Самарқанд вилояти
Халқ таълими бошқармаси
w w w . s a m x t b . u z

 

Устоз – қадри буюк муаллим

Устоз – қадри буюк муаллим - zarnews.uz

Бу йил мамлакатимизда Ўқитувчи ва мураббийлар куни ҳар йилгидан ўзгача тарзда кенг нишонланмоқда. Барча ҳудудларда байрам муносабати билан оммавий халқ сайиллари уюштирилмоқда.

Бугун Самарқанд шаҳридаги Алишер Навоий номли марказий истироҳат боғида эрта тонгдан “Устоз – қадри буюк муаллим” шиори остида байрам сайли бошланди.

Вилоятимиздаги таълим муассасалари томонидан кун давомида касб ва мутахассисликлар кўргазмалари, мусиқа ва санъат, спорт мактаблари ўқувчилари томонидан маданий ва спорт дастурлари намойиш этилди. 

Вилоятнинг барча ҳудудларидан келган ўқитувчилар учун байрам дастурхони ёзилди.

– Саксон ёшни қаршилаётган бўлсам-да шу пайтгача ўқитувчилар байрамининг бунчалик катта шодиёна билан нишонланишини кўрмагандим, – дейди фахрий ўқитувчи, физика-математика фанлари номзоди Келдиёр Гадоев. – Президентимизнинг бизга йўллаган табриги ҳам самимий дил изҳорларига тўла экан. Бугунга сайилда қатнашиб ўзимнинг 42 йиллик ўқитувчилик фаолиятим, устозларим ёдимга тушяпти. Қани энди ёш бўлиб қолсаму яна мактабга қайтиб, болаларга сабоқ берсам. Ўқитувчи қадр топган даврда бутун меҳрингни бериб ишлагинг келади-да.

“Мўъжиза” амфитеатрида ўтказилган тантанали байрам тадбирига таълим соҳаси вакиллари, фидойи устоз ва мураббийлар, фахрийлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари таклиф этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимиз ўқитувчи ва мураббийларига йўллаган байрам табригини вилоят ҳокими Э.Турдимов ўқиб эшиттирди.

Тадбир қатнашчилари давлатимиз раҳбарининг “Бизнинг барча саъй-ҳаракатларимиз “Ўзбекистонда энг обрўли инсон муаллим бўлиши керак” деган ғояни амалга оширишга қаратилмоқда. Бунинг учун давлат ва жамият томонидан қанча маблағ, ресурс ва имкониятлар зарур бўлса, барчасини сафарбар этамиз” деган фикрларини олқишлаб қабул қилдилар.  

Шундан сўнг Президентимизнинг байрам муносабати билан қабул қилинган фармонига кўра, юксак давлат мукофотлари билан тақдирланган 9 нафар самарқандлик ўқитувчи ва мураббийларга орден ва медаллар тантанали топширилди.

– 30 йилдан буён Булунғур туманидаги 2-умумий ўрта таълим мактабида ўқувчиларга рус тили ва адабиёти фанидан сабоқ бераман, – дейди Булунғур туманидаги 2-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси, “Шуҳрат” медали соҳибаси Зебинисо Суярова. – Фаолиятим давомида бир нечта методик қўлланмалар яратдим. Муҳими, жамиятда ўз муносиб ўрнини топган шогирдларим жуда кўп. Касб байрамимиз арафасида юксак давлат мукофотига сазовор бўлганимдан бахтиёрман. Озгина меҳнатим давлатимиз раҳбари томонидан эътироф этилганидан қалбимда чексиз фахр ва ғурурни туйдим. Шу билан бирга зиммамга жуда катта масъулият юкланганини ҳис қиляпман.  

Шунингдек, бир гуруҳ устоз ва мураббийлар вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Тантанали маросимда самарқандлик ва пойтахтдан келган элимиз ардоғидаги санъаткорлар, бадиий жамоаларнинг концерт дастури намойиш этилди.



Охирги ўзгариш вақти: 05/10/2019 08:01;   Кўрилганлиги: 102
 
Материал манзили: http://samvxtb.uz/press/news/ustoz-qadri-buyuk-muallim
Чоп этилган вақт: 10/12/2019 01:38
Матнни ўқиш учун ушбу тугмани босинг