Самарқанд вилояти
Халқ таълими бошқармаси
w w w . s a m x t b . u z

 

МЕТОДИСТЛАР ЎҚУВИ

Вилоят “Баркамол авлод” болалар марказида туман, шаҳар халқ таълими бўлимлари методистлари ҳамда аниқ, табиий, филология ва гуманитар фанларидан таянч мактаблар этиб белгиланган мактабларнинг тренер ўқитувчилари иштирокида “Компетенциявий ёндашувни амалиётга татбиқ этишнинг методик масалалари” ҳамда “Китобхонлик-баркамол шахс тарбиясида муҳим омил” мавзусида вилоят ўқув семинари ўтказилди.

Йиғилишда вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Қ.Саидов мамлакатимизда барча соҳаларда, хусусан, таълим тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва уларни  амалиётга татбиқ этишда халқ таълими тизими раҳбар ва педагог ходимларининг ўрни ҳамда вазифалари тўғрисида сўз юритди. Таъкидланганидек, методист ўзининг билими, салоҳияти, юриш-туриши, одоб-ахлоқи ва барча инсоний фазилатлари билан педагог ходимларга намуна бўлиши керак. Фан методисти ўз йўналишидаги фанларни ва дарсликлардаги мавзуларни пухта билиши, бадиий ва ўқув-методик адабиётларни кўпроқ ўқиб, ўқитувчиларга методик ёрдам кўрсатиши, методик тавсиялар тайёрлаб, янгиликларни ўз вақтида етказиши, асосийси, таълим сифати ва самарадорлигини оширишга ҳисса қўшиши лозим.

Семинар йиғилишида “Таълим-тарбия – комил инсонни вояга етказиш омили” мавзусида Самарқанд давлат университети ўзбек филологияси факультети катта ўқитувчиси Ғ.Ҳамроев, “Компетенциявий ёндашувни амалиётга татбиқ этишнинг методик масалалари” мавзусида вилоят ХТТРМХҚТМОИ ўқитувчиси Шаҳриёр Холбоев, “Китобхонлик-баркамол шахс тарбиясида муҳим омил” мавзусида вилоят ахборот-ресурс маркази раҳбари Юсуф Муҳаммадиев маъруза қилдилар.

-Бугунги семинарда белгиланган фанлардан таянч мактабларида ташкил этилаётган ўқув машғулотларининг мавзуларини белгилаш ҳамда уларни ўқитувчиларга етказиш методлари тўғрисида маълумотлар берилди, – дейди Пастдарғом туманидаги 4-умумтаълим мактаби она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Лайло Каримова. –  Шунингдек, таълим муассасаларида китобхонлик тадбирларини ташкил этиш, она тили ва адабиёт дарсларида ўқувчиларни бадиий адабиётга, китоб ўқишга қизиқтириш ҳамда ўқиганларини ёзма баён қилишга ўргатиш бўйича ҳам тавсиялар берилди.

Фанлар кесимида туман, шаҳар халқ таълими бўлимлари методистлари ва тренер ўқитувчилари томонидан ташкил этилган маҳорат дарсларида иштирокчилар ўзаро фикр ва тажриба  алмашдилар.


Киритилган вақти: 28/02/2018 08:26;   Кўрилганлиги: 177
 
Материал манзили: http://samvxtb.uz/press/news/metodistlar-oquvi
Чоп этилган вақт: 18/09/2019 06:15
Матнни ўқиш учун ушбу тугмани босинг