Самарқанд вилояти
Халқ таълими бошқармаси
w w w . s a m x t b . u z

 

Самарқандда “IT markaz” очилади

Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус доирасида ташкил этиладиган ахборот технологиялари марказига 14 дан 30 ёшгача бўлган ёшлар қабул қилинади. Бу ҳақида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгашида бўлиб ўтган тақдимотда маълум қилинди. Таъкидланишича, ушбу марказда ёшларга Mobil, Desktop ва Web платформалар учун дастурий воситалар ишлаб чиқиш, робототехника, ақлли тизимлар ишлаб чиқиш ҳамда ахборот хавфсизлиги йўналишларида таълим берилади. Вилоят ёшлар марказида иш бошлайдиган нотаълим муассасада таълим бериш жараёни учта босқичдан иборат бўлиб, биринчи босқичда ўқувчиларни танлаб олиш учун икки ҳафталик махсус курслар, иккинчи босқичда белгиланган йўналишлар бўйича асосий 3 ойлик махсус ўқитиш жараёнлари ва учинчи босқичда эса ўқувчилардан умумлашган гуруҳлар ташкил этилиб, уларда ягона лойиҳа устида гуруҳ билан ишлаш кўникмаси ҳосил қилинади.

Марказда ўқувчилар бепул таълим олиш имконига эга бўлишади. Қолаверса, уларнинг яратган дастурлари, фойдали қурилмалари учун алоҳида ҳақ тўланиши кўзда тутилган. Ўқитиш жараёнини муваффаққиятли тамомлаган гуруҳлардан StartUp жамоалар ташкил эътилиб, ҳар бир жамоа белгиланган вақт ичида марказ томонидан берилган лойиҳаларнинг бирида қатнашади. Махсус сертификатни қўлга киритган битирувчилар келгусида тугатган йўналишлари бўйича шу соҳада фаолият юритувчи ташкилотларда ишлаш имкониятига эга бўлади. — Республикада биринчи бўлиб Самарқандда ташкил этилаётган мазкур марказ фаолиятини йўлга қўйиш учун 1 миллард сўм маблағ ажратилган бўлиб, 3 ойдан сўнг ўз фаолиятини бошлайди, — дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши бўлим мудири Мақсуд Сатторов. — Марказ аъзолари ўзлари қизиққан йўналишни мукаммал ўзлаштиргач, уларнинг бандлиги таъминланади. Ёшлар яратган ишланмалар тегишли корхона ва ташкилотлар билан ҳамкорликда тўғридан-тўғри ишлаб чиқаришга йўналтирилади. Тадбир доирасида ТАТУ Самарқанд филали талабалари томонидан яратилган фойдали қурилма ва лойиҳаларнинг кўргазмаси ташкил этилди.

Охирги ўзгариш вақти: 16/08/2019 17:40;   Кўрилганлиги: 63
 
Материал манзили: http://samvxtb.uz/press/news/samarqandda-it-markaz-ochiladi
Чоп этилган вақт: 16/10/2019 08:06
Матнни ўқиш учун ушбу тугмани босинг