Самарқанд вилояти
Халқ таълими бошқармаси
w w w . s a m x t b . u z

 

МАТБУОТ АНЖУМАНИ

2017 йил 18 июль куни вилоят Матбуот уйида вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Рустам Юлдашевиштирокида Президентимизнинг 2016 йил 29 декабрдаги “2017-2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2707-сонли қарори ижроси юзасидан вилоятда амалга оширилаётган ишлар, 2017 йилда фаолият кўрсатаётган кундузги ва доимий  оромгоҳлар, “Ёз концепцияси – 2017” тадбирлари фаолияти тўғрисида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Анжуманда бошқарма бошлиғи Р.Юлдашев мавзу юзасидан ахборот берди.

Мамлакатимизда ўқувчи-ёшларнинг ижодий салоҳиятларини, ватанпарварлик туйғуларини ва соғлом турмуш тарзи кўникмаларини ривожлантириш, улар қалбида ёт ғоя таъсирларига қарши мустаҳкам иммунитетни шакллантириш, мустақил ва эркин фикрловчи, қатъий эътиқодга эга бўлган юксак билимли, интеллектуал салоҳиятли, мустақиллик тамойилларига содиқ, жисмоний ва маънавий жиҳатдан баркамол авлодни тарбиялаш ва юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг моҳиятини ёш авлод онгига чуқур сингдириш мақсадида тадбирлар, кўрик-танловлар ташкил этилмоқда. Ушбу танловларда вилоятимиз ўқувчилари ҳам фаол қатнашиб, фахрли ўринларни эгалламоқдалар.

Шуни алоҳида эътироф этиш жоизки, ўтган 2016-2017 ўқув йилида Иштихон туманидаги 1-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабининг 9-«А» синф ўқувчиси Дилдора Ўроқова таълим ва фан соҳасида эришган ютуқлари учун Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси бўлди.

Шунингдек, “Жаҳолатга қарши маърифат” номли бадиий ва ижодий ишлар танловининг Республика босқичида Расмлар йўналиши бўйича Самарқанд шаҳридаги 55-мактабнинг 8-синф ўқувчиси Чеҳрона Ўтаева 1-ўринни, Шеърлар йўналиши бўйича Самарқанд шаҳридаги 13-мактабнинг 9-синф ўқувчиси Гулнигор Яздонқулова 2-ўринни, Иншолар йўналиши бўйича Самарқанд шаҳридаги 24-мактабнинг 8-синф ўқувчиси Акобир Мажидов 3-ўринни, “иқтидор.уз”  сайти орқали эълон қилинган “Ўзбекистон – жаннатмакон юртим” мавзусидаги он-лайн иншолар танловининг республика босқичида Самарқанд туманидаги  4-умумтаълим мактаби ўқувчиси Маржона Рўзиева 2-ўринни эгаллади.

Ўқувчиларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш мақсадида ўтказилган “Ҳуқуқ билимдонлари” танловининг республика босқичида Самарқанд шаҳрининг “Фемида” жамоаси 2-ўринни, “Солиқ билимлари – болаларга”  танловининг республика босқичида Самарқанд шаҳридаги 51-ИДУМ жамоаси  3-ўринни қўлга киритди.

Россия Федерациясининг Қозон шаҳрида 7 та давлатдан 200 нафарга яқин ўқувчилар иштирок этган “Живой родник” номли халқаро танловда Жомбой туманидаги 10-сон Болалар мусиқа ва санъат мактаби анъанавий хонандалик синфи ўқувчиси Динора Ҳусаинова фахрли 1, Тайлоқ туманидаги 29-сон Болалар мусиқа ва санъат мактаби анъанавий хонандалик синфи ўқувчиси Шоҳруҳ Нишонов 2, Самарқанд шаҳридаги 1-сон Болалар мусиқа ва санъат мактаби эстрада хонандалиги синфи ўқувчиси Муштарийбегим Ҳамидова ҳамда Самарқанд шаҳридаги 22-сон Болалар мусиқа ва санъат мактаби анъанавий хонандалик синфи ўқувчиси Диёрбек Ғаниев 3-ўринларни эгаллашди.

Ёш истеъдод эгалари 2018 йил июнь ойида АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтадиган концертда иштирок этиш учун  таклифномани қўлга киритдилар.

