Самарқанд вилояти
Халқ таълими бошқармаси
w w w . s a m x t b . u z

 

Кенгайтирилган Ҳайъат йиғилишида таълим сифатини ошириш масаласи кўрилди

23 октябрь куни Халқ таълими вазирлигининг навбатдаги кенгайтирилган Ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди. Унда таълим сифатини белгиловчи асосий кўрсаткичлардан бири бўлган умумтаълим мактаб битирувчиларининг олий таълим муассасаларига кириши бўйича қилинган таҳлил ва кўрилган чора-тадбирлар натижадорлиги ҳамда келгусидаги вазифалар муҳокама этилди.

Халқ таълими вазирлигининг асосий вазифаларидан бири бўлган таълим сифатини кўтариш масаласи Ҳайъат йиғилиши кун тартибига қўйилди.
Битирувчиларнинг олий ўқув юртига кириш натижаларини тўлиқ кўриб чиқиш мақсадида Ўзбекистондаги хорижий ҳамда чет эл олий ўқув юртларига кириш натижалари ҳам таҳлил қилинди.

Хусусан, attestst.uzedu.uz электрон базасидаги барча (282 974 нафар) 11-синф битирувчиларининг номма-ном рўйхати (аттестат рақами асосида) олиниб, бугунги кунда уларнинг қайси олий ўқув юртига кирганлиги, давлат гранти ёки контракт асосида эканлиги, ўқишга кирмаган битирувчиларнинг бугунги кунда ишга жойлашганлиги ҳақида ҳудудий бошқармалардан тезкор маълумотлар олинди.

Таҳлилларга кўра, 282 794 нафар битирувчилардан 34 837 нафари (ёки 12.3%) олий ўқув юртига қабул қилинган. Уларнинг 25 280 нафари (73%) республикамиздаги давлат олий таълим муассасаларига, 2 794 нафари (8%) Ўзбекистондаги хорижий олий ўқув юртларига, 6 793 нафари чет элдаги хорижий олий ўқув юртларига ўқишга кирган. Шунингдек, битирувчиларнинг 6 958 нафари (28%) давлат гранти асосида, 27 879 нафари (72%) тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинган.

Битирувчиларнинг олий ўқув юртига кириш натижаларини ҳудудлар кесимида таҳлил қилинганда биринчи учталикда Тошкент шаҳри (36%), Навоий вилояти (21,9%), Бухоро вилояти (18,4%) ўрин эгаллади. Афсуски, сўнгги ўринларда Қашқадарё (14-ўринда 7,4%), Жиззах (8,0%), Андижон (8,2%) вилоятлари қолиб кетган.

Бирорта ҳам битирувчиси олий ўқув юртига кирмаган мактаблар сони ҳам таҳлил қилинди. Бу борада “анти рекордсмен” ҳудудлар рўйхатига Қашқадарё (44 та – 39,7%), Жиззах (189 та - 34,9%), Самарқанд (374 та 30,8%) вилоятлари кирди. Нисбатан яхши натижалар Тошкент шаҳри (1 та 0.3%), Бухоро (33 та -6.2%), Хоразм (43 та 8.2%) вилоятларида эканлиги маълум бўлди.

Ҳайъат йиғилишида битирувчиларнинг олий ўқув юртига кириш кўрсаткичи юқори бўлган Фарғона вилояти, Учкўприк туманидаги 21-мактаб директори З.Кимсанова муваффақиятга эришишда мактабда тўпланган тажриба ва тавсияларини қуйидагича изоҳлади:

-Муваффақиятга эришиш учун, энг аввало, ҳар бир мактаб ўз олдига аниқ мақсад қўйиб олиши лозим. Шунингдек, бутун педагогик жамоа биргаликда мақсад сари интилиши зарур. Бунинг учун албатта, яхши педагоглар керак. Бу борада дарс соатларини тақсимлашда тажрибаси юқори ва фидойи ўқитувчиларга кўпроқ эътибор қаратаман.

Ҳайъат мажлисида олий ўқув юртига киришда энг яхши натижа кўрсатган вилоят, туман (шаҳар) ва мактаб раҳбарлари рағбатлантирилди. Аксинча, ўз вазифасига масъулиятсизлик билан ёндошган, таълим сифатини оширишда мавжуд имкониятлардан фойдаланмаган, ташаббус кўрсатмаган вилоят, туман (шаҳар) халқ таълими бўлими мудири ва мактаб раҳбарларига нисбатан интизомий чоралар қўллаш ҳақида қарор қабул қилинди.

Йиғилиш сўнгида ҳудудий халқ таълими бошқармалари, туман халқ таълими бўлими мудирлари ва мактаб раҳбарларига таълим сифатини ошириш бўйича 10 та устувор вазифаларни белгилаб олиш ва уларни амалга ошириш бўйича топшириқ берилди.

Йиғилишда яхши натижа кўрсатган таълим муассасалари директорлари рағбатлантирилиб борилиши, ёмон натижа кўрсатадиган мактаб раҳбарлари жазоланиши таъкидланди.

Шу ўринда, ёмон натижа кўрсатган туман ва вилоят халқ таълими бўлими ҳамда бошқармалар раҳбарларига интизомий чора кўрилди. Натижаси паст бўлган мактаб директорларига ҳам қонунчилик доирасида интизомий чора кўриш вазифаси берилди.

Халқ таълими вазирлиги доимий равишда таълим сифатини ошириш билан боғлиқ бўлган масалаларга эътибор қаратиб боради.


Охирги ўзгариш вақти: 26/10/2019 15:12;   Кўрилганлиги: 24
 
Материал манзили: http://samvxtb.uz/press/news/kengaytirilgan-hayat-yigilishida-talim-sifatini-oshirish-masalasi-korildi
Чоп этилган вақт: 20/11/2019 19:17
Матнни ўқиш учун ушбу тугмани босинг