Самарқанд вилояти
Халқ таълими бошқармаси
w w w . s a m x t b . u z

 

Ўзбекистонлик мутахассислар Россия Федерациясида малака оширишди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Халқ таълими вазирлиги ва унинг ҳудудий бошқармалари, Республика таълим маркази ҳамда Таълим сифатини баҳолаш бўйича халқаро тақиқотларни амалга ошириш миллий маркази мутахассисларидан иборат 20 кишилик Ўзбекистон делегацияси таълим сифатини баҳолаш юзасидан PISA, PIRLS, TIMSS халқаро тадқиқотларга тайёргарлик кўриш бўйича Россия Федерацияси тажрибасини ўрганиш мақсадида жорий йилнинг 17-23 февраль кунлари Москва шаҳрида хизмат сафарида бўлишди.

2019 йил 18-22 февраль кунлари Москва шаҳрида Жаҳон банки ва Россия тренинг маркази билан ҳамкорликда ўтказилган “Таълим сифатини баҳолаш тизимида халқаро солиштирма тадқиқотлар - мактаб таълимини такомиллаштириш механизми сифатида” мавзусидаги семинар-тренингларда таълим сифатини баҳолаш ва халқаро тадқиқотлар соҳасидаги етук мутахассислар ҳамда халқаро экспертлар томонидан маърузалар, давра суҳбатлари ташкил этилди.

Семинарларда Россия тренинг марказининг “Таълим соҳасида менеджмент” факультети декани Е.А.Ленская, Россия таълим академияси таълимни ривожлантириш стратегияси институтининг Таълим сифатини баҳолаш маркази раҳбари Г.С.Ковалева, Таълим сифатини баҳолаш бўйича Евроосиё ассоциацияси президенти, Россия Таълим академияси академиги В.А.Болотов ҳамда “Иқтисодиёт олий мактаби” Миллий тадқиқот университетининг таълим институти халқаро таҳлил лабораторияси раҳбари ўринбосари А.Б.Захаровлар томонидан тренинг машғулотлари олиб борилди.

        Шунингдек, тренер ўқитувчилар В.А.Болотов “Глобал ўзгаришлар даврида турли даражадаги таълим сифатини баҳолаш тизимининг ривожланиш тенденциялари”, Г.С.Ковалева “Таълим сифатини баҳолаш бўйича халқаро солиштирма тадқиқотларда Россиянинг иштироки”, Е.А.Ленская “Яхши таълим тизими қандай қилиб ўзининг салоҳиятини оширади?”, А.Б.Захаров “Таълим сифатини баҳолаш бўйича халқаро солиштирма тадқиқотлар натижаларининг комплекс таҳлиллари” мавзуларида маърузалар қилишди.

          Россия тренинг маркази Таълим сифатини баҳолаш маркази катта мутахассиси Г.А.Сидорова “PISA - 2020-2021 тадқиқотлар доирасида асосий мактаб битирувчиларининг ўқиш саводхонлигини баҳолаш”,  Таълим сифатини баҳолаш маркази табиий-илмий лабораторияси мудири А.Ю.Пентин “PISA - 2020-2021 тадқиқотлар доирасида асосий мактаб битирувчиларининг табиий фанлар бўйича саводхонлигини баҳолаш”, Таълим сифатини баҳолаш маркази математика фанлари лабораторияси мудири Л.О.Рослова “PISA - 2020-2021 тадқиқотлар доирасида асосий мактаб битирувчиларининг математик саводхонлигини баҳолаш”, маориф нашриётларини ривожлантириш департаменти директори О.Б.Логинова “PISA - 2020-2021 тадқиқотларида инновацион йўналиш – асосий мактаб битирувчиларининг креатив фикрлашини баҳолаш”, ижтимоий-гуманитар таълим марказининг катта илмий ходими Е.Л.Рутковская “Халқаро тадқиқотлар методологияси ва баҳолаш мезонларидан миллий ўқув-услубий ва ўлчов материалларини яратишда фойдаланиш” мавзуларида мазмунли машғулотлар олиб боришди. Машғулотлар мавзулари семинар-тренинг иштирокчилари томонидан катта қизиқиш билан тингланди, қизғин муҳокама ва мунозараларга бой бўлди.

Таълим сифатини баҳолаш тизимини такомиллаштириш, халқаро тадқиқотларни амалга оширишда халқаро тажрибаларни ўрганишга оид маърузалар давомида халқаро экспертлар ва мутахассислар томонидан билдирилган фикрлар тренинг иштирокчиларида катта таассурот қолдирди.

Россия Федерациясининг Москва шаҳрида ўтказилган мазкур ўқув машғулотларида Ўзбекистон делегацияси таркибида Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси Таълим муассасасалари фаолиятини ташкил этиш бўлими бошлиғи Ғ.Бобохолов иштирок этиб, Россия тренинг марказининг  сертификати билан тақдирланди.

 

 

                                                         Бошқарма Ахборот хизмати.


Охирги ўзгариш вақти: 01/03/2019 13:59;   Кўрилганлиги: 273
 
Материал манзили: http://samvxtb.uz/press/news/ozbekistonlik-mutaxassislar-rossiya-federatsiyasida-malaka-oshirishdi
Чоп этилган вақт: 07/12/2019 20:37
Матнни ўқиш учун ушбу тугмани босинг