Самарқанд вилояти
Халқ таълими бошқармаси
w w w . s a m x t b . u z

 

МЕМОРАНДУМ ТАРБИЯЛАНУВЧИЛАРНИНГ ОРЗУ-УМИДЛАРИНИ РЎЁБГА ЧИҚАРМОҚДА

Президентимизнинг 5 та муҳим ташаббусининг ижросини таъминлаш, Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчиларининг иқтидорини рўёбга чиқариш, улар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар содир этилишининг олдини олиш, тарбияланувчилар учун бошқа тенгдошлари билан тенг шароит яратиш мақсадида 2019 йил якуни арафасида вилоят прокуратураси ҳамда халқ таълими бошқармаси Жисмоний тарбия ва спорт жамғармаси вилоят бўлими, болалар мусиқа ва санъат мактаблари, қатор нодавлат ўқув марказлари билан ҳамкорликда Меморандум имзоланган эди.

Дарҳақиқат, ушбу Меморандум ўз-ўзидан юзага келмади. Дастлаб вилоят прокуратураси ходимлари ва тегишли муассаса ва ташкилотлар вакилларидан иборат ишчи гуруҳлар Самарқанд шаҳридаги 1- ва 10-Меҳрибонлик уйларида бўлиб, у ердаги тарбияланувчилар билан яқиндан мулоқотда бўлишди. Уларнинг қизиқишлари, орзу-умидларига қулоқ тутиб, уларнинг мурожаатлари асосида аниқ режалар белгилаб олинди. Ўз навбатида, тарбияланувчиларни умумтаълим мактабларидаги бошқа тенгдошлари қатори спорт билан шуғулланиши, театр, мусиқа ва санъат тўгаракларида иштирок этиши, китобхонлик билан машғул бўлиши учун ҳамкор ташкилотларнинг беминнат кўмагига зарурат туғилди. Қисқа фурсатларда вилоят прокуратураси ташаббуси билан халқ таълими бошқармаси, Жисмоний тарбия ва спорт жамғармаси вилоят бўлими, “FAST EDUCATION” ва “TA’LIM KO‘PRIGI” нодавлат ўқув марказлари ҳамда бир қатор болалар мусиқа ва санъат мактаблари билан ўзаро келишилган ҳолда Меморандум имзоланди. Мана қарийб уч ой ўтмоқдаки, ушбу ўзаро ҳамкорликда тузилган Меморандум меҳр-мурувватга муҳтож тарбияланувчилар, ўксик қалбларнинг орзу-умидлари, қизиқишлари, иқтидорини рўёбга чиқаришга хизмат қилиб келмоқда. Бугунги кунда 1-Меҳрибонлик уйининг 5 нафар тарбияланувчиси “FAST EDUCATION” нодавлат таълим марказида инглиз тилидан, яна 8 нафари бошқа ўқув марказларида умумтаълим фанларидан бепул қўшимча дарслардан билимини ошираётган бўлса, 10-Меҳрибонлик уйининг 8 нафар тарбияланувчиси “TA’LIM KO‘PRIGI” нодавлат таълим марказида, яна 8 нафари умумтаълим мактаблари ва академик лицейларда табиий, аниқ а ижтимоий гуманитар фанлардан беминнат сабоқ олиб келишмоқда. —Бугунги кунда “FAST EDUCATION” нодавлат таълим марказида инглиз тилидан бепул билим оляпман, — дейди 1-Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси Меҳрож Норбеков. — Келажакда инглиз тили ва бошқа фанларни пухта ўзлаштириб, Самарқанд давлат чет тиллар институига ўқишга топширмоқчиман. Айни пайтда қўшимча дарсларга қатнашаётганим бу борада мен учун катта имконият яратди. Таъкидлаш жоизки, Меморандум асосида тарбияланувчиларнинг қизиқишларига кўра спорт турлари билан шуғулланишини ташкил этиш вазифаси белгиланган эди. Энг муҳими, ушбу йўналишда ҳам эътиборга молик ишлар амалга оширилмоқда. Бугунги кунда 1- ва 10-Меҳрибонлик уйларининг жами 25 нафар тарбияланувчиси сузиш бўйича “Дельфин” сув ҳавзасида доимий машғулотларда қатнашиб келмоқда. Бундан