Самарқанд вилояти
Халқ таълими бошқармаси
w w w . s a m x t b . u z

 

НАВОИЙ ДАҲОСИГА ЭҲТИРОМ

Буюк ўзбек шоири, мутафаккири, ўзбек адабий тилининг асосчиси Низомиддин Мир Алишер Навоий таваллуд топган кун муносабати билан вилоятимиздаги таълим муассасаларида ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирларда Алишер Навоийнинг бой ва серқирра ижоди, ижодиётининг нафақат ўзбек адабиётида, балки жаҳон адабиётида ҳам салмоқли ўрин эгаллаши хусусида сўз бормоқда.

Вилоят халқ таълими бошқармаси, Каттақўрғон тумани халқ таълими бўлими томонидан Каттақўрғон туманидаги 55-умумий ўрта таълим мактабида адабий-бадиий тадбир ўтказилди. Тадбирда маҳалла фаоллари, ота-оналар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди. Тадбирда сўзга чиққанлар миллатимиз маънавияти ва адабиётининг сўнмас сиймоларидан бири - Мир Алишер Навоийнинг ҳаёти ва ижоди, бебаҳо асарлари ҳақида сўз юритиб, шоир ижодиёти ўзининг маънавий теранлиги ҳамда бадиий юксаклиги билан башарият мулкига айланганлигини таъкидлашди. Алишер Навоий асарларидаги эзгу ғоялардан ёшларимизни баҳраманд этиш, йигит-қизларни буюк аждодларимиз меросига юксак эҳтиром руҳида тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилаётганлиги эътироф этилди. Буюк мутафаккирнинг "Хамса", "Тарихи мулуки Ажам", "Мажолис ун-нафоис", "Муншаот", "Мезон ул-авзон", "Насойим ул-муҳаббат", "Девони Фоний” каби бебаҳо мероси адабиётимизнинг маънавий бойлигидир. Тадбирда алломанинг бетакрор ғазал ва рубоийларидан намуналар ўқилди, ёш истеъдод эгалари иштирокида концерт дастури намойиш этилди. Жонли ижродаги куй-қўшиқлар йиғилганлар қалбига завқ бағишлади. Мактаб кутубхонасида “Навоий асарларини ўрганамиз” деб номланган давра суҳбати ташкил этилди. Унда мактабнинг 8-11 синф ўқувчилари иштирок этиб, буюк аллома ижодига мансуб асарлар ҳақида давра суҳбати ўтказишди. Буюк адиб ижодидан намуналар ўқишди. “Навоийхонлик ойлиги” доирасида мактабнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчилари томонидан ўтказилаётган ноанъанавий дарслар, маънавият соатлари ва тадбирлар барчага манзур бўлмоқда. Дарҳақиқат, Навоий шеъриятнинг ўндан ортиқ жанрларида ижод қилган. Унинг ғазал, рубоий, туюқ, фард, қитъа, мухаммасларини ўқиб, бу каби жанрларда ҳеч бир шоир Навоийдек ижод қилмаганини англаймиз. "Умидим улдурки ва хаёлимга андоқ келурки, сўзим мартабаси авждан қуйи энмагай ва ёзган асарларимнинг тантанаси аъло даражадан ўзга ерни ёқтирмагай", деб ёзган эди буюк шоир. Дарҳақиқат, биринчи Президентимиз И.Каримов таъкидлаганидек, “Агар бу улуғ зотни авлиё десак, у авлиёларнинг авлиёси, мутафаккир десак, мутафаккирларнинг мутафаккири, шоир десак, шоирларнинг султонидир”. Бугун шоир асарлари дунё бўйлаб юксак парвоз этмоқда. Аҳли жаҳон унинг маънавият сарчашмасидан баҳраманд бўлмоқда.

Д.АБДУРАҲМОНОВА.


Охирги ўзгариш вақти: 08/02/2020 07:09;   Кўрилганлиги: 48
 
Материал манзили: http://samvxtb.uz/press/news/navoiy-dahosiga-ehtirom
Чоп этилган вақт: 22/02/2020 23:15
Матнни ўқиш учун ушбу тугмани босинг