Самарқанд вилояти
Халқ таълими бошқармаси
w w w . s a m x t b . u z

 

Онлайн мулоқот

Умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида китобхонликни тарғиб этиш, уларнинг қалбида ватанпарварлик, эзгулик сингари юксак инсоний фазилатларга меҳр-муҳаббат уйғотиш мақсадида шоир ва ёзувчилар иштирокида (онлайн) видеомулоқотлар, маънавий-маърифий тадбирлар, китоб тақдимотлари, таниқли шоир ва ёзувчилар билан учрашувлар, давра суҳбатлари ва мушоиралар ташкил этилмоқда.

2017 йил 24 январь куни вилоят халқ таълими бош­қармасининг мажлислар залида ўтказилган нав­батдаги мулоқотда Ўзбе­кис­тонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Халқ ёзувчиси Худойберди Тўхтабоев иштирок этди.

Халқ таълими вазирлиги тасарруфидаги Мультимедиа ва умумтаълим дастурларини ривожлантириш марказида видеоконференция шаклида ташкил этилган ушбу мулоқотда вилоят Ахборот-ресурс маркази, Самарқанд шаҳридаги  умумтаълим мактаблари Ахборот-ресурс марказлари ходимлари, таниқли ижодкорлар, она тили ва адабиёт фани ўқитувчилари ва китобхон ўқувчилар иштирок этишди.

Беғубор болаликни жумбоқлар оламига ўхшатиш мумкин. Ватан тупроғининг саждагоҳ каби муқаддаслиги, эзгулик ва ёвузлик бу сеҳрли дунёнинг доимий сир-синоатидир.

Кичкинтойларни ана шу сир-синоат билан чуқур таништириш ва катта ҳаётга йўллашда болалар адабиёти зиммасига улкан масъулият юкланган.

1958 йилда бадиий ижодга кириб келган ижодкорнинг қисқа вақт орасида «Шошқалоқ», «Ёш гвардия», «Сир очилди», «Сеҳрли қалпоқча» номли китоблари нашрдан чиқди.

Ўтган йиллар давомида адибнинг «Омонбой ва Давронбой», «Сариқ девни миниб», «Сариқ девнинг ўлими», «Беш болали йигитча», «Қасоскорнинг олтин боши», «Йиллар ва йўллар», «Сеҳргарлар жанги ёки ширин қовунлар мамлакатида», «Жаннати одамлар» каби романлари дунёга келди. 1972 йилда «Сеҳрли қалпоқча» асари немис тилида чоп этилди. Уни ўзбекшунос, тилшунос олима Долераси Шулс таржима қилди.

Севикли болалар ёзувчиси 1982 йилда «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими», 1991 йилда «Ўзбе­кис­тон халқ ёзувчиси» унвонлари билан тақдирланди. Асарлари рус, инглиз, немис тилларига таржима қилиниб, чет давлатларда чоп этилди.

Адиб қаламига мансуб ҳар бир ҳикоя, қисса ва романлар болаликнинг беғубор олами, халқ тарихи, тақдири билан боғлиқ муҳим муаммоларнинг бадиий ифодаси сифатида кичик китобхонлар тарбиясига хизмат қилмоқда. Уларда яратилган ўнлаб қаҳрамонлар болаларнинг севимли маслакдоши ва маслаҳат­гўйига айланган.

Мулоқот давомида ўқувчилар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар олишди.


Охирги ўзгариш вақти: 24/11/2017 08:13;   Кўрилганлиги: 77
 
Материал манзили: http://samvxtb.uz/press/news/onlayn-muloqot
Чоп этилган вақт: 17/06/2019 20:13
Матнни ўқиш учун ушбу тугмани босинг