Самарқанд вилояти
Халқ таълими бошқармаси
w w w . s a m x t b . u z

 

БИЛИМСИЗ ВА ЛАЁҚАТСИЗ БОЛА БЎЛМАЙДИ Халқаро баҳолаш дастурларига тайёргарлик жараёнларида бу ўз исботини топмоқда

Пахтачи туманида PISA ва PIRLS халқаро баҳолаш дастурларига тайёргарлик кўриш бўйича вилоят ўқув-семинари бўлиб ўтди.

Таъкидлаш жоизки, жорий йилнинг 27-29 февраль кунлари Абдулла Авлоний номидаги ХТТРМХҚТМО институтида халқ таълими тизими ходимларини PISA тадқиқотларига тайёрлаш мақсадида “Таълим сифатини баҳолаш PISA тадқиқот дастури бўйича халқаро тажрибалар” мавзусида уч кунлик семинар-тренинг ташкил этилган эди. Унда вилоят халқ таълими бошқармаси бўлим бошлиғи, Халқаро баҳолаш дастурларига тайёргарлик кўриш бўйича вилоят коорденатори Ғайрат Бобохолов ҳамда туман ва шаҳар халқ таълими бўлимларининг 16 нафар методисти ҳам муваффақиятли иштирок этиб, бу борадаги малака ва тажрибаларини ошириб қайтди. Эндиликда ушбу тажрибаларни вилоят умумтаълим муассасаларида кенг оммалаштириш, нафақат халқаро баҳолаш дастурлари бўйича вилоятдаги 44 та таянч мактаб, балки барча умумтаълим мактаблари ўқитувчиларига етказиш муҳим вазифалардан этиб белгиланди.

Ана шу мақсадда Пахтачи туманидаги 6-, 7-, 9-, 12-, 13-, 14-, 17- ва 18-умумтаълим мактабларида халқаро баҳолаш дастурларини кенг ҳаётга татбиқ этишга бағишланган семинар ва очиқ дарслар ташкил этилди. Ўқувчиларда ўқиш, математик ва табиий фанлар саводхонлигини ошириш, фанлар бўйича билим ва кўникмалари, компетенцияларини шакллантиришга қаратилган очиқ дарсларда пойтахтда малака ошириб қайтган методистлар, таянч мактабларнинг фан ўқитувчилари ва директорлари ҳамда халқ таълими бўлими мудирларининг ўринбосарлари кузатув олиб боришди. Очиқ дарслар давомида улар ўқитувчининг халқаро баҳолаш дастурларига мувофиқ ўқувчига билим бериш салоҳияти, ўқувчиларнинг олган назарий билимларини ҳаётда қўллай билиш кўникмаси, мантиқий фикрлаш ва тушуниш даражасига эътибор қаратиб, дарс якунида муҳокама қилишди. Дарснинг анъанавий ёки ноанъанавий тарзда ўтгани, PISA ва PIRLS халқаро баҳолаш дастурларига нечоғлик мослигини таҳлил этишди.

Халқаро баҳолаш дастурларига тайёргарлик кўриш бўйича вилоят коорденатори Ғ.Бобохолов 13-умумтаълим мактабида ўқувчиларга олаётган билимларини ҳаётда қўллай билиш, мантиқий фикрлаб, тўғри хулосага эга бўлиш бўйича дарс машғулотини ўтказди. Тумандаги 17-умумтаълим мактабида 3- ва 4-синфларда ўқиш, 7- ва 8-синфларда геометрия, адабиёт фанларидан маҳоратли ўқитувчилар томонидан очиқ дарслар ташкил этилди. Каттақўрғон шаҳри ва Тойлоқ тумани халқ таълими ходимлари дасрларни кузатиб, таҳлил этишди ва эришилган натижаларни муҳокама қилишди.

