Самарқанд вилояти
Халқ таълими бошқармаси
w w w . s a m x t b . u z

 

Пайариқ ва Оқдарё туманидаги мактабларда кузатилган камчиликларни вилоят халқ таълим бошқармаси ўрганди

Жорий йилнинг 7 август куни сайтимизда “Оқдарё мактабларига вазирнинг ҳаваси келгани ростми, Пайариққа-чи?” сарлавҳали мақола эълон қилинганди ва унда юқоридаги икки туманнинг айрим мактабларидаги камчиликлар кўрсатилган эди.

Мазкур мақола юзасидан Самарқанд вилоят халқ таълими бошқармаси расмий муносабат билдирди.

Унда айтилишича, Оқдарё тумандаги 12 ва 15-умумтаълим мактабларидаги камчиликлар бартараф этилган. Яъни мактаблар марказдан узоқда жойлашгани боис телефон тармоғига уланмаган ва шу сабабли интернетдан фойдаланишлари учун “Uzmobile” телефон аппаратлари билан таъминланган. Вилоят халқ таълими бошқармаси томонидан ҳар ойда “Uzmobile” телефон аппаратлари орқали интернет тармоғидан фойдаланишлари учун пул тўлаб борилади.

12-умумий ўрта таълим мактабининг футбол майдони ён чизиқлари чизилиб, 15-умумтаълим мактаби ҳудудида жойлашган катта кучланишдаги трансформаторнинг эшиклари ўз жойига ўрнатилди. Мактабнинг бўш турган жойига терак кўчатлари экиш режалаштирилди ва бу борада амалий ишлар олиб борилмоқда.

Шу билан бирга, Пайариқ туманидаги 5-умумий ўрта таълим мактабининг спорт майдончаси бегона ўтлардан тозаланди, спорт залга спорт жиҳозлари қўйилди. 6-умумтаълим мактабда синфхоналарнинг етишмаслиги сабабли мактабга Пайариқ тиббиёт коллежи биносидан 12 та хона ажратилди,  таъмирталаб чироқлар ўрнига тежамкор лампалар қўйилди. 87-умумтаълим мактабида ҳеч ким йўқлигига сабаб эса ўша куни муассаса директорининг онаси вафот этганлиги ва унинг ўринбосарлари тумандаги 79-умумтаълим мактабида ташкил этилган “Халқаро таълим тизимида таълим сифатини баҳолаш соҳасидаги халқаро тадқиқотларни ташкил этиш бўйича” ўқув семинарда бўлган.

Келгусида бундай камчиликлар юз бермаслиги учун юқорида номлари келтирилган умумтаълим мактаблари хўжалик ишлари бўйича директор ўринбосарлари ва масъуллар огоҳлантирилди.


Охирги ўзгариш вақти: 10/08/2019 08:10;   Кўрилганлиги: 123
 
Материал манзили: http://samvxtb.uz/press/news/payariq-va-oqdaryo-tumanidagi-maktablarda-kuzatilgan-kamchiliklarni-viloyat-xalq-talim-boshqarmasi-organdi
Чоп этилган вақт: 23/11/2019 04:42
Матнни ўқиш учун ушбу тугмани босинг