Самарқанд вилояти
Халқ таълими бошқармаси
w w w . s a m x t b . u z

 

БУНЁДКОРЛИК — ТАЪЛИМ СИФАТИНИ ОШИРМОҚДА

Жорий йил Нарпай туманидаги 6 та умумий ўрта таълим мактабида инвестиция ҳамда “Обод қишлоқ” давлат дастури асосида мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилди.

Олиб борилган бунёдкорлик ишлари натижасида мактабларда таълим-тарбия сифати ва самарадорлигини оширишга, педагоглар фаолияти учун кенг имкониятлар яратилишига ҳамда ўқувчи ёшларнинг пухта билим олиб, жисмонан соғлом бўлиб вояга етишларига хизмат қилди.

—Бугун 1050 ўринли мактабимизда 1117 нафар ўқувчи таълим-тарбия олиб келмоқда, — Нарпай туманидаги 17-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси Мархабо Жабборова. — Аввал синфхоналар етишмас, физика, кимё ва биология дарс машғулотларини мослаштирилмаган синфхоналарда ўтказишга мажбур бўлардик. Мукаммал таъмирлаш ишларидан сўнг, ўқувчиларни кичик гуруҳларга бўлиб ўқитиш учун 5 та инглиз тили, 3 та рус тили синфхоналари, шунингдек, физика, кимё ва биология фанларини ўқитишга мўлжалланган, барча зарур асбоб-ускуналари билан жиҳозланган ўқув лабораториялари фойдаланишга топширилди. Бу, ўз навбатида, мактабимизда таълим мазмун-моҳиятини янада ошириш, ўқувчиларимизнинг мукаммал билим олишига имконият яратди.

—Ҳар йили ёғингарчилик мавсуми яқинлашаверса жамоамиз билан ташвишга туша бошлардик, — дейди 27-умумий ўрта таълим мактаби директори Малоҳат Суярқулова. — Негаки, таълим муассасамизнинг дераза ва эшик ромлари анча эскирганлиги, энг ачинарлиси, спорт залимизнинг устки қопламасининг ўтган йиллар давомида асосий қисми кўчиб тушганлиги боис чакки ўтишидан муаммоларга дуч келардик. Амалга оширилган мукаммал таъмирлаш ишлари натижасида 9х18 майдонга эга спорт залимиз том қисми тўлиқ таъмирланиб, пол қисми янгиланди. Эски дераза ва эшик ромлари янги ва замонавийларига алмаштирилди. Аввал пол қисмининг қопламалари кўчиб, чанг кўтариладиган 14 та синфхоналарнинг поли янгиланди.

Ана шундай бунёдкорлик ишлари 61-умумий ўрта таълим мактабида ҳам амалга оширилди. Мактабнинг иссиқлик тизими тубдан янгиланди, ҳовлиси темир панжаралар билан ўралди, эшик-деразалари янгиланди. Бундан ташқари, ўқув биноларининг фасади тўлиқ таъмирланиб, замонавий ёритиш мосламалари ўрнатилди.

Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати


Охирги ўзгариш вақти: 20/12/2019 13:27;   Кўрилганлиги: 88
 
Материал манзили: http://samvxtb.uz/press/news/bunyodkorlik-talim-sifatini-oshirmoqda
Чоп этилган вақт: 28/02/2020 00:53
Матнни ўқиш учун ушбу тугмани босинг