Самарқанд вилояти
Халқ таълими бошқармаси
w w w . s a m x t b . u z

 

ЯНГИ ЎҚУВ ЙИЛИГА ТАЙЁРГАРЛИК ИШЛАРИ ДАВОМ ЭТМОҚДА

    Жорий йилнинг 3 июль куни Иштихон туманидаги 33-умумтаълим мактабида туман халқ таълими бўлимига қарашли  умумий ўрта таълим мактабларида  “Умумий ўрта таълим мактабларини янги 2018-2019 ўқув йилига тайёрлаш, физика, кимё, биология дарсларида ўқув лаборатория жиҳозларидан унумли фойдаланиш” мавзусида ўқув-амалий семинар ўтказилди.

Семинарда вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Р.Юлдашев, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси вилоят бўлими бошлиғи М.Бобобекова, туман ҳокимлиги, прокуратураси, туман халқ таълими бўлими ходимлари, умумий ўрта таълим мактаблари директорлари, директор ўринбосарлари, фан ўқитувчилари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

    Семинарда давлатимизнинг ёшлар таълим-тарбиясига қаратаётган катта эътибори, таълимга янгича ёндашув, умумтаълим мактаблари ўқитувчиларининг билими ва салоҳиятини ошириш ҳамда таълим соҳаси ходимлари олдида турган устувор вазифалар тўғрисида сўз юритилди.    

    Семинар иштирокчиларига таълим муассасаларини янги ўқув йилига тайёрлаш, фан ўқув хоналарини Халқ таълими вазирлиги тавсиялари асосида жиҳозлаш, замонавий ахборот технологияларини таълимга кенг жорий этиш,  ўқувчиларни дарсликлар билан тўлиқ таъминлаш, кутубхона фондини бадиий адабиётлар билан бойитиш, спорт майдончалари ҳамда спорт залини янги ўқув йилига тайёрлаш, фан ўқитувчилари, ахборот ресурс маркази раҳбарлари ҳамда кутубхоначилар ўртасида илмий, ижодий ҳамда янги педагогик технологияларга асосланган ҳамкорликни жорий этиш тўғрисида маълумотлар берилди.

    Мактабда таълим-тарбия  сифати ва самарадорлигини ошириш бўйича амалга оширилган ишлар семинар иштирокчилари томонидан кузатиб борилди.    

    Семинар иштирокчиларига умумий ўрта таълим мактабларини янги 2018-2019 ўқув йилига тайёрлаш бўйича Ҳаракатлар дастурига мувофиқ таълим муассасаларида фаолият кўрсатаётган фан ўқитувчиларининг билимини янада ошириш, илғор, тажрибали ўқитувчиларнинг иш тажрибаларини оммалаштириш, ўқувчиларга сифатли таълим-тарбия беришда илғор педагогик технологиялардан унумли фойдаланиш,  физика, кимё, биология фанларидан ўқув-лаборатория машғулотларини намунали ташкил этиш, кўргазмали воситалардан самарали фойдаланиш бўйича тавсиялар берилди.    

    Иштирокчилар янги ўқув йилида дарсларни сифатли ташкил этиш тўғрисида фикр, мулоҳаза ва таклифларини билдиришди.

   Янги 2018-2019 ўқув йили олдидан ташкил этилаётган ўқув-амалий семинарлар вилоятимиздаги барча таълим муассасаларида давом эттирилмоқда.


Охирги ўзгариш вақти: 09/07/2018 16:34;   Кўрилганлиги: 215
 
Материал манзили: http://samvxtb.uz/press/news/yangi-oquv-yiliga-tayyorgarlik-ishlari-davom-etmoqda
Чоп этилган вақт: 16/10/2019 07:58
Матнни ўқиш учун ушбу тугмани босинг