Самарқанд вилояти
Халқ таълими бошқармаси
w w w . s a m x t b . u z

 

УСТОЗНИНГ МАТЛАБИ - ЭЗГУЛИК

Ҳаётда шундай одамлар бўладики, ўз ҳаётий матлабини, инсоний мақсадларини ўзгалар манфаатига, эзгулик ва олийжаноблик сифатларининг ижобатига бахшида этадилар. Бундай буюк қалб соҳиблари босиб ўтган умр йўли кейинги авлодлар учун ибрат мактабига айланади. Ана шундай фидойи инсонлардан бири- замондошимиз Эркин Толиповдир.

Туманимиздаги Шайхислом маҳалласида туғилиб вояга етган Эркин ака Тошкент Давлат Педагогика институтининг физика факультетини битиргач, ўз фаолиятини олий таълим муассасасида бошлади. Иш жараёнида ёш мутахассиснинг кўпгина илмий мақолалари “Халқ таълими” журнали ҳамда турли услубий қўлланмаларда ёритилди. 1993 йилда “Факультатив машғулотларда ўқувчиларга экологик таълим-тарбия бериш” мавзусида илмий ишини ёқлаб, “Педагогика фанлари номзоди” бўлди.

Шароит тақозоси билан Эркин ака кейинчалик педагогик фаолиятини Иштихон шаҳридаги 1-ИДУМда давом эттирди. Бугунги кунда тумандаги энг тажрибали физика фани ўқитувчиларидан ҳисобланган устоз 1994 йили “Халқ таълими аълочиси” унвони соҳиби бўлди. Нафақат шогирдлар ва ўқувчилар, балки ўзига ҳам қаттиқ талабчанлик Эркин Толипов учун қатъий қоида ҳисобланади. Деярли барча мавзулар ёд бўлиб кетганига қарамай у ҳар бир дарсга пухта тайёргарлик кўради.. Таълимнинг замонавий ва такрорланмас услуб ва усулларини қўллайди. Ахборот коммуникация технологиялари асосида дарсларни хилма-хил ва қизикарли ташкил этишга интилади. Устоз таълим бераётган синфлардаги ўқувчилар физика фани бўйича давлвт таълим стандарти талабларига тўлиқ жавоб бера оладилар.

2013 йил ўқувчилар ўртасида ўтказилган “Билимлар беллашуви” Республика босқичида физика фани бўйича ҳакамлар ҳайъати аъзоси сифатида иштирок этди.Ўқитувчилар учун янги услубий кўрсатмалар ишлаб чиқишда фаол қатнашди ҳамда унинг иши вилоят миқёсида оммалаштиришга тавсия этилди. Мактабимиз жамоасининг ўтган 22 йиллик фаолиятида Эркин аканинг ўрни беқиёсдир. Кўп йиллик ссамарали меҳнати ва фан соҳасида эришган ютуқлари ҳисобга олиниб, Эркин Толипов 2019 йил “Шуҳрат медали, яқинда эса “Халқ таълими фидойиси” кўкрак нишони билан тақдирланди.

Г.Усмонова.


Охирги ўзгариш вақти: 12/03/2020 13:09;   Кўрилганлиги: 151
 
Материал манзили: http://samvxtb.uz/press/news/ustozning-matlabi-ezgulik
Чоп этилган вақт: 07/04/2020 22:04
Матнни ўқиш учун ушбу тугмани босинг