Самарқанд вилояти
Халқ таълими бошқармаси
w w w . s a m x t b . u z

 

Янгиқўрғондаги янги мактаб

Янгиқўрғон қишлоғи Нарпай туманидаги энг йирик қишлоқлардан бири бўлиб, асосан Зойир ота, Тепа­қўрғон ва Чорбоғ  маҳаллаларидан ташкил топган.

Катта ўзбек трактининг Бухоро йўналишида жойлашган ушбу қишлоқда  ўтган асрнинг бошларида бунёд этилган 220 ўринли эски мактаб биносида ўқиш икки, ҳатто уч нав­батда ташкил этиларди. Тўгарак маш­ғулотлари ўтишга эса синфлар етишмасди. Ушбу муаммолар инобатга олиниб, 2016 йилда янги мактаб биноси қурилиши вилоят Инвестиция дастурига киритилди. Янги бино 300 ўринли қилиб қурилганда ҳам эҳтиёжни тўлиқ таъминлай олмаслиги сабабли мактабнинг эски биносини бузмаслик, аксинча, капитал таъмирлаш ҳам лойиҳалаштирилди.

Айни пайтда Нарпай туманидаги 7-умумтаълим мактабида 700 нафар ўқувчиларга 54 нафар малакали ўқитувчилар таълим-тарбия беришаётир. Педагогларнинг 33 нафари олий маълумотли бўлиб, 2 нафари олий, 14 нафари биринчи, 18 нафари иккинчи, қолганлари эса мутахассис тоифасига эга. Янги мактаб биносида 10 та энг замонавий тарз­да жиҳозланган фан кабинетлари дарс самарадорлигини оширишда ўқитувчиларга қўл келаётир.

Муҳташам қурилган икки қаватли бинонинг ўнг тарафида капитал таъмирдан чиқарилган чиройли иккита ўқув корпуси кўзни яшнатиб турган бўлса, сўл тарафида чор атрофи баланд панжара билан ўралган 12Х24 ҳажм­даги сунъий қопламали с­тадион янги бинонинг кўркига кўрк қўшиб турарди. Бундан таш­қари мактабнинг очиқ ҳаводаги спорт мажмуаси ҳам бўлиб, у ерда болалар футбол, волейбол, баскетбол ва спортнинг бошқа турларидан машғулот ўтишади.

«Нарпайстандартқурилиш» хусусий корхонаси томонидан бунёд этилган, 300 ўқувчи ўрнига эга бўлган икки қаватли бино қурилиши ва 220 ўринли эски ўқув биносини капитал таъмирлашга 1 миллиард 810 миллион сўм маблағ сарф­ланган бўлса, сунъий қопламали футбол майдончаси қуриш учун 200 миллион сўм маблағ ажратилди. Албатта бу майдончани бунёд этишда маҳалланинг ҳам роли катта бўлиб, ундан маҳалла ёшлари ҳам  фойдаланишмоқда.

Ўқитувчилар ўз билим ва малакаларини ошириш учун доимий изланишда бўлиб, турли кўрик-танловларга мунтазам қатнашишади. Иқтидорли ўқувчиларни танлаб, уларни Билимлар беллашуви ва умумтаълим фанлари олим­пиа­дасига тайёрлашади. Ўтган 2015-2016 ўқув йилида ўтказилган Билимлар беллашувининг туман босқичида 7-синф ўқувчиси Фарангиз Амирқулова чет тили фани бўйича биринчи ўринни эгаллаб, ушбу танловнинг вилоят бос­қичида ҳам муваффақиятли қатнашди. Шунингдек,             7-синф ўқувчилари Нигина Қўчқорова география фанидан, Шаҳзода Болтаева рус тили фанидан туманда иккинчи ўринни, Ҳилола Қорахонова математика фанидан учинчи ўринни эгаллашга эришди.

Мактабда таълим самарадорлигига эришиш, малакали мутахассислар тайёрлаш мақсадида Устоз-шогирд анъанаси ҳам намунали йўлга қўйилган. Жумладан, тажрибали бошланғич синф ўқитувчиси Дилзебо Камоловага ёш педагог Роза Самадова, Хадича Турдиевага  Мафтуна Умарова, математика фани ўқитувчиси Муборак Элмоновага ёш ўқитувчи Диловар Йўлдошева биркитилган. Тажрибали француз тили ўқитувчиси Қандолат Бердиқулова Озода Эшдавлатовага ўз билим ва малакаларини қунт билан ўргатмоқда.

Янги мактаб ҳовлисининг чиройига чирой қўшиш мақсадида бу ерда 30 сотихлик гулзор барпо этилган. Минг туп терак қаламчалари ва 300 туп арча экилган. Аввалги йилларда экилган 500 тупдан зиёд мевали дарахт­лар ҳосилга кирган. Барча қулайликларга эга бўлган ўқув биносида фаолият юритаётган мактаб педагоглари янада ташаббускорлик кўрсатиб, ўқув масканининг рейтингини юқори даражага олиб чиқиш ниятида.


Киритилган вақти: 20/01/2017 07:17;   Кўрилганлиги: 254
 
Материал манзили: http://samvxtb.uz/press/news/yangiqorgondagi-yangi-maktab
Чоп этилган вақт: 12/11/2019 13:25
Матнни ўқиш учун ушбу тугмани босинг