ташқари, Меҳрибонлик уйларида ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари билан ҳамкорликда “Ўзбек жанг санъати”, “Кураш”, “Муай тай”, шахмат ва шашка спорт турлари бўйича тўгараклар фаолияти йўлга қўйилди. Қувонарлиси, ҳақиқий иштиёқ ва қизиқиш билан машғулотларда фаол иштирок этаётган ёш спортчи ўғил-қизлар ютуқларга эришмоқда. Мисол учун, 1-Меҳрибонлик уйида Меморандум асосида спортнинг “Ўзбек жанг санъати” тури бўйича тўгарак машғулотлари фаолият бошлаганига икки ой бўлди. Бугун ушбу муассасанинг 22 нафар турли ёшдаги тарбияланувчилари мураббий-ўқитувчи Исмоил Аббосовдан Ўзбек жанг санъатини пухта ўзлаштириб келмоқда. Шижоат ва иштиёқ, катта қизиқиш билан олиб борилган машғулотлар ўз самарасини бераётир. Жорий йилнинг 7 март куни Ўзбек жанг санъати бўйича болалар ва ўсмирлар ўртасида ўтказилган вилоят чемпионатида 1-Меҳрибонлик уйининг 9 нафар ёш спорчиси қатнашиб, 4 нафари биринчи, 2 нафари иккинчи ўринларни қўлга киритиб, муваффақиятга эришди. Буни, албатта, амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларининг меваси, дейиш мумкин. Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари ўртасида маданият, санъат, китобхонлик, компьютер технологиялари, пазандачилик ва бошқа йўналишда тўгараклар фаолияти йўлга қўйилиб, ҳамкорликда ишлар амалга оширилаётгани натижасида уларнинг бундай ютуқлар сонини яна узоқ санаш мумкин. Масалан, 10-Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси Пиримқул Тожибоев Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари ўртасида ўтказилган “Камалак жилоси” Республика кўрик-танловида қатнашиб, “Хитой менинг тасаввуримда” мавзусидаги рассомлик асари билан рағбатлантирувчи диплом ва эсдалик совғалар билан тақдирланди. Меҳрибонлик уйининг тарбияланувчилари Бахтигул Данакова, Зуҳра Алишерова “Аёлларга эҳтиром”, “Дўстлик ва ҳамжиҳатлик олий фазилат” номли иншолар танловида фаол иштирок этиб, вилоят халқ таълими бошқармасининг фахрий ёрлиғи ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 5 та муҳим ташаббуси ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши томонидан “Биз биргамиз” шиори остида Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари ўртасида ўтказилган “5Т Concours” кўрик-танловида 10-Меҳрибонлик уйининг 26 нафар тарбияланувчиси фаол қатнашди. Улар 5 ташаббуснинг биринчи ва иккинчи йўналишлари бўйича фахрий ёрлиқ соҳиби, учинчи ва бешинчи йўналиши бўйича 1-ўринни, тўртинчи йўналиш бўйича эса 2-ўринни эгаллаб, кўрик-танловда муносиб иштирок этди. Албатта, бундай ютуқларга эришилаётгани, шубҳасиз, бугун аввало, фарзандларимизнинг иқтидорини ривожлантириш, уларга ғамхўрлик кўрсатиш, орзу-истакларини рўёбга чиқариш йўналишида амалга оширилаётган амалий саъй-ҳаракатлар натижасидир. Меморандум асосида белгиланган вазифалар изчил давом этмоқда. Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати

Охирги ўзгариш вақти: 10/03/2020 12:53;   Кўрилганлиги: 67
 
Материал манзили: http://samvxtb.uz/press/news/memorandum-tarbiyalanuvchilarning-orzu-umidlarini-royobga-chiqarmoqda
Чоп этилган вақт: 07/04/2020 21:55
Матнни ўқиш учун ушбу тугмани босинг