Самарқанд вилояти
Халқ таълими бошқармаси
w w w . s a m x t b . u z

 

Барча мактабларда “Китоб ҳафталиги” ўтказилмоқда

Юртимизда ёш авлоднинг ҳар томонлама етук камол топиши ҳамда интеллектуал салоҳиятли бўлиб вояга етишига катта эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Халқ таълими вазирлиги томонидан ўқувчилар ўртасида миллий ва жаҳон адабиётларини тизимли тарғиб этиш орқали улар қалбида ватанпарварлик, эзгулик, инсонпарварлик сингари юксак инсоний туйғуларни шакллантириш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, умумтаълим муассасалари ўқувчилари ўртасида бадиий адабиётни мутолаа қилиш ҳамда уларнинг китобхонлик маданиятини ошириш мақсадида жорий йилнинг февраль-май ойларида ахборот-ресурс маркази, синф раҳбарлари, она тили ва адабиёт фани ўқитувчилари, кутубхоначилар ва ёшлар етакчилари иштирокида “Китоб ҳафталиги”ни ўтказиш режа-жадвали ишлаб чиқилди.

Мазкур режага асосан,  “Китоб ҳафталиги” тадбирларини она тили ва адабиёт дарсларида, тарбиявий соатлар жараёнида ҳамда ўқувчиларнинг дарсдан бўш вақтида юқори савияда ташкил этилиши белгиланган.

 “Китоб ҳафталиги” доирасида ўзбек миллий ҳамда жаҳон адабиёти намояндаларининг сара асарлари мутолаа қилиниши қайд этилган. Ўқувчилар дунёқарашини ривожлантирувчи асарлар сирасига шеър, ҳикоя ва қисса, шунингдек, қизиқарли эртаклар ҳам киритилган. Ушбу бадиий адабиётлар ўғил-қизларнинг ёшига мос тарзда танланган. Асарлар жадвалга биноан ҳар ҳафтада,  белгиланган адабиёт йўналишида синфлар кесими бўйича мутолаа қилинади. Барча саъй-ҳаракатлар педагогларнинг фаоллигини оширишга ва ҳафталикни уюшқоқлик билан ўтказишга қаратилади.

Эслатиб ўтамиз, “Китоб ҳафталиги” жорий йилнинг 4 февралидан бошланган бўлиб,  25 майга қадар давом этади.


Охирги ўзгариш вақти: 19/02/2019 08:13;   Кўрилганлиги: 212
 
Материал манзили: http://samvxtb.uz/press/news/barcha-maktablarda-kitob-haftaligi-otkazilmoqda
Чоп этилган вақт: 16/10/2019 07:54
Матнни ўқиш учун ушбу тугмани босинг