осиё ва Африка ёзувчилари ҳаракатидаги фаол иштироки учун халқаро “Нилуфар” мукофотига сазовор бўлган. Шеърлари дунёнинг кўплаб тилларига таржима қилинган. 

Тадбирларда ўқувчилар Зулфиянинг “Баҳор келди сени сўроқлаб”, “Менинг Ватаним”, “Мен тонгни куйлайман”, “Юрагимга яқин кишилар”, “Куйларим сизга” каби шеърларини ёддан ифодали ўқиб беришди. Асарлари асосида саҳна кўринишлари намойиш этилди.

Туман, шаҳарлардаги Болалар мусиқа ва санъат мактаблари ўқувчилари томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар дилларга завқ улашди.

        


Охирги ўзгариш вақти: 06/03/2019 17:35;   Кўрилганлиги: 274
 
Материал манзили: http://samvxtb.uz/press/news/bahorning-ilk-kuni-1-mart-atoqli-shoira-zulfiyaxonim-tavallud-topgan-kun
Чоп этилган вақт: 23/11/2019 03:09
Матнни ўқиш учун ушбу тугмани босинг