Спорт соҳасида эришилган ютуқлар ҳам салмоқли бўлмоқда. 2017 йил  21 апрель — 1 май кунлари Руминиянинг Ясси шаҳрида   шахмат бўйича мактаб ўқувчилари ўртасида ўтказилган жаҳон чемпионатида Самарқанд шаҳридаги 42-умумтаълим мактаби  ўқувчиси Афрўза Ҳамдамова WСМ  йўналишида шахматнинг тезкор ўйналадиган тури бўйича фахрли биринчи ўринни қўлга киритиб, олтин медал ва чемпионатнинг биринчи даражали дипломи билан тақдирланди.

Халқ таълими тизимида фаолият олиб бораётган фан ўқитувчилари орасидан илғор, ижодкор, компетентли, ташаббускор, фидойи ўқитувчиларни аниқлаш, самарали натижаларга эришаётган ўқитувчиларнинг иш тажрибаларини оммалаштириш ва уларнинг иш фаолиятини кенг оммага етказиш мақсадида ташкил этилган “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси” кўрик-танловининг Республика босқичида Самарқанд шаҳридаги 1-ИДУМ миллий истиқлол ғояси фани ўқитувчиси Дилрабо Ўринова  3-ўринни, “Китобхон мактаб” танловининг республика босқичида Самарқанд туманидаги 16-умумтаълим мактаби маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Зарина Олимова фахрли 1-ўринни эгаллади. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Самарқанд вилояти жамоаси   “Китобхон мактаб” кўрик-танловининг республика босқичида тўртинчи маротаба ғолибликни қўлга киритди.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ташаббуси билан ташкил этилган “Йилнинг энг яхши дарс ишланмаси” он-лайн кўрик-танловининг республика босқичида Иштихон туманидаги 1-ИДУМ она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Феруза Тоғаева фахрли 1-ўринни, Каттақўрғон шаҳридаги 3-умумтаълим мактаби ўзбек тили фани ўқитувчиси Лола Исмоилова 2-ўринни ва Самарқанд шаҳридаги 51-ИДУМ ўзбек тили фани ўқитувчиси Нигора Амонова 3-ўринни қўлга киритди.

“Энг обод таълим муассасаси-2017” кўрик-танловининг вилоят босқичида Жомбой туманидаги 7-умумтаълим мактаби 1, Самарқанд шаҳридаги 9-умумтаълим мактаби 2, Тайлоқ туманидаги 14-умумтаълим мактаби ва Самарқанд туманидаги 2-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби 3-ўринни эгаллади.

“Энг обод мактабгача таълим муассасаси-2017”  кўрик-танловининг вилоят босқичида Самарқанд шаҳридаги 84-мактабгача таълим муассасаси 1, Жомбой туманидаги 16-мактабгача таълим муассасаси 2, Самарқанд туманидаги 24-мактабгача таълим муассасаси 3-ўринни қўлга киритиб, республика босқичида қатнашиш учун йўлланма олишди.

Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.

Бугунги кунда вилоят Халқ таълими бошқармаси тасарруфида 1218 та умумтаълим  мактаблари,  551 та мактабгача  таълим муассасалари, 17 та “Баркамол авлод” болалар марказлари, 2 та Меҳрибонлик уйлари, 9 та махсус мактаб ва мактаб-интернатлари, 1 та вилоят халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти, 17 та ахборот-ресурс марказлари ва умумтаълим мактаблари қошида 120 та ахборот-ресурс марказлари фаолият кўрсатиб келмоқда.

Умумтаълим мактабларидаги фан тўгаракларига 252927 нафар, спорт тўгаракларига 118055 нафар, мусиқа тўгаракларига 6294 нафар ўқувчилар жалб қилинган.

Вилоятдаги 67 та мактабдан ташқари таълим муассасаларидаги тўгаракларга 48240 нафар болалар жалб этилган. Шундан, 17 та “Баркамол авлод” болалар марказларига 12120 нафар, 29 та Болалар мусиқа ва санъат мактабларига 6294 нафар, 21 та Болалар ва ўсмирлар спорт мактабларига 29826 нафар болалар жалб этилган.

МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИ.

Вилоятда бугунги кунда 551 та мактабгача таълим муассасалари фаолият юритаётган бўлиб, шундан 6 та махсус ва 9 та нодавлат мактабгача таълим муассасалари фаолият юритмоқда.

Мактабгача таълим муассасаларида 4768 нафар педагог ходимлар фаолият юритмоқда. Улардан 551 нафаримудираларни ташкил этиб, барчаси олий маълумотли.  3259 нафар тарбиячилардан 1027 нафари олий, 2232  нафариўрта махсус маълумотли.

Вилоятда 2-7 ёшли болалар сони 285077 нафарни ташкил этади. Вилоятдаги мактабгача таълим муассасаларининг қуввати 65112 нафар болаларга мўлжалланган бўлиб, 71055 нафар болалар қамраб олинган.

