Самарқанд вилояти
Халқ таълими бошқармаси
w w w . s a m x t b . u z

 

САЙЛОВ ОЧИҚЛИК ВА ОШКОРАЛИК АСОСИДА ЎТКАЗИЛДИ

   2018 йил 15 октябрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида”ги қонуни бевосита маҳалла ҳаётига дахлдор бўлиб, унинг фаолият мезонларини белгилаб берди.

   Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови юртимиз ҳаётидаги муҳим ижтимоий-сиёсий жараён саналади. Мазкур воқелик мамлакатимизда шаклланган демократик сайлов тизимининг узвий қисми бўлиб, унда фуқаролар ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этади. Бу жиҳатларга Ўзбекистон Республикасининг “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида”ги қонунида алоҳида эътибор қаратилган.

Сайлов жараёни туман, шаҳар ҳокимликларидан бириктирилган вакиллар, сайловга кўмаклашувчи комиссия, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш институти вакиллари ва депутатлар иштирокида холис ва ошкора ўтказилди.

   Мазкур жараёнда туман, шаҳарлардаги маҳаллалар ҳудудида жойлашган  539 та умумтаълим мактаблари сайлов участкалари этиб белгиланиб, сайлов жараёнининг адолатли ўтказилишида  ўз ҳиссаларини қўшишди.

  Жумладан, Самарқанд туманидаги 74 та маҳалла фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловининг аксарияти тумандаги умумтаълим мактаблари биносида ташкил этилиб, сайловлар кўтаринки руҳда ўтказилди.

  Айниқса сайлов жараёнлари бошланишида тумандаги “Талибарзуи поён” МФЙ раиси (оқсоқоли) сайловининг ўтказилиши намунавий ташкил этилиб, вилоят миқёсида кўргазмали семинар ўтказилди.

  Мазкур кўргазмали семинар ва сайлов йиғилишида вилоят ҳокими ўринбосари Ж.Ўроқов, туман ҳокими Ш.Жамолов, туман маҳалла жамғармаси раиси ўринбосари М.Набиев ҳамда ҳудуддаги корхона, ташкилотлар раҳбарлари иштирок этдилар.

  Ушбу сайловда маҳалла фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимида уч нафар номзодлар фуқароларнинг вакиллик йиғилишларида сайланган бўлиб, туман ҳокими ва тумандаги ўзини ўзи бошқариш органлари сайловига кўмаклашувчи Кенгаши томонидан маъқулланиб, ижобий хулоса берилди. Сайлов якунига кўра, С.Баҳромов “Талибарзуи поён” маҳалла фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) этиб сайланди.

   Шунингдек, Тойлоқ туманидаги 13 та маҳаллада фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови ўтказилди.

Якуний натижаларга кўра, тумандаги “Нурли йўл” маҳалласида жойлашган 15-мактабда ўтказилган сайловда Х.Исрофилова, “Муборак” маҳалласида жойлашган 14-мактабда ўтказилган сайловда М.Мавлонов маҳалла фуқаролар  йиғини раиси (оқсоқоли) вазифасига сайланди.

  Қонун устувор бўлган юртимизда фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови вилоятимиздаги барча сайлов участкаларида уюшқоқлик билан ўтказилиб, аҳоли вакиллари муносиб номзодларга овоз беришди.

    Сайлов жараёни оммавий ахборот воситалари орқали кенг ёритилиб, аҳолининг юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларда фаол  бўлиши ва эртанги кунга бўлган ишончини янада орттиришига ўз ҳиссасини қўшди, десак, муболаға бўлмайди.

 


Охирги ўзгариш вақти: 23/05/2019 13:06;   Кўрилганлиги: 151
 
Материал манзили: http://samvxtb.uz/press/news/saylov-ochiqlik-va-oshkoralik-asosida-otkazildi
Чоп этилган вақт: 17/09/2019 14:07
Матнни ўқиш учун ушбу тугмани босинг