Самарқанд вилояти
Халқ таълими бошқармаси
w w w . s a m x t b . u z

 

Шахмат ақлни чархлайди

Турли ижтимоий тармоқларда ўтказилган сўровномалардан маълум бўлишича, аксарият ота-оналар фарзандларини жисмонан ва ақлан кучли қилиб тарбиялайдиган спорт машғулотларига қатнашишини исташади. Баъзи ота-оналар учун шахмат шунчаки вақт ўтказиш учун ўйлаб топилган ўйиндек, ґўё. Хўш, аслида ақл гимнастикасининг болаларга қандай фойдали томонлари бор?

Аслида, шахмат ақл гим­нас­тикаси бўлиши баробарида инсонни жуда кўп эзгу фазилатларга ўргатади. Бу хусусиятлар бошқа жисмоний бақувватликни таъминловчи спорт турлари билан шуғулланувчиларда учрамайдиган жиҳатлардир. Масалан, шахмат болаларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишга хизмат қилиши билан бирга ақлини чархлайди, интеллектуал сало­ҳиятини, фикрлаш қобилиятини ҳам ривожлантиради. Бу жараён болада бир қатор ижобий ўзгаришларга сабаб бўлади.

Диққатни жамлаш.

Шахмат ўйнаган бола тахтадаги вазиятларга қараб диққатини жамлайди. Диққатни бир жойга жамлай олиш фикр­лашнинг илк босқичидир.

Режа тузиш ва таҳлил қилиш.

Бола шахмат тахтасидаги вазиятга қараб, рақиб шохини мот қилиш учун турли йўллар излайди, режа тузади, таҳлил қилади.

Қарор қабул қилиш.

Фавқулодда юзага келган, кутилмаган ҳолатни бартараф этиш учун «Юриш керакми?», «Ҳужум қилиш керакми», «Ҳимояланиш керакми?» каби қарорларни боланинг ўзи тезкорлик билан қабул қилади. Бу эса ўз навбатида уни мустақил фикрлашга, натижани ҳисобга олган ҳолда қарор қабул қилишга ўргатади.

Масъулиятни ҳис қилиш.

Ўйин жараёнида ёш шахматчининг тажрибаси ошиб боради. Турли мусобақаларда иштирок этади. Жамоа аъзоси сифатида мактаб шарафини ҳимоя қилиш учун кўпроқ тажриба тўплашга, маҳоратини оширишга ҳаракат қилади. Бунда боланинг ақли чарх­ланиб, масъулиятни ҳис этиш кўникмаси шакллана боради.

Дўстона муносабат.

Ўқувчиларда биргаликда шахмат ўйнаш орқали ўзаро дўстона муносабат шаклланади, бу жараён боланинг хуштавозе бўлиб улғайишига ҳам хизмат қилади.

Хотиранинг ривожланиши.

Энг чиройли юришлар, комбинациялар, этюд ва масалалар уларнинг ёдида қолади. Кейинги ўйинларда бу юришларни эслаб, амалиётда қўллаши бир томондан уларни ғалабага яқинлаштирса, яна бир жиҳатдан хотираси мустаҳкамланишига сабаб бўлади.

Хулоса қилиш қобилияти.

Спортда ҳамма вақт ҳам омад кулиб боқавермайди. Баъзан мағлубиятга ҳам учраш мумкин. Ҳар бир спортчи ўз мағлубиятидан тўғри хулоса чиқарганидек, ёш шахматчилар ҳам «Қайси юришда хато қилдим?», «Хато қилмаслигим керак эди?» деб ўйлайди. Кейинги мусобақаларда шу хатони такрорламасликка ҳаракат қилади. Демак, болалар ўз хатоларига танқидий кўз билан қарашни, ҳар бир ҳолатдан ўзига керакли хулоса чиқаришни ўрганади, ақли чархланганига ишонч ҳосил қилади. Шуни таъкидлаш лозимки, хулоса чиқаришни ўрганган бола ҳаётда ҳам мураккаб вазиятлардан чиқиб кетиш чораларини топа олади.


Киритилган вақти: 22/05/2017 15:44;   Кўрилганлиги: 142
 
Материал манзили: http://samvxtb.uz/press/news/shaxmat-aqlni-charxlaydi
Чоп этилган вақт: 19/08/2019 07:12
Матнни ўқиш учун ушбу тугмани босинг