ИНВЕСТИЦИЯ ДАСТУРИ БЎЙИЧА.

Вилоятдаги 551 та  мактабгача таълим муассасаларидан 318 таси замонавий типда қурилган биноларда, 286 таси эса мослаштирилган биноларда фаолият юритмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 29 декабрдаги “2017-2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2707-сонли қарорига асосан 2017-2021 йилларда  вилоятда 281 (50,9%) та мактабгача таълим муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш,  жумладан, 7 та 740 ўринли янги МТМ бинолари қуриш, 251 та 24590 ўринли МТМларни реконструкция қилиш, 23 та 3710 ўринли МТМ биноларини капитал таъмирлаш ва уларни замонавий талабларга жавоб берадиган инвентар, ускуналар, ўқув-методик қўлланмалар, мультимедиа ресурслари билан таъминлаш ишларини амалга ошириш кўзда тутилган.

Мазкур тадбирларни амалга ошириш учун жами 311,4 млрд сўм (қурилиш-таъмирлаш ишларига 275,550 млрд сўм,мебель-жиҳоз инвентарлар билан таъминлаш учун 29,362 млрд сўм, маҳаллий бюджет ҳисобидан ободонлаштириш ишларига 6,496 млрд сўм) маблағ ажратилиши режалаштирилган.

Шу жумладан, 2017 йилда вилоят бўйича жами 32 та МТМ биносида (28 та 1955 ўринли МТМ биносини капитал реконструкция, 4 та 440 ўринли МТМ биносини капитал таъмирлаш) қурилиш-таъмирлаш ишлари учун 22,969 млрд. сўмлик  қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилиши белгиланган бўлиб, ҳозирги вақтда ушбу объектларнинг барчасига лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрланиб, эскпетизадан ўтказилган ва тендер савдолари ўтказилиб, пудратчи ташкилотлар аниқланган. Ҳозирги вақтда барча объектларда пудратчи ташкилотлар томонидан қурилиш-монтаж ишлари бошлаб юборилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 апрелдаги “2017 йилда ижтимоий соҳа объектларида қурилиш, реконструкция ва мукаммал таъмирлашни ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-2873-сонли қарорига асосан 2017 йилда вилоят бўйича жами 78 та умумтаълим мактабларида (1 та янги қурилиш, 66 та капитал реконструкция, 11 та капитал таъмирлаш) 66,667 млрд. сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилиши режалаштирилиб, бугунги кунда ушбу объектлар учун тендер савдолари ўтказилган. Ҳозирги вақтда барча объектларда пудратчи ташкилотлар томонидан қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 19 февралдаги 2133-сонли қарори билан тасдиқланган “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурининг 94-банди ижроси бўйича мактабгача таълим муассасаларига жалб қилинмаган болалар ва қисқа муддатли гуруҳлар учун 5 номдаги 258615 тўплам ўқув- методик қўлланмалар ота-оналарга етказилган.

2017-2021 йилларда қисқа муддатли гуруҳлар тармоғини кенгайтириш орқали қамров фоизини ошириш мақсадида ҳар йили 84 та МТМларда 4200 нафардан болаларни қисқа муддатли гуруҳларга жалб этиш режалаштирилиб, 2021 йилда МТМларга жами 115323 нафар бола жалб қилиниши орқали қамров фоизини 40 фоизга ошириш кўзда тутилган.

“Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2017-2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2707-сонли қарорининг ижросини амалиётга жорий этиш юзасидан вилоятдаги мактабгача таълим муассасаларида жами 413 та кичик кутубхоналар ташкил этилиб, 1894 та  бадиий адабиётлар, 2525 дона эртак китоблар ва  938 дона ўқув қўлланмалар билан таъминланган.

Таълимда глобал ҳамкорлик ташкилоти гранти асосида Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан Жаҳон банки билан ҳамкорликда амалга оширилаётган “Мактабгача ва умумий ўрта таълимни ривожлантириш” лойиҳаси доирасида 84 та мактабгача таълим муассасалари 24 номдаги зарур мебель жиҳозлари, ўқув-методик материаллар ва ресурслар билан таъминланган. Бугунги кунда етказиб берилган жиҳозлар ўрнатилган тартибда жойлаштирилиб, 156 та қисқа муддатли гуруҳларда улардан самарали фойдаланилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг 2017 йил 25 мартдаги  “Йилнинг энг яхши тарбиячиси” танловини ўтказиш тўғрисида”ги  90-сонли буйруғи  асосида жорий йилнинг 3-4 май кунлари  мазкур танловнинг вилоят босқичи ўтказилиб, танловда Самарқанд туманидаги 14-мактабгача таълим муассасаси тарбиячиси Гулруҳ Қодировағолибликни қўлга киритди.

