Самарқанд вилояти
Халқ таълими бошқармаси
w w w . s a m x t b . u z

 

ЗАМОНАВИЙ БОЛАНИ ЭСКИ УСУЛДА ТАРБИЯЛАБ БЎЛМАЙДИ

Жорий йилнинг 27-28 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Наркотиклар ва жиноятга қарши кураш минтақавий бошқармаси ҳамкорлигидаги “Таълим адолат учун” (Education for Justice) ташаббуси доирасида ўтказилган семинар-тренинг муваффақиятли якунланди.

Самарқанд, Жиззах, Бухоро ва Навоий вилоятлари умумтаълим муассасаларида фаолият олиб бораётган маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарлари ҳамда педагоглар учун семинар-тренингда ўқувчига замонавий таълим-тарбия бериш, улар ўртасида жиноят ва ҳуқуқбузарлик ҳолатларини самарали олдини олиш, болани ҳуқуқий онгини ривожлантириш, унга ҳалолликни уқтиришда муҳим аҳамият касб этувчи таклиф ва тавсиялар берилди. Тингловчиларга икки кун давомида Халқ таълими вазирлигининг Маънавий-ахлоқий тарбия бошқармаси бошлиғи Акбар Тагаев, Болаларни ижтимоий ҳимоялаш ва қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи Файзулла Аҳмедов, БМТ Наркотиклар ва жиноятга қарши кураш минтақавий бошқармасининг миллий тренири Индира Муқимовалар ўзларининг бу борадаги тавсияларини бериб, дарс машғулотлари, ўқувчиларнинг дарсдан бўш вақтларида қўллаш мумкин бўлган муҳим амалиётларга оид ғояларини баҳам кўришди.

Лола САИДАҲМЕДОВА, Навоий вилояти Кармана туманидаги 10-умумий ўрта таълим мактаби психологи:
—Бугун эскича қолиплардаги тарбия усуллари билан фарзандларимизни тарбиялаш, одоб-ахлоқ уқтириш қийин. Негаки, айни пайтда болани қамраб олган атроф-муҳит ҳам илгаргидек эмас. Унинг онгига, дунёқарашига салбий таъсир кўрсатадиган, вақтини ўғирлайдиган, ахлоқини бузадиган воситалар, сабаблар жуда ҳам кўпайиб кетди. Ўқувчиларимизнинг интилиш ва қизиқишлари ҳам ўзига хос. Шу боис биз, тарбияда эскича қолиплардан воз кечиб, уларнинг қизиқиши доирасида, айтайлик, турли компьютер ўйинлари, видео материаллар, кўргазмали қироллар орқали ёндашишимиз лозим. “Таълим адолат учун” ташаббуси доирасида ўтказилган семинар-тренинг бу борада биз, педагог ходимларга ҳар томонлама асқотди.

Зебинисо РЎЗИЕВА, Бухоро шаҳридаги 1-умумий ўрта таълим мактаби директорининг ММИБ ўринбосари:
—Машғулотлар давомида менга, айниқса, “Ҳалоллик” ўйини жуда ёқди ва бу ўйиннинг нечоғлик аҳамиятга молик эканлигини англадим. Ўқувчиларимиз шуурига ҳаллолликни мактабданоқ сингдириш, уларни жамиятни таназзулга дучор қилувчи коррупциядек иллатга қарши қилиб тарбиялаш, қалбида муқаддас қадриятларимизга ҳурмат уйғотишда бу ўйин муҳим аҳамиятга эга экан. Семинар-тренингда бизга берилган қўлланмалардан унумли фойдаланиб, албатта, уларни фаолиятимиз давомида қўллаймиз, қолаверса, ҳамкасбларимиз ўртасида оммалаштирамиз.
Икки кунлик семинар-тренинг давомида мутахассислар ҳамда педагог ходимлар ўртасида таълим-тарбия сифатига салбий таъсир этувчи ҳар қандай муаммоларни биргаликда ҳал этиш, оила, ота-оналар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, онги ва тани, қарашлари соғлом, юксак қобилиятли ёшларни тарбиялашга доир қизғин савол-жавоблар бўлиб ўтди. Муаммолар кўтарилди, уларни ечимига қаратилган илғор фикрлар айтилди. Машғулотлар якунида семинар-тренинг тингловчиларига сертификатлар топширилди.


Охирги ўзгариш вақти: 05/12/2019 14:35;   Кўрилганлиги: 85
 
Материал манзили: http://samvxtb.uz/press/news/zamonaviy-bolani-eski-usulda-tarbiyalab-bolmaydi
Чоп этилган вақт: 28/02/2020 00:44
Матнни ўқиш учун ушбу тугмани босинг