Самарқанд вилояти
Халқ таълими бошқармаси
w w w . s a m x t b . u z

 

Таассуротлар бир олам

Жамиятнинг бугуни ва келажаги таълим тизимининг қай даражада ривожланганлиги билан белгиланади. Тизимдаги ислоҳотларнинг муваффақияти кўп жиҳатдан ўқитувчилар фаолиятига боғлиқ. Шу сабабли мамлакатимизда ўқитувчилар меҳнати қадр­ланиб, уларга ҳар жиҳатдан ғамхўрлик кўрсатилмоқда.

Муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёев томонидан ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этилаётган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган ижтимоий соҳани тараққий эттиришга доир долзарб вазифаларда ҳам таълим, маданият, илм-фан, адабиёт, санъат ва спорт соҳаларини юксалтириш, ёшларга оид давлат сиёсатини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан,  таълим тизимини жаҳон андозалари асосида ислоҳ қилиш, янги илм масканлари қуриш, уларни замонавий техника воситалари билан жиҳозлаш изчил давом эттирилаётир.

2017 йил 7-8 ноябрь кунлари Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида республикамиздаги филология туркумига кирувчи фанлар ўқитувчиларининг “Тил ва таълим: муаммолар, истиқболдаги вазифалар” мавзусига бағишлаб ўтказилган Форуми ҳам долзарб аҳамиятга эга бўлди. Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари ҳамкорлигида ташкил этилган Форум таълим-тарбиянинг барча бўғинларида она тили ва адабиёт, ўзбек, қорақалпоқ, қозоқ, қирғиз, тожик, туркман, инглиз, немис, француз тиллари ҳамда рус тили ва адабиёти фанларини ўқитишдаги долзарб масалаларга оид бешта йўналишда ташкил этилди. Форумда Халқ таълими вазири У.Иноятов сўзга чиқиб, ёшларни саводхон қилиб тарбиялашда тил ва адабиёт таълимининг аҳамияти ҳақида сўз юритди.

Форум ялпи йиғилишида академик олимлар, филология фанлари докторлари, профессорлар, фан номзодлари томонидан юқорида тилга олинган долзарб масалалар юзасидан кенг қамровли маърузалар ўқилди. Шўъба йиғилишидаги маҳорат дарсида ўқувчининг маданияти, кийиниши, ахлоқи, атрофдагилар билан муносабатига эътибор қаратиш, мавзуларни ўзлаштирганлиги учун баҳолашда унинг хулқини ҳам ҳисобга олиш тавсия этилди. Маҳорат дарсларида интерфаол усулда тил ўрганиш бўйича тавсиялар берилди. Ушбу нуфузли тадбирда вилоятимиз ўқитувчилари ҳам фаол иштирок этиб, Самарқанд шаҳридаги 1-умумтаълим мактаби ўзбек тили фани ўқитувчиси Азиза Акилова “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони ҳамда Жомбой туманидаги 26 – умумтаълим мактаби рус тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Ҳилола Шарипова Халқ таълими вазирлигининг фахрий ёрлиғи билан тақдирландилар.

Шўъба йиғилишларида “Ёшлар ўртасида китобхонликни ривожлантириш”, “Матн билан ишлаш  орқали  ўқувчи ва талабаларни  фикрлашга  ўргатиш”, “Таълим-тарбияга янгича ёндашиш – бугунги куннинг  талаби”, “Дарсларни  мультимедия  воситалари  асосида ўтишнинг самарадорлиги” мавзуларида маърузалар қилинди.

Буларнинг барчаси ёш авлодга таълим-тарбия беришдек масъулиятли фаолиятимизда муҳим қўлланма бўлиб хизмат қилади. Форум ниҳоясида филология фанлари ўқитувчиларининг республика Форуми тавсиялари қабул қилинди ва бу дастурий ҳужжатни барча умумтаълим мактабларида ўрганиб чиқиш тавсия этилди.


Киритилган вақти: 12/11/2017 13:46;   Кўрилганлиги: 252
 
Материал манзили: http://samvxtb.uz/press/news/taassurotlar-bir-olam
Чоп этилган вақт: 10/12/2019 17:52
Матнни ўқиш учун ушбу тугмани босинг