Бугунги кунда мактабгача таълим муассасалари 5 ва 6 кунлик иш тартибида фаолият кўрсатмоқда.

Мактабгача таълим муассасаларида кам таъминланган оилалар учун имтиёзлар мавжуд. Муассаса қошида ташкил этилган васийлик кенгаши таълим муассасасига қатнайдиган   кам таъминланган оилалар фарзандларини (болалар сонидан 15 % ини) ота – она бадалидан озод этишда кўмаклашмоқда.

Қарор билан тасдиқланган Дастур асосида кенг кўламли комплекс тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилган. Бунинг учун, биринчидан, болаларни ҳар томонлама интеллектуал, ахлоқий, эстетик ва жисмоний ривожланиши учун илғор хорижий тажрибаларни инобатга олган ҳолда зарур шарт-шароитларни яратиш; иккинчидан, мактабгача таълим муасасалари учун педагог кадрлар сифатини яхшилаш ва малакасини ошириш ишларини ўқув режа ва дастурларини замонавий педагогик технология ва методларни инобатга олган ҳолда такомиллаштириш; учинчидан, 281 (50,9%) та мактабгача таълим муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш. Жумладан, қишлоқ аҳоли пунктларида янги мактабгача таълим муассасаларини қуриш, уларни замонавий талабларга жавоб берадиган инвентарь, ускуналар, ўқув-методик қўлланмалар, мультимедиа ресурслари билан таъминлаш ишларини бажариш зарур бўлади. Ушбу тадбирларни амалга ошириш учун жами 311,4 млрд сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилмоқда.

Қарорнинг яна бир ўзига хослиги шундаки, унда мактабгача таълим тизимига таълим-тарбия жараёнини янада яхшилашга қаратилган муқобил дастурларни жорий этиш назарда тутилган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан мазкур дастурларни 2017 йилда ишлаб чиқиб, амалиётга татбиқ қилиш кўзда тутилган. Янгиланган дастурлар болаларни мактабга янада сифатли тайёрлашга, уларнинг интеллектуал қобилияти ва мантиқий фикрлаш салоҳиятини юксалтиришга, олдингидан фарқли ўлароқ, ёзиш ва ўқишни янада жадал ўрганишига хизмат қилади.

2017 йилда фаолият кўрсатадиган кундузги оромгоҳлар

2017 йил ёзги соғломлаштириш мавсумида вилоятда жами 55 та кундузги оромгоҳда 11500 нафар, шундан 1-даврада 3883 нафар, 2-даврада 3867 нафар, 3750 нафар болаларнинг дам олиши режалаштирилган.

55 та кундузги оромгоҳнинг барчаси умумтаълим мактабларида ташкил этилиши белгиланган.

Вилоят ҳокимининг 2017 йил 18 майдаги 118-Ф-сонли “2017 йил ёзги мавсумда кундузги оромгоҳлар фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги фармойишига асосан 2017 йилда кундузги оромгоҳлар соат 08.30 дан 14.00 гача фаолият кўрсатиши белгиланган бўлиб, ёз мавсуми давомида кундузги оромгоҳларда болаларнинг бир кунлик ўртача овқатланиш пули 10 кунга 30.000 сўмни, бир нафар бола учун амалга ошириладиган тўлов миқдори ҳомийлар ҳисобидан 22.500 сўм (75%), ота-оналар томонидан 7.500 сўм (25%) этиб белгиланди (11500 нафар болага 345. 000 000, шундан 258. 750. 000 сўм ҳомийлар, 86. 250. 000 сўм ота-оналар бадали тўланади).

Вилоятдаги 55 та кундузги оромгоҳнинг барчаси “Ўзбектелеком” АК Самарқанд филиали томонидан телефон алоқа воситалари билан таъминланди.

Бугунги кунда вилоятдаги 55 та кундузги оромгоҳнинг 1-даврасида 3883 нафар болалар дам олдирилди. 2-даврада  50 та кундузги оромгоҳда 3497 нафар болалар соғломлаштирилмоқда. Оромгоҳларда болаларнинг ёзги таътил даврини мазмунли ўтказиш мақсадида барча шароитлар яратиб берилган. Турли кўрик-танловлар, китобхонлик тадбирлари ва спорт мусобақалари ташкил этилмоқда.

