Самарқанд вилояти
Халқ таълими бошқармаси
w w w . s a m x t b . u z

 

“Ўқитувчи иккинчи қаватдан итариб юборди”, деб ўқувчининг ёлғон маълумот беришига нима сабаб бўлди?

Жорий йилнинг январь ойи дастлабки кунларида Иштихон туманидаги 3-умумтаълим мактабида ўқитувчи ўқувчини иккинчи қаватдан итариб борганлиги билан боғлиқ ижтимоий тармоқларда турли маълумотлар тарқалди.

Ушбу ҳолат юзасидан тегишли тартибда олиб борилган ишлар юзасидан 2020 йил 13 январь санаси билан Иштихон туман ИИБнинг “Жиноят ишини қўзғатишни рад этиш ҳақида”ги қарори тасдиқланган.

Унда таъкидланганидек, Иштихон туманидаги 3-умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси Суҳроб Қаршибоевнинг отаси Дилшод Пирназаровнинг 2020 йил 3 январда шу мактабда маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари бўлиб ишлаб келаётган Адҳам Рўзиевнинг ўғлига тан жароҳати етказиб, уни мактаб биносининг иккинчи қаватидаги деразадан итариб юборганлиги тўғрисида ариза билан мурожаат қилган.

Ҳолат юзасидан Иштихон туман ИИБ ҳузуридаги ТБ суриштирувчиси, капитан Ф. Носиров терговга қадар суриштирув ишлари олиб борган ҳамда Иштихон туман Суд-тиббий экспертиза бўлимининг эксперти Ҳасан Абдумўминовнинг хулосалари ўрганилган.

Суҳроб Қаршибоевдан отаси Дилшод Пирназаровнинг иштирокида видео тасвир орқали тушунтириш хати олинганда, ўқувчи қариндошларига дастлаб директор ўринбосари Адҳам Рўзиевнинг иккинчи қават деразасидан итариб юборганлиги тўғрисида ёлғон маълумот берганлиги, аслида Адҳам Рўзиевдан танбеҳ эшитмаслик учун ўзини пастга ташлаганлигини таъкидлаган. Айни пайтда Адҳам Рўзиевдан даъвойи йўқлигини маълум қилган.

Терговга қадар текширув ишлари давомида ҳолат бўйича гувоҳлар Зиёда Ғофурова, Шоҳида Ўтаева, Малика Самадова, Хумора Шамсиеваларнинг тушунтириш хатлари, Адҳам Рўзиевнинг кўрсатмалари асосида тўпланган ҳужжатларга кўра, Адҳам Рўзиевнинг хатти-ҳаракатларида жиноят аломатлари аниқланмаганлиги сабабли жиноят ишини рад этиш бўйича қарор қабул қилинган.

Самарқанд вилояти халқ таълими

бошқармаси ахборот хизмати.


Охирги ўзгариш вақти: 13/02/2020 09:38;   Кўрилганлиги: 101
 
Материал манзили: http://samvxtb.uz/press/news/oqituvchi-ikkinchi-qavatdan-itarib-yubordi-deb-oquvchining-yolgon-malumot-berishiga-nima-sabab-boldi
Чоп этилган вақт: 28/02/2020 01:09
Матнни ўқиш учун ушбу тугмани босинг