Самарқанд вилояти
Халқ таълими бошқармаси
w w w . s a m x t b . u z

 

Янги таҳрирдаги ДТС талабларини амалиётга жорий этиш ўқитувчининг асосий вазифасидир

Давр тараққиёти умумтаълим фанларини ўқитишнинг узлуксизлиги ва изчиллигини таъминлаш, замонавий методологиясини яратиш, умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими давлат таълим стандартларини компетенциявий ёндашув асосида такомиллаштириш, ўқув-методик мажмуаларнинг янги авлодини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этишни тақазо қилаётир. Шу боис мамлакатимизда «Таълим тўғрисида»ги ва «Кадрлар тайёрлаш миллий дастури тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари асосида 2017 йил 6 апрелда Вазирлар Маҳкамасининг “Умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар  таълимининг давлат таълим стандартларини  тасдиқлаш тўғрисида”ги 187-сонли қарори қабул  қилинди.

Давлат таълим стандартининг мақсади — умумий ўрта таълим тизимини мамлакатда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, ривожланган хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибалари ҳамда илм-фан ва замонавий ахборот-коммуникация технологияларига асосланган ҳолда ташкил этиш, маънавий баркамол ва интеллектуал ривожланган шахсни тарбиялашдан иборатдир.

Шу муносабат билан жорий йилнинг май ойида Халқ таълими вазирлигининг 2017 йил 16 майдаги 166-сонли буйруғи асосида Абдулла Авлоний номидаги халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институтида республикамиздаги барча вилоятлардан тажрибали ўқитувчилари таркибидан тренер ўқитувчилар тайёрланди. Ушбу ўқувларда вилоятимиздан ҳам барча умумтаълим фанлари йўналишида 40 нафар профессор ўқитувчилар ва малакали педагоглар иштирок этиб, янги таҳрирдаги ДТСнинг мазмун-моҳияти ва унга киритилган янгиликлар бўйича билим ва малакаларини оширишди.

Ўз навбатида Самарқанд ушбу тренер ўқитувчилар вилоят “Баркамол авлод” болалар маркази ҳамда вилоят халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институтида ташкил этилган ўқув семинарларида вилоятимиз туман, шаҳарларидан таклиф этилган ўқитувчиларга ушбу қарорнинг мазмун моҳияти ва уни амалий иш фаолиятига жорий этиш бўйича батафсил маълумот ва тавсиялар беришди.

Тадбирни вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Рустам Юлдашев кириш сўзи билан очиб, йиғилганларга Давлат таълим стандартининг вазифалари,  умумий ўрта таълим мазмуни ва сифатига қўйиладиган талаблар, миллий, умуминсоний ва маънавий қадриятлар асосида ўқувчиларни тарбиялашнинг самарали шакллари ва усуллари ҳамда ўқув-тарбия жараёнига педагогик ва замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, умумий ўрта таълим муассасаларининг ўқувчилари ва битирувчиларининг малакасига қўйиладиган талаблар, кадрларни мақсадли ва сифатли тайёрлаш учун таълим, фан ва ишлаб чиқаришнинг самарали интеграциясини таъминлаш давр талаби эканлигини таъкидлади. Таълим ва унинг пировард натижалари, ўқувчиларнинг малака талабларини эгаллаганлик даражасини тизимли баҳолаш тартибини, шунингдек таълим-тарбия фаолияти сифатини назорат қилишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, давлат таълим стандартлари талабларининг таълим сифати ва кадрлар тайёрлашга қўйиладиган халқаро талабларга мувофиқлигини таъминлаш хусусида сўз юритилди.

        -Шиддат билан илгарилаб бораётган давр ўқитувчидан замон билан ҳамнафас бўлиб, ижодий изланиб, ўз устида кўпроқ ишлашни тақазо этмоқда, – дейди вилоят халқ таълими бошқармаси методика бўлими бошлиғи Дилрабо Сайдуллаева. – Зеро, бугунги кун ўқувчиси ҳар томонлама мукаммал, замонавий ахборот коммуникация технологиялари бўйича зарурий билим, кўникма ва малакага эга бўлган, мустақил фикрли авлод бўлиб камол топиши лозим. Галдаги вазифамиз эса уларда компетенцияларни шакллантириш яъни ўқувчида мавжуд билим, кўникма ва малакаларни кундалик фаолиятда қўллай олиш қобилиятини ривожлантиришдан иборатдир.

Бир ҳафта давомида ташкил этилган ўқув семинарларида янги таҳрирдаги ДТСнинг мақсади, вазифалари, ҳар бир бандига киритилган янгиликларни туман, шаҳарлардаги ўқитувчиларга етказиш, ушбу жараённи босқичма-босқич сифатли ташкил этиш  бўйича кўргазмали дарслар ташкил этилиб, тренер-ўқитувчилар тайёрланди ва ўқувлар ушбу тренерлар иштирокида туман, шаҳарларда давом эттирилди.


Киритилган вақти: 20/06/2017 15:55;   Кўрилганлиги: 148
 
Материал манзили: http://samvxtb.uz/press/news/yangi-tahrirdagi-dts-talablarini-amaliyotga-joriy-etish-oqituvchining-asosiy-vazifasidir
Чоп этилган вақт: 19/08/2019 07:04
Матнни ўқиш учун ушбу тугмани босинг