Самарқанд вилояти
Халқ таълими бошқармаси
w w w . s a m x t b . u z

 

Ургут туман халқ таълими бўлимига қарашли 45-умумтаълим мактабининг иситиш тизимидаги муаммолар юзасидан интернет ва ижтимоий тармоқларда эълон қилинган танқидий мақолага муносабат

Жорий йилнинг 8 февраль куни Kun.uz сайти орқали Ургут туман халқ таълими бўлимига қарашли 45-умумтаълим мактабидаги иситиш тизими билан боғлиқ муаммолар акс этган “Иситиш зўр, термометр бузуқ, мурожаатчи «туҳматчи» — Ургутдаги мактаб қишни қандай ўтказмоқда?” номли мақола эълон қилинган эди. Мактабдаги ҳолат юзасидан ота-оналар томонидан вилоят ҳокимининг телеграм мессенжерига ҳам мурожаат қилинган.

Таълим муассасасини иситиш тизими билан боғлиқ муаммоларни ўрганиш ва бартараф этиш мақсадида Ургут туман ҳокимлиги ва туман халқ таълими бўлими ходимларидан иборат ишчи гуруҳ тузилиб, мавжуд ҳолат ўрганилди. Ўрганиш натижаларига кўра, ҳақиқатдан ҳам 45-умумтаълим мактабида синфхоналарни иситиш билан боғлиқ муаммолар борлигига аниқлик киритилди. Баъзи қозонларнинг таъмирталаб аҳволга келиб қолганлиги, электр энергиясидаги узилишлар муаммонинг асосий сабаби эканлиги маълум бўлди.

Шундан сўнг, иситиш қозонлари қайта таъмирдан чиқарилди, фойдаланишга яроқсиз ҳолга келиб қолган битта ҳаво пуркагич янгисига алмаштирилди. Ускуналар соз ҳолатга келтирилгач, синовдан ўтказилди ва уч соатда таълим муассасаси синфхоналаридаги ҳарорат меъёр даражасига етди. Ургут туманидаги шу ва бошқа умумтаълим мактабларидаги иситиш ҳолати доимий назоратга олинган ва юзага келган муаммолар бартараф этилмоқда.

Ургут туман халқ таълими бўлими


Охирги ўзгариш вақти: 24/02/2020 14:18;   Кўрилганлиги: 92
 
Материал манзили: http://samvxtb.uz/press/news/urgut-tuman-xalq-talimi-bolimiga-qarashli-45-umumtalim-maktabining-isitish-tizimidagi-muammolar-yuzasidan-internet-va-ijtimoiy-tarmoqlarda-elon-qilingan-tanqidiy-maqolaga-munosabat
Чоп этилган вақт: 04/04/2020 17:56
Матнни ўқиш учун ушбу тугмани босинг