Самарқанд вилоят ҳокимлиги
Халқ таълими бошқармаси
w w w . s a m x t b . u z

 

ПУХТА РЕЖАЛАР СОҲА РИВОЖИГА ХИЗМАТ ҚИЛАДИ

2017 йил 19 август куни вилоят ҳокимлигида халқ таълими ҳамда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизими раҳбар ва педагог кадрларининг Август кенгаши ялпи йиғилиши бўлиб ўтди.

Барча туман ва шаҳарларга видеоселектор тарзида намойиш этилган йиғилишда вилоят ҳокими ўринбосари Азамат Умаров маърузасида ўтган ўқув йили таҳлили, йўл қўйилган камчиликлар янги ўқув йили учун муҳим ва устувор вазифаларни белгилаб олишга эътибор қаратилди.

Таъкидландики, Юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг халқ билан учрашувларида, виртуал қабулхонага ота-оналардан умумтаълим мактабларида 10-11 синфларни қайта ташкил этиш бўйича кўплаб таклифлар келиб тушди.

Ота-оналар ва 9-синф битирувчилари билан ўтказилган суҳбатлар натижасида 55340 нафар 9-синф битирувчиларидан 1165 нафари академик лицейларда, 15000 нафари касб-ҳунар коллежларида, 39142 нафари умумтаълим мактабларининг 10-синфида ўқиш истагини билдирган.

Мактабларда 11 йиллик мажбурий таълим тизимининг жорий қилиниши фарзандларимизнинг келажагига таъсир қилишини ва бу жараён жуда мураккаблигини эътиборга олиб, мазкур жараёнга ўта масъулият билан ёндашиш лозим.

Ўз навбатида, Юртбошимиз томонидан тизимда меҳнат қилаётган педагоглар олдига аниқ вазифа ҳам қўйилди: “Янгича фикрловчи кишиларни тайёрламасдан, тарбия қилмасдан ўз олдимизга қўйган вазифа ва мақсадларни рўёбга чиқара олмаймиз”.

Вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Рустам Юлдашев, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Азиз Насимов тизимда юзага келган муаммолар, оғриқли масалалар, камчилик ва нуқсонларни бартараф этиш юзасидан ўз мулоҳазаларини баён этди.

– Ўқитувчиларнинг дарсларга тайёргарликсиз келиши, илғор педагогик технологиялар, кўргазмали воситалар ва ноанъанавий дарс услубларидан фойдаланмаётгани билан боғлиқ ўнлаб салбий ҳолатлар ўқитувчининг касб этикасига мутлақо тўғри келмайди, – дейди Р.Юлдашев. – Таълим муассасаларига ўқувчи-ёшларни тўлиқ жалб этиш, 11 йиллик таълимнинг узлуксизлиги ва мажбурийлигини таъминлашда жиддий масалалар ўз ечимини кутиб турибди. Ўқувчилар давомати, мунтазам дарсларга келмайдиган ёшлар билан ишлашни тизимли ташкил этиш лозим.

11 йиллик мажбурий таълим жорий қилиниши муносабати билан мактабларда жорий йилда 12 фандан 42820 тўплам дарсликларга эҳтиёж юзага келди. 2018-2021 йиллар давомида ўқувчиларнинг сонидан келиб чиқиб, дарсликлар тўплами 57 минг 338 тагача етказилади. Мактабларда ҳозирги вақтда 45730 нафар ўқитувчилар фаолият кўрсатиб, 10-синфларининг очилиши муносабати билан 2364 нафар ўқитувчига эҳтиёж мавжуд.

Умумтаълим мактабларида махсус чуқурлаштирилган тайёргарликни талаб этмайдиган автослесарь, тикувчи, бўёқчи, дизайнер-фотограф, заргар, каштачилик, кулолчилик, қандолатчилик, новвой, ошпаз, сартарош, чилангар, дурадгор, сувоқчи каби 50 дан ортиқ касбларнинг ўқув ишлаб чиқариш мажмуаларида ўқитиш йўлга қўйилади ва шу касблар бўйича ишга жойлашишлари учун сертификатлар берилади.

Ўқув ишлаб чиқариш мажмуалари 460 та мактаблар учун 166 та мактаб базасида, 756 та мактаблар учун эса 61 та касб-ҳунар коллежи базасида ташкил этилиши белгиланди.

Президентимизнинг 2016 йил 29 декабрдаги “2017 – 2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида вилоятда 2021 йилгача 281 та мактабгача таълим муассасасини қуриш ва реконструкция қилиш ҳамда 21000 нафар тарбияланувчиларга мўлжалланган 420 та қисқа муддатли гуруҳларни ташкил қилиш орқали мактабгача таълим муассасаларига қамровни кескин оширишимиз керак бўлади.

Анжуман якунида бир гуруҳ фаол, самарали фаолият кўрсатган педагоглар, таълим муассасалари раҳбарлари вилоят ҳокимлиги ҳамда бошқармаларнинг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.


Киритилган вақти: 20/08/2017 08:12;   Кўрилганлиги: 22
 
Материал манзили: http://samvxtb.uz/press/news/puxta-rejalar-soha-rivojiga-xizmat-qiladi
Чоп этилган вақт: 21/04/2019 01:37
Матнни ўқиш учун ушбу тугмани босинг