Самарқанд вилояти
Халқ таълими бошқармаси
w w w . s a m x t b . u z

 

Оқдарёда мажбурий меҳнат амалга оширилмаган

Интернетдаги ижтимоий тармоқлар орқали Самарқанд вилояти “Оқдарё туманидаги 38-умумтаълим мактаб ўқитувчилари мактаб стадионини ободонлаштиришга олиб чиқилди” деган мазмунда ёритилган материал юзасидан ахборот

Интернетдаги ижтимоий тармоқлар орқали Самарқанд вилояти, Оқдарё туманидаги 38-умумтаълим мактаб ўқитувчилари мажбурий меҳнатга жалб қилинаётганлиги, хусусан, жазирама иссиқда айрим ўқитувчилар мактаб стадионида тозалаш ишларини олиб бораётганлиги тўғрисида хабар тарқалган. Самарқанд вилояти Халқ таълими бошқармаси туман ҳокимлиги, туман прокуратураси вилоят бандлик бошқармаси ҳамда туман халқ таълими бўлими вакилларидан иборат ишчи гуруҳ ижтимоий тармоқларда тарқалган хабар юзасидан ўрганиш олиб борди.

Ишчи гуруҳи томонидан олиб борилган ўрганиш давомида Оқдарё туманида 38-мактаб ўқитувчилари томонидан мактаб ҳудудида жойлашган стадионда олиб борилган ободонлаштириш ишлари ўқитувчилар ўзлари фаолият юритаётган таълим муассасасининг озодалигини сақлаш мақсадида ташкил этилганлиги аниқланди. Мазкур мактабда ҳеч қайси ўқитувчи мажбурий тарзда ободонлаштиришга жалб қилинмаган. Аксинча, янги ўқув йили бошланиши олдидан мактаб ҳудудида тозаликни сақлаш ва ободонлаштиришни амалга ошириб, янги ўқув йилига муносиб тайёргарлик кўриш мақсад қилинган.

 Ишчи гуруҳ Оқдарё туманидаги 38-мактаб ўқитувчилари билан мулоқот ўтказишди. Мазкур умумтаълим мактабида жами 70 нафар ўқитувчи фаолият олиб боради. Айни пайтда уларнинг 50 нафари меҳнат таътилидан қайтган. Мактаб ўқитувчилари иштирокида ижтимоий тармоқларда тарқалган мажбурий ободонлаштириш юзасидан ўқитувчиларни жамоат ишларига жалб этиш ҳолатига аниқлик киритиш мақсадида савол-жавоб ўтказилди. Ўтказилган суҳбат давомида ўқитувчилар мактаб маъмурияти, туман халқ таълими бўлими ва бошқа бир ташкилот томонидан ҳеч қандай мажбурий ободонлаштириш ишига жалб қилинмаганлигини билдириб ўтишди.

Хусусан, мактабнинг ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари М.Қувондиқова мактабда фан ўқитувчилари 2019 йилнинг 1 августидан меҳнат таътилидан ишга қайтганлиги ва улар ўз иш режалари асосида ишлари билан машғул эканлигини, мактабда ҳеч қандай ўқитувчи ёки педагог мажбурий меҳнатга жалб қилинмаганлигини билдириб ўтди.

Шунингдек, мактабнинг хўжалик ишлари бўйича директор ўринбосари О.Эргашев мактабда таъмирлаш ишлари ниҳоясига етказилиш арафасида эканлигини таъкидлаб, мактабдаги техник ходимлар жамоаси янги ўқув йили олдидан ободонлаштириш ишларини ниҳоясига етказиш мақсадида ўз ихтиёри билан мактаб ҳудудини тозалашганлиги, ободонлаштириш ишларига ўқитувчилар жалб этилмаганлигини таъкидлади.

Қолаверса, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 10 августдаги 672-Ф-сон фармойишига асосан 2019 йилнинг 15-30 август кунлари мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ободонлаштириш ва тозалик ойлиги деб эълон қилинган. Шунингдек, жорий йилнинг 13 август куни Халқ таълими вазирлигининг 264-сонли буйруғига асосан, 15-30 август кунлари халқ таълими муассасаларида ободонлаштириш ва тозалик ойлиги ҳамда 17-18 август кунлари умумхалқ хайрия ҳашарини ўтказиш белгиланган.

Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, халқимизда “Ободлик бор жойда хайр-барака бўлади”, “Сариштали уй-фариштали уй” деган ҳикматли нақллар бор. Қолаверса, халқимизнинг неча минг йиллик миллий қадриятлари, урф-одатлари борки, уларда ўзбек халқининг ўзига хос миллий анъаналари ўз ифодасини топган. 

Яқин кунларда Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 28 йиллигини муносиб нишонлаш арафасида турган бир пайтда таълим муассасининг ҳудудида олиб борилган ободонлаштириш ишларини мажбурий меҳнат деб айтишнинг ўзи уят эмасми?!


Охирги ўзгариш вақти: 17/08/2019 07:56;   Кўрилганлиги: 115
 
Материал манзили: http://samvxtb.uz/press/news/oqdaryoda-majburiy-mehnat-amalga-oshirilmagan
Чоп этилган вақт: 20/11/2019 05:59
Матнни ўқиш учун ушбу тугмани босинг