Самарқанд вилояти
Халқ таълими бошқармаси
w w w . s a m x t b . u z

 

Ўзбекистон “Маърифатпарварлар” жамияти Самарқанд вилоят бўлимининг ижтимоий тармоқларда ўқитувчилар ойлигидан мажбурий бадал талаб қилинаётганлиги тўғрисида тарқалган маълумотларга муносабати

Жорий йилнинг 27 февраль куни ижтимоий тармоқларда тарқалган Ўзбекистон “Маърифатпарварлар” жамияти Булунғур туман ҳудудий бўлинмаси томонидан мажбурий бадал тўловлари талаб қилинаётганлиги тўғрисида маълумот тарқалди.

Ушбу ҳолат юзасидан Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ҳамда Ўзбекистон “Маърифатпарварлар” жамияти Самарқанд вилоят бўлими масъул ходимлари томонидан ўрганиш ишлари олиб борилди.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон «Маърифатпарварлар» жамияти 1999 йил 23 апрелда Республика таъсис мажлисида ташкил қилинган. 1999 йил 10 сентябрда Самарқанд вилоят бўлими ташкил қилиниб, 370-сон рақам билан Адлия бошқармасидан рўйхатдан ўтган. Ўзбекистон «Маърифатпарварлар» жамиятининг 2015 йил 23 январь 1-сонли Конференциясида Ўзбекистон “Маърифатпарварлар” жамияти Қорақалпоғистон Республикаси, Вилоятлар ва Тошкент шаҳар бўлимларининнг Низомини тасдиқлаш тўғрисида қарори қабул қилинган.

Шу жумладан Республиканинг барча вилоятлари каби “Маърифатпарварлар” жамияти Самарқанд вилоят бўлими 2015 йил 26 февралда 115-cонли гувоҳнома билан Самарқанд вилоят Адлия бошқармасидан қайта рўйхатдан ўтган ва янги таҳрирдаги Низоми тасдиқланган. Ҳозирги кунда Ўзбекистон «Маърифатпарварлар» жамияти раиси Убайдулло Уватов ишлаб келмоқда.

Ўзбекистон “Маърифатпарварлар” жамиятининг асосий мақсад ва вазифалари халқимизнинг маърифий маданиятини юксалтириш, миллий ва умуминсоний қадриятларни уйғунлаштириш, замонавий дунёқараш ва билимларга эга бўлган, ватанпарвар ва маърифатли инсонларни тарбиялаш ишига кенг жамоатчиликни сафарбар этиш, бу йўналишдаги ишларни тарғиб этиш маърифат соҳасидаги муаммоларни ҳал этишга кўмаклашишдан иборатдир.

Низомнинг 4.3. бандида жамиятга аъзоликка қабул қилинувчи шахсий аризасига асосан ихтиёрий равишда қабул қилинади. Ушбу Низомнинг 6.2. бандида аъзо бўлган ходимнинг иш ҳақидан ҳар ойда 1 фоиз миқдорида аъзолик бадали ушланиши белгиланган. 6.3. бандида туман бўлинмасига умумий тушган аъзолик бадалининг 50 фоизи вилоят бўлимига ўтказилиши белгиланган. Туманда қолган 50 фоиз аъзолик бадаллари маънавий-маърифий мақсадларда ўтказиладиган тадбирларга, жумладан, таълим муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга, таълим-тарбия соҳасида самарали фаолият кўрсатаётган илғор тажрибали мутахассисларнинг иш тажрибаларини оммалаштириш ва уларни рағбатлантиришга, нафақадаги педагогларнинг ҳолидан хабар олиш белгиланган. Хусусан, Президентимизнинг ташаббуси билан Оқдарё туманида “Устоз” санаторияси ташкил қилинган.

Ушбу санаторияда вилоятдаги ўқитувчилар имтиёзли йўлланмалар орқали дам олишади. Йўлланмалар педагоглар учун ташкил қилинган бўлиб, “Маърифатпарварлар” жамияти Самарқанд вилоят бўлими томонидан молиялаштирилади ва педагогларнинг соғлиқларини тиклаш учун сиҳатгоҳга йўлланмалар ажратилишига сафарбар этилади.

Бугунги кунда Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ҳамда Ўзбекистон “Маърифатпарварлар” жамияти Самарқанд вилоят бўлими томонидан жамиятнинг ҳудудий бўлинмалари фаолияти доимий назоратга олинган. Бу борадаги муаммоларни ижобий ҳал этиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Ўқитувчиларнинг шахсий аризалари бўлмаган тақдирда улардан аъзолик бадаллари мажбурий равишда ушланишига йўл қўйилмайди.

Ҳозирги кунда ўқитувчилар мажбурий равишда аъзоликка қабул қилинмаган ва аъзолик бадаллари йиғилмаган. Ижтимоий тармоқларда тарқалган суратлар ариза ёзиш намунаси бўлиб, ўқитувчиларнинг ойлик иш ҳақларидан мажбурий равишда бадал пуллари йиғилмаслиги қатъий назоратга олинган.

Ўзбекистон “Маърифатпарварлар” жамияти Самарқанд вилоят бўлими


Охирги ўзгариш вақти: 29/02/2020 11:00;   Кўрилганлиги: 132
 
Материал манзили: http://samvxtb.uz/press/news/ozbekiston-marifatparvarlar-jamiyati-samarqand-viloyat-bolimining-ijtimoiy-tarmoqlarda-oqituvchilar-oyligidan-majburiy-badal-talab-qilinayotganligi-togrisida-tarqalgan-malumotlarga-munosabati
Чоп этилган вақт: 04/04/2020 18:45
Матнни ўқиш учун ушбу тугмани босинг