Самарқанд вилояти
Халқ таълими бошқармаси
w w w . s a m x t b . u z

 

МАКТАБ ПСИХОЛОГЛАРИ МАЛАКАСИ ОШИРИЛМОҚДА

Психолог таълим муассасасида ўқувчига ота-онасидан ҳам, ўқитувчисидан ҳам яқин сирдош, энг яқин инсонидек бўлиши, ўғил-қизларнинг кўнглидан кечаётган ҳис-туйғулардан тез-тез мулоқот орқали хабардор бўлиши зарур. Бунинг учун аввало унда етарлича касбий тажриба ва малака бўлиши шарт.

Айни долзарб вазифадан келиб чиққан ҳолда Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ташаббуси билан вилоят халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий марказида “Аҳил оила – Бахтли мактаб” дастури доирасида умумий ўрта таълим мактаблари психологлари учун “Ижобий психология ва стресс бошқаруви билим кўникмалари” мавзусида ўқув-семинар ташкил этилди.
Унда сўзга чиққан вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи Улуғбек Муҳаммадиев, прокурор ёрдамчиси Хуршид Мусурмонов вояга етмаган йигит-қизларнинг оиладаги назоратсизлиги, ўз вақтида уларга психологик кўмак берилмаганлиги оқибатида улар билан боғлиқ нохуш ҳолатлар юзага келаётганини таъкидлашди. Бундай ҳолатларнинг олдини олишда психологлар билан доимий равишда ҳамкорликда ишлашга тайёрлиги, амалий кўмак беришларини билдиришди.
Ўқув-семинар давомида вилоят халқ таълими бошқармаси бўлим бошлиғи Ориф Юсупов, тажрибали психолог Зебинисо Аҳмедова, Самарқанд давлат университети психология кафедраси мудири Мушарраф Салоҳиддинова ва бошқа малакали мутахассислар мактаб психологининг вазифалари хусусида тўхталиб, ўзларининг тавсияларини беришди.
Тадбир давомида оилада ва мактабда ўқувчилар, уларнинг ота-оналари билан боғлиқ муаммоли ҳолатлар акс этган видео роликлар намойиш этилди. Мавзу доирасида ўзаро фикр алмашилди.
Худди шундай семинарлар ҳар бир туман ва шаҳарларда ташкил этилиб, барча умумтаълим муассасаларининг психологлари иштирок этиши, уларга муҳим қўлланмалар, тавсиялар берилиши кўзда тутилган.
Хуршид ҒОЗИЕВ,
Самарқанд вилояти халқ таълими
бошқармаси психологи


Охирги ўзгариш вақти: 12/12/2019 07:02;   Кўрилганлиги: 105
 
Материал манзили: http://samvxtb.uz/press/news/maktab-psixologlari-malakasi-oshirilmoqda
Чоп этилган вақт: 23/02/2020 00:27
Матнни ўқиш учун ушбу тугмани босинг