Самарқанд вилояти
Халқ таълими бошқармаси
w w w . s a m x t b . u z

 

ТАЪЛИМ СИФАТИНИ ОШИРИШГА БАҒИШЛАНГАН ВИЛОЯТ СЕМИНАРИ

“Ислоҳотлар самарадорлигини таъминлаш, ўқитувчиларнинг касбий маҳоратини  ошириш, таълим сифати назоратини кучайтириш ҳамда тарбия соҳасида замонавий услубларни қўллаш ишларини ташкиллаштириш, “Оила-маҳалла-мактаб-олий таълим” ҳамкорлигини мустаҳкамлаш” пировард мақсадимиз” мавзусидаги семинарнинг

ПРЕСС-РЕЛИЗИ

 

Самарқанд вилояти                                                                      4.12.2019

 

2019 йил 4 декабр куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш Давлат инспекцияси, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Таълим сифатини баҳолаш бўйича халқаро тадқиқотларни амалга ошириш миллий маркази ҳамкорлигида Самарқанд вилояти Оқдарё туманидаги 41-умумий ўрта таълим мактабида “Ислоҳотлар самарадорлигини таъминлаш, ўқитувчиларнинг касбий маҳоратини  ошириш, таълим сифати назоратини кучайтириш ҳамда тарбия соҳасида замонавий услубларни қўллаш ишларини ташкиллаштириш, “Оила-маҳалла-мактаб-олий таълим” ҳамкорлигини мустаҳкамлаш” пировард мақсадимиз” мавзусида семинар бўлиб ўтди. Семинарда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ҳамда унинг ҳудудий вакиллари, вилоят халқ таълими бошқармаси раҳбар ходимлари, туман (шаҳар) халқ таълими бўлимларининг мудирлари, бўлимларнинг рус тили ва адабиёти, хорижий тиллар, амалий фанлар, бошланғич таълим, ижтимоий фанлар методистлари, мактаб директорлари, олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари иштирок этди.

Семинарда сўзга чиққанлар мамлакатимизда таълим сифати ва самарадорлигини ошириш, фаолиятни танқидий таҳлил этиш орқали соҳадаги камчиликларни аниқлаш, бу борада айни пайтда амалга оширилаётган ишлар хусусида тўхталиб ўтишди. Таълим сифатини ошириш мақсадида қатор хорижий тажрибаларни ҳаётга татбиқ этиш, педагогларнинг малакасини оширишдаги устувор вазифаларни тилга олишди. Шунингдек, ўқитувчиларнинг касбий маҳоратини  ошириш, таълим сифати назоратини кучайтириш ҳамда тарбия соҳасида замонавий услубларни қўллаш ишларини ташкиллаштириш хусусида таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Шундан сўнг, аниқ, табиий ва ижтимоий гуманитар фанлар бўйича олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг маҳорат дарслари бошланди. Профессор-ўқитувчилар умумий ўрта таълим мактабларининг фан ўқитувчиларига ўз устида ишлаш, дарс машғулотларида ноанъанавий методларни қўллаш, пухта билим, кенг дунёқарашга эга авлодни вояга етказишга оид малака ва тажрибалари билан ўртоқлашди. Ўқитувчилар малакали мутахассислардан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

Дарҳақиқат, бугун умумий ўрта таълим мактабларида таълим сифати ва самарадорлигини ошириш, ўқувчилар билимини баҳолашда хорижий дастурларни кенг ҳаётга татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумаладан, PISA тизими ўқувчиларнинг таълим соҳасидаги ютуқларини баҳолаш бўйича халқаро дастур бўлиб, дастурнинг асосий мақсади — 15 ёшли ўқувчиларнинг ўқиш саводхонлиги, математик саводхонлик ва табиий фанлар бўйича саводхонлик даражаларини турли хил тестлар кўринишида баҳолашдан иборат. Ушбу лойиҳалар ўқувчи ёшларнинг ижодий ва танқидий фикрлашлари, олган билимларини ҳаётда қўллай олиш қобилиятларига баҳо бериш ва кейинчалик бу кўникмаларни ҳосил қилишга ундашдир.

Ушбу дастур 1997 йилда жорий этилган бўлиб, ҳар уч йилда бир марта ўтказиб келинади. Биринчи марта 2000 йилда ўтказилган бўлиб, 43 та мамлакатдан ўқувчи ёшлар ўз билимларини синаб кўрган. 2003 йилда 41, 2006 йилда 55, 2009 йилда 75, 2012 йилда 65, 2015 йилда 71 ва 2018 йилда 78 та мамлакатдан ўқувчи ёшлар иштирок этганини кўриш мумкин.

Дастур мамлакатдаги жами 15 ёшли ўқувчи ёшларнинг 3 фоизини қамраб олади. Ҳар 3 йилда битта фан йўналишига афзаллик берилиб, 2000 йилда илк бор ўқиш саводхонлигига урғу берилган ҳолда ўтказилган. Демак, уч йилда бир маротаба ўтказилишини инобатга оладиган бўлсак 2021 йилда математик саводхонликка урғу берилади.

PISA дастурининг асосий мақсади мамлакатлар ичида таълим сиёсати соҳасидаги қарорлар қабул қилишни қўллаб-қувватлашдан иборат. Уч йиллик цикллар давомида дастурни амалга оширилиши эса ўз навбатида мамлакатларга ўз вақтида ахборот бериш, тегишли дастурларнинг таъсирини таҳлил қилиш учун маълумотларни тақдим этиш имкониятини яратиб беради.

15 ёшли ўқувчи ёшлар ўртасида дастурни амалга оширилишини сабаби эса ушбу ёшда аксар иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилотига аъзо давлатларнинг ўқувчи ёшлари мажбурий таълимнинг охирги босқичига ўтади.

Ушбу дастурнинг мукаммаллиги шундаки, у бутун дунё бўйича айнан 15 ёшли ўқувчи ёшларнинг билим ва кўникма даражаларини ўлчовчи ягона дастур бўлиб хизмат қилади.


Охирги ўзгариш вақти: 05/12/2019 16:27;   Кўрилганлиги: 529
 
Материал манзили: http://samvxtb.uz/press/press-releases/talim-sifatini-oshirishga-bagishlangan-viloyat-seminari
Чоп этилган вақт: 28/02/2020 00:42
Матнни ўқиш учун ушбу тугмани босинг