Доимий оромгоҳлар фаолияти тўғрисида

2017 йилда болаларни ёзги соғломлаштириш мавсумини намунали ташкил этиш ва ўтказиш ҳамда вилоят ҳокимининг 2017 йил 6 мартдаги 93-Қ-сонли ва вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши раёсатининг 2017 йил 6 мартдаги 8-7-“с”-сонли “Вилоятда болаларнинг 2017 йил ёзги соғломлаштириш мавсумини намунали ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида”ги Қўшма қарори ижросини таъминлаш мақсадида бошқарманинг 2017 йил 10 мартдаги 55-сонли буйруғи чиқарилиб, ишчи гуруҳ таркиби тузилди ва жойларга ижро учун юборилди.

Шунингдек, вилоят ҳокимлигининг 2017 йил 6 мартдаги 05/3-140-сонли йиғилиш баёни ижросини таъминлаш мақсадида бошқарманинг 2017 йил 18 мартдаги чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди ва жойларга ижро учун юборилди.

2017 йил ёзги соғломлаштириш мавсумида вилоятда 24 та доимий оромгоҳда 11 200 нафар болалар дам олиши режалаштирилган.

2017 йил ёз мавсумида фаолият кўрсатадиган 24 та доимий оромгоҳлар вилоят, туман (шаҳар) АРМлари томонидан кўчма кутубхоналар ташкил қилиниб, улар 13160 дона бадиий, ижтимоий, илмий оммабоп адабиётлар ҳамда газета ва журналлар билан таъминланди.

Туман (шаҳар) халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлимлари томонидан 24 та доимий оромгоҳларда маънавият ва маърифат хоналари ташкил этилди. Улар Давлат рамзлари, турли мавзудаги кўргазмалар, плакатлар, байроқчалар билан безатилди.

Халқ таълими тизимидаги “Баркамол авлод” болалар марказлари томонидан оромгоҳларда дам олувчиларнинг қизиқишларини инобатга олган ҳолда тўгараклар ташкил этилган.

Вилоятдаги иқтидорли болалар учун “Чорчинор” болалар оромгоҳида қўшимча 4-даврада “Интеллектуал ривожлантириш” оромгоҳи ташкил этилиб, унда 100 нафар болаларни соғломлаштириш режалаштирилган.

ЁЗ КОНЦЕПЦИЯСИ-2017

Халқ таълими вазирлигининг 2017 йил 19 майдаги видеоселектор йиғилишининг 8-сонли баёни билан тасдиқланган “Ўқувчиларнинг ёзги таътил даврини мазмунли ташкил этиш концепцияси”си, Халқ таълими вазирлигининг 2017 йил 6 июндаги 03-03/1-5-72-сонли хатида кўрсатилган эълонлар бўйича вилоят халқ таълими бошқармасининг 2017 йил 7 июндаги 1819-сонли хати чиқарилди ва жойларга ижро учун юборилди.

“Ўқувчиларнинг ёзги таътил даврини мазмунли ташкил этиш концепцияси”сини 2017 йилги Инвестиция дастурига кирган мактаблардан ташқари вилоятдаги барча  1104 та мактаблар, “Баркамол авлод” болалар марказлари, Ахборот-ресурс марказларида ташкил этилмоқда. (қурилиш ва таъмирлаш бўйича дастурга тушган мактаблар бундан мустасно).

Таълим муассасаларида маданий – маърифий ва спорт тадбирлари умумтаълим мактабларининг 1-6-синф ўқувчилари учун соат 08:00дан – 12:00 гача, 7-9-синф ўқувчилари учун соат – 17:00 дан – 20:00 гача, “Баркамол авлод” болалар марказларида 1-9-синф ўқувчилари учун соат 08:00 дан 12:00 гача, Ахборот-ресурс марказларида1-9-синф ўқувчилари учун соат 08:00 дан 13:00 гача фаолият кўрсатмоқда.

Таълим муассасаларида белгиланган вақтларда ўқувчиларнинг ёш хусусиятлари инобатга олинган ҳолда давра суҳбатлари, ўйинлар, викториналар, спорт мусобақалари, китобхонлик баҳслари, инглиз тили сабоқлари, мусиқа тўгараги каби турли тадбирлар ташкил этилмоқда.

Анжуманда журналистларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар қайтарилиб, келгуси вазифалар белгилаб олинди.


Киритилган вақти: 20/07/2017 08:09;   Кўрилганлиги: 228
 
Материал манзили: http://samvxtb.uz/press/seminars-briefings/matbuot-anjumani
Чоп этилган вақт: 15/10/2019 09:51
Матнни ўқиш учун ушбу тугмани босинг