Самарқанд вилояти
Халқ таълими бошқармаси
w w w . s a m x t b . u z

 

Биз одам савдосига қаршимиз!

“30 июль - Бутунжаҳон одам савдосига қарши курашиш куни” муносабати билан вилоятимизда “Биз одам савдосига қаршимиз!” шиори остида тарғибот акцияси ўтказилди. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят, туман, шаҳар Кенгашлари, одам савдосига қарши курашиш бўйича вилоят, туман, шаҳар комиссия аъзолари, вилоят халқ таълими бошқармаси, корхона, ташкилот ва муассасалар ходимлари билан биргаликда вилоят миқёсида 70 дан ортиқ тарғибот тадбирлари, 28 та марказий кўчалар, истироҳат боғлари ва жамоат жойларида акциялар ҳамда 67 та маҳалла фуқаролар йиғинлари ва таълим муассасаларида давра суҳбатлари ўтказилиб, ушбу тадбирларга 14 минг 700 нафардан ортиқ фуқаролар, ота-оналар, ўқувчи-ёшлар иштирок этишди.

Пайариқ, Ургут туманларида "Одам савдосига қарши курашиш куни" муносабати билан туманлар бўйлаб одам савдосининг салбий оқибатларини акс эттирувчи тарқатма материаллар тарқатилди. Каттақўрғон шаҳрида мазкур сана муносабати билан “Биз одам савдосига қаршимиз!” тарғибот тадбирлари ташкил этилди. Каттақўрғон туманидаги "Кадан" қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежида “Биз одам савдосига қаршимиз!” шиори остида давра суҳбати ўтказилди. Тадбирга тумандаги таълим муассасаларининг директор ўринбосарлари, ёшлар етакчилари ва кенг жамоатчилик вакиллари жалб қилинди. Жомбой туманидаги “Ёшлар” истироҳат боғида туман ҳокимлиги, туман ИИБ, туман халқ таълими бўлими, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Жомбой туман Кенгаши, туман маданият бўлими, туман хотин-қизлар қўмитаси билан ҳамкорликда “Одам савдоси-давр муаммоси” мавзусида расмлар танлови, давра суҳбатлари ва галаконцерт дастури ўтказилди. Нуробод туманидаги 18-сон болалар мусиқа ва санъат мактабида ҳамда Нуробод тумани “Нурбулоқ” маҳалласида маҳалла фаоллари ҳамда ёшлар билан “Одам савдоси – давр муаммоси” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Оқдарё туманидаги марказий истироҳат боғида ҳам шу каби тарғибот акцияси ўтказилди. Куннинг иккинчи ярмида Самарқанд шаҳридаги “Ёшлик” истироҳат боғида “Одам савдосига қарши бирга курашамиз!” шиори остида акция ўтказилди. Одам савдосига қарши курашиш бўйича вилоят идоралараро комиссияси аъзолари, маданият, жисмоний тарбия ва спорт бошқармалари, оммавий ахборот вакиллари иштирок этган тадбирда расмлар танлови, спортчиларнинг чиқишлари ва вилоятимизнинг таниқли санъаткорлари томонидан бадиий чиқишлар намойиш қилинди. Тадбирлар давомида иштирокчиларга одам савдоси ва унинг оқибатлари акс этган тарқатмалар тарқатилди. Мазкур акцияда фаол иштирок этганларга фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.

Охирги ўзгариш вақти: 31/07/2019 16:28;   Кўрилганлиги: 123
 
Материал манзили: http://samvxtb.uz/press/news/biz-odam-savdosiga-qarshimiz
Чоп этилган вақт: 23/11/2019 03:31
Матнни ўқиш учун ушбу тугмани босинг