—Халқаро тадқиқотларга тайёргарлик кўриш, баҳолаш дастурларини фаолиятимизга татбиқ этиш жараёнларида гувоҳ бўлмоқдамизки, ҳақиқий билим ва кўникмага эга ўқувчини баҳолашда баъзи камчиликларга йўл қўярканмиз, — дейди 17-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Камола Худойбердиева. — Яъни, биз ўқитувчилар аксарият ҳолларда бурро-бурро ўқиган ёки қоидаларни ёдлаб олган, аниқроғи, назарий билими кучли ўқувчиларга юқори баҳо қўйиб келганмиз. Бироқ уларнинг фанни реал ҳаётда қўллай билиш кўникмаси, ўзлаштираётган билимни қаерда ва қандай зарур бўлиши ҳақидаги тушунчаси, мантиқий ва мустақил фикрлашига доим ҳам эътибор қаратмаганмиз. Тайёргарлик жараёнларида маълум бўлмоқдаки, халқаро баҳолаш дастурларига асосланган турли синовларда биз нуноқ, билими паст, деб билган ўқувчилар юқори бал тўплашмоқда. Демак, бундай дастурларни фаолиятимизда кенгроқ қўллашимиз лозим.

Дарҳақиқат, худди шундай бошқа умумтаълим мактабларида ҳам ўқиш, аниқ ва табиий фанларга доир очиқ дарслар ўтказилди.

Куннинг иккинчи ярмида 18-умумтаълим мактабида ўқув-семинарнинг ялпи йиғилиши бўлиб ўтди. Унда сўзга чиққан вилоят халқ таълими бошқармаси бўлим бошлиқлари Ғ.Бобохолов, Н.Одилов, Пахтачи туман халқ таълими бўлими мудири Ш.Султонов умумтаълим муассасаларида таълим сифати ва самарадорлигини оширишда халқаро баҳолаш дастурларида муносиб иштирок этиш муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлашди. Бу борада халқаро баҳолаш дастурларида аввал иштирок этган Қозоғистон ҳамда Эстония давлатларининг паст ва юқори натижалари тўғрисида мисоллар келтирилиб, 2021 йилда халқ таълими тизими олдидаги муҳим синовларга вилоятимиздаги тайёргарлик жараёни танқидий муҳокама этилди.

33-умумтаълим мактаби физика фани ўқитувчиси Қ.Шерхолов, 36-умумтаълим мактаби информатика фани ўқитувчиси И.Холиқов PISA-2021 халқаро тадқиқотларининг ўтказилиши ва ташкил қилинишининг асосий хусусиятлари, ўқувчиларнинг билим даражасини аниқлашда онлайн база тестини яратишнинг аҳмияти ҳақида тақдимотлар қилишди.

Ўқув-семинар ўқитувчилар ўртасида ўзаро тажриба алмашиш, халқаро баҳолаш дастурларини чуқурроқ тушуниб, келгусидаги синовларга муносиб тайёргарлик кўриб боришда аҳамиятли бўлди. Муҳокамаларда билимсиз ва лаёқатсиз бола бўлмаслиги, фақатгина уларга тўғри билим бериш, фикрлаш қобилиятини шакллантиришга имконият яратиш, бунинг учун эса халқаро баҳолаш дастурларини кенг қўллаш лозимлиги тўғрисида якдил хулосага келинди. Навбатдаги халқаро баҳолаш дастурларига тайёргарлик кўришга доир вилоят ўқув-семинари Иштихон туманида ўтказилиши белгиланди.

Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати


Охирги ўзгариш вақти: 04/03/2020 10:26;   Кўрилганлиги: 89
 
Материал манзили: http://samvxtb.uz/press/news/bilimsiz-va-layoqatsiz-bola-bolmaydi-xalqaro-baholash-dasturlariga-tayyorgarlik-jarayonlarida-bu-oz-isbotini-topmoqda
Чоп этилган вақт: 04/04/2020 18:06
Матнни ўқиш учун ушбу тугмани босинг