Самарқанд вилояти
Халқ таълими бошқармаси
w w w . s a m x t b . u z

 

НОЯБРЬ – РУС ТИЛИ ВА АДАБИЁТИ ФАН ОЙЛИГИ

Фан ойлиги доирасида Самарқанд шаҳар, Самарқанд, Жомбой, Ургут, Пайариқ туманларининг ўқувчилари  фаол иштирок этишди.

         Жумладан, Самарқанд шаҳридаги 69-умумтаълим мактабида  ўтказилган тадбирда шаҳардаги барча умумтаълим мактабларининг рус тили ва адабиёт фани ўқитувчилари иштирок этишди.

         Театрлаштирилган тадбирда 69-мактабнинг ўқувчилари томонидан рус эртаклари қаҳрамонлари чиқишлари, қўшиқ ва рақслар юқори савияда ижро этилди.

Бундан ташқари Самарқанд шаҳридаги А.С.Пушкин номидаги кутубхонага ўқувчилар иштирокида экскурсия, А.Чехов номидаги рус театрига саёҳатлар уюштирилди. Рус тили ва адабиёт фани ўқитувчилари ўртасида рус тилида иншолар танлови ўтказилди. Худди шундай тадбирлар Самарқанд шаҳридаги 1-, 8-,13-, 15-, 21-, 28-, 29-, 31-, 34-, 37-, 46-, 48-, 49-, 50-, 73-мактабларида ҳам ўтказилди.

         Жорий йилнинг 20 ноябрь куни Самарқанд туманининг 10-мактабида рус тили фан ойлигига бағишланган Россиянинг Курск шаҳридан ташриф буюрган рус тили фани ўқитувчилари иштирокида “Маҳорат дарслари” ўтказилди. Мактабнинг юқори синф ўқувчилари билан биргаликда Самарқанд давлат университетининг рус тили ва адабиёти факультетига саёҳат уюштирилди.

         Жорий йилнинг 20 ноябрь куни Ургут туман халқ таълими бўлими рус тили ва адабиёти фани методисти Х.Суяров ҳамда 136-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби раҳбарияти билан ҳамкорликда рус тили фан ойлигига бағишланган бадиийлаштирилган тадбир ўтказилди. Тадбирга мактабда узоқ йиллар фаолият юритган, Давлат мукофотига сазовор бўлган фахрий ўқитувчилар таклиф этилди.  

         Худди шундай тадбирлар вилоятимизнинг узоқ туман, шаҳарларида ҳам уюшқоқлик билан ўтказилди. Жумладан, Қўшработ туманидаги                              12-умумтаълим мактабида рус тили ва адабиёти фан ойлигига бағишлаб тажрибали ўқитувчилар иштирокида “Намунали очиқ дарслар” ҳафталиги бўлиб ўтди. Ҳафталик давомида Қўшработ туманидаги 80 дан ортиқ умумтаълим мактабларининг тажрибали рус тили фани ўқитувчилари томонидан туманда фаолият юритаётган ёш ўқитувчилар учун намунали очиқ дарслар ташкил этилиб, янги методик тавсиялар, дарс ишланмалари электрон вариантда барча ўқитувчиларга тарқатилди. Ўқитувчилар ўзаро фикр ва тажриба алмашдилар.

       Жомбой туманидаги 11-умумтаълим мактабида ўтказилган тадбирда рус халқ эртаклари қаҳрамонлари тимсоли саҳна кўринишлари орқали намойиш этилди.  Жумладан, “Золотая рыбка”, “Золотой гребешок”, “Буратино”, “Сказка о рыбаки и рыбки” каби эртаклар қаҳрамонлари ўқувчилар билан  рус тилида мулоқот қилишиб, тадбирнинг янада қизиқарли ва эсда қоларли бўлишини таъминлади.

       Пайариқ туманидаги умумтаълим мактабларида ҳам рус тили фан ойлиги доирасида ўтказилган тадбирларда шеърият кечалари, адабий-бадиий тадбирларда ўқитувчи ва ўқувчилар фаол иштирок этишди.

                                                      Ш.Марупов, рус тили ва адабиёт фани методисти.


Охирги ўзгариш вақти: 05/12/2018 13:22;   Кўрилганлиги: 109
 
Материал манзили: http://samvxtb.uz/press/news/noyabr-rus-tili-va-adabiyoti-fan-oyligi
Чоп этилган вақт: 15/07/2019 21:27
Матнни ўқиш учун ушбу тугмани босинг