Самарқанд вилоят ҳокимлиги
Халқ таълими бошқармаси
w w w . s a m x t b . u z

 

ТЎГАРАКЛАР ВА КИТОБЛАР ЯРМАРКАСИ

Халқимиз орасида китобхонлик маданиятини юксалтириш, айниқса,  ёшларни китоб ўқишга жалб қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 2017 йил 12 январдаги “Китоб  маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши  қабул қилинганлиги жорий йилнинг энг эсда қоладиган муҳим воқеаларидан бири ҳамда ўз вақтида қабул қилинган энг муҳим сиёсий ҳужжат бўлди.

2017 йил 5 сентябрь куни шаҳримиздаги Алишер Навоий номли истироҳат боғида ташкил этилган китоб ва тўгараклар ярмаркасини ушбу дастурий ҳужжатнинг ижросини таъминлаш борасида амалга оширилган тадбир сифатида эътироф этиш мумкин. Унда вилоят халқ таълими бошқармаси тасарруфидаги ахборот-ресурс маркази 6 бўлимдан иборат ноанъанавий кўргазмада бадиий ва илмий китобларни намойиш этган бўлса, вилоят «Баркамол авлод» маркази жамоаси 11 та тўгаракда болалар қўли билан ясалган экспонатлар билан қатнашдилар.

– Мазкур ярмаркани ташкил этишдан мақсад китобхонликни тарғиб этиш ва ахборот ресурс марказимизга ўқувчиларни кенгроқ жалб қилишдан иборат, – дейди вилоят ахборот-ресурс маркази директори  Юсуф Муҳаммадиев. – Яна шуни алоҳида эътироф этиш керакки, бугунги тадбир бу борада қилинаётган ишнинг дебочасидир. Эртадан бошлаб бундай ярмаркалар вилоятимизнинг барча туман, шаҳарларида ва умумтаълим мактабларида давом этади.

Вилоят ахборот-ресурс маркази ташкил этган ярмаркадаги «Жаҳон халқ эртаклари», «Алишер Навоий оламига саёҳат», «Дунёни билишни истайсизми?», «Эртаклар дунёсига саёҳат», «Сеҳрли қоп», «Сеҳрли сандиқча» номли кўргазмалар мактаб ўқувчиларида катта таассуротлар уйғотди.

 – Ўқувчиларимиз бугунги тадбирдан катта таассуротлар олишди, – дейди Самарқанд шаҳридаги 45-умумтаълим мактаби меҳнат таълими ўқитувчиси Раҳмиддин Абдунабиев. – Уларнинг аксарияти бу ердаги қизиқарли китобларни кўриб, кутубхонага аъзо бўлиб, фаол китобхонга айланиш истагини билдиришди. Қизларимиз эса вилоят «Баркамол авлод» марказида ташкил этилган турли тўгаракларга аъзо бўлишга жазм этишди.

Бошқарма ахборот хизмати


Киритилган вақти: 06/09/2017 08:37;   Кўрилганлиги: 25
 
Материал манзили: http://samvxtb.uz/press/news/togaraklar-va-kitoblar-yarmarkasi
Чоп этилган вақт: 21/04/2019 01:38
Матнни ўқиш учун ушбу тугмани босинг