Самарқанд вилояти
Халқ таълими бошқармаси
w w w . s a m x t b . u z

 

Зулфияхоним издоши

Мамлакатимизда хотин-қизларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш, уларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, иқтидори ва ибратли фаолияти билан тенгдошларига ўрнак бўлаётган қизларни рағбатлантиришга алоҳида аҳамият берилмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 8 март — «Халқаро хотин-қизлар куни»га бағишланган байрам тадбирида «Мустақилликнинг биринчи кунларидан бошлаб хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, улар учун муносиб меҳнат ва турмуш шароитини яратиб бериш, қобилият ва салоҳиятини рўёбга чиқариш масаласи юртимизда давлат сиёсати даражасига кўтарилди», дея эътироф этганлиги ҳам фикримизни исботлайди.

Жорий йилнинг 4 март куни «Наврўз» қабуллар уйида бўлиб ўтган анжуманда давлатимиз раҳбари адабиёт, санъат, фан, таълим, маданият, спорт соҳаларида эришган алоҳида ютуқлари учун Зулфия номидаги давлат мукофотига муносиб деб топилган 15 нафар иқтидор соҳибалари ҳақида ҳам ижобий фикрлар билдирди ва мазкур мукофотни уларга тантанали равишда топширди. Ушбу нуфузли мукофотга сазовор бўлган қизлар орасида Иштихон туманидаги 1-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабининг 9-«А» синф ўқувчиси Дилдора Ўроқова ҳам бор.

Дилдора Ўроқова 2001 йил 17 октябрда Иштихон шаҳрида зиёли оилада туғилди. Отаси Акмал Йўлдошев тумандаги 30-умумтаълим мактабида қатор йиллардан буён рус тили ва адабиётидан дарс беради. Онаси Дилором Йўлдошева туман марказий шифохонасида лаборант бўлиб ишлайди. Дилдорадаги ақлий салоҳият ва кучли иқтидорни эрта англаган бошланғич синф раҳбари Роҳат Абдиева бу қиз билан дарсдан ташқари вақтларда ҳам алоҳида шуғуллана бошлади. Юқори синфга ўтган вақтда унинг иқтидори математика фани ўқитувчиси Шуҳрат Хўжаназаровнинг эътиборини тортди. Аълочи қиз 5-синфдалигидан бошлаб мураккаб математик амаллар, фан олимпиадасига доир масалалар билан алоҳида шуғуллана бошлади. Математика ва она тили фанларига ихтисослаштирилган ушбу мактабда йўлга қўйилган соғлом муҳит, иқтидорли ўқувчилар билан ишлаш, мактабда ташкил этилган имкониятлар, юқори билим ва малакага эга бўлган педагогик жамоа, мактаб раҳбариятининг ўқувчиларнинг иқтидорини юзага чиқариш учун доимий ҳаракатда бўлиши Дилдоранинг турли йўналишларда кетма-кет ютуқларга эришишига замин яратди.

2012-2013 ўқув йилида Дилдора Ўроқова Билимлар беллашувининг вилоят бос¬қичида фахрли 3-ўринни эгаллаган бўлса, 2014-2015 ўқув йилида ушбу танловнинг вилоят босқичида фахрли 1-ўринни эгаллаб, Республика босқичида ҳам фаол иштирок этди ва 3-даражали диплом билан тақдирланди. 2015-2016 ўқув йилида ҳам Билимлар беллашувининг Республика босқичида муваффақиятли қатнашиб, диплом соҳиби бўлди. Дилдора изланувчан ва тиришқоқ қиз бўлганлиги учун фақат математика фани билан кифоя¬ланиб қолмасдан, мактабда ўтказиладиган барча танловларда фаол иштирок этади. 2016 йилнинг декабрь ойида «Конституция-бахтимиз пойдевори» мавзусидаги танловнинг туман ва вилоят босқичларида фахрли 1-ўринни эгаллаб, Республика босқичида ҳам қатнашди. Қизғин ва муросасиз баҳсларга бой бўлган танловнинг Республика бос¬қичида ҳам унга омад кулиб боқди. Халқ таълими вазирлиги томонидан 1-даражали диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. 2017 йил «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати томонидан ўтказилган «Энг фаол китобхон» танловининг вилоят босқичида у сардорлик қилган жамоа 3-ўринни эгаллашди. Дилдора Ўроқованинг таълим ва фан соҳасида эришган ютуқлари муносиб баҳоланди. У Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси бўлди. Унинг оила аъзолари, мактабдош дўстлари, устозлари ва маҳалладошлари бу улкан муваффақиятдан жуда севинишди.

— Бу қувончли кун умр китобимнинг зарварақларига бир умрга муҳрланади, — дейди Дилдора. — Негаки, ушбу нуфузли мукофотга сазовор бўлишнинг ўзи бир бахт бўлса, мукофотни муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ўз қўлларидан олиш улкан шарафдир. Шу билан бирга фан сирларини эгаллашим, ўз иқтидорим ва салоҳиятимни ишга солган ҳолда мустақил давлатимиз тараққиётига ўз ҳиссамни қўшишим учун улкан масъулият ҳам юклайди.

Дарҳақиқат, Дилдора синф сардори сифатида синф раҳбари Шуҳрат Хўжаназаровнинг энг яқин кўмакдоши. Мактаб «Ораста қизлар» тўгараги сардори. Мактаб бошланғич хотин-қизлар қўмитаси томонидан ташкил этиладиган барча тадбирларнинг фаол иштирокчиси. «Камолот» ЁИҲ бошланғич ташкилоти сардори. Зулфияхоним издоши — Дилдора Ўроқова ва унинг устозларига юксак мукофот муборак бўлсин, дея мактаб жамоасини яқинлашиб келаётган улуғ айём – Наврўзи олам билан самимий қутлаймиз.


Охирги ўзгариш вақти: 24/11/2017 08:55;   Кўрилганлиги: 64
 
Материал манзили: http://samvxtb.uz/press/news/zulfiyaxonim-izdoshi
Чоп этилган вақт: 17/06/2019 20:18
Матнни ўқиш учун ушбу тугмани босинг