Самарқанд вилояти
Халқ таълими бошқармаси
w w w . s a m x t b . u z

 

МАТБУОТ АНЖУМАНИДА ЖУРНАЛИСТЛАРНИ ҚАНДАЙ САВОЛЛАР ҚИЗИҚТИРДИ?

Вилоят Матбуот уйида вилоят халқ таълими бошқармаси томонидан тизимда амалга оширилаётган ишлар, мавжуд муаммо ва камчиликлар, 2020 йилдаги истиқболли вазифаларга бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди. Унда бошқарманинг раҳбар ходимлари ҳамда журналист ва блогерлар иштирок этди.

Дастлаб, вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Саидаҳмад Усмонов тизимда ислоҳотларга ҳамоҳанг амалга оширилаётган ишлар, мавжуд муаммолар, келгусидаги вазифалар, ҳақида тўхталиб ўтди. —Кейинги пайтларда халқ таълими соҳасидаги йиллар давомида эътибордан четда қолаётган, холис ва ҳаққоний ечимини кутиб турган муаммолар бевосита оммавий ахборот воситаларида кўтариб чиқилаётгани, кенг жамоатчиликка ҳавола этилаётгани эътиборга молик, — деди Саидаҳмад Усмонов. — Ушбу йўналишдаги ҳамкорлигимизнинг янада мустаҳкамланиши, танқидий материаллар билан бирга муаммоларнинг ечимига доир таклиф ва ташаббуслар кўрсатилиши мақсадга мувофиқдир. Матбуот анжуманида таъкидланганидек, “Таълимда ислоҳот: ўзгаришни ўзимиздан бошлайлик!” шиори остида бугун вилоят халқ таълими тизимидаги муаммоларни бартараф этиш, таълим сифати ва самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, ўқитувчини ўз устида ишлашга ундаш мақсадида “Устозлар беллашуви” ўтказилаётгани, директорларнинг масъулиятини ошириш мақсадида таълимдаги ислоҳотларни уларга тўғридан-тўғри етказиш учун ҳар бир шаҳар ва туманда студиялар ташкил этилиб, бир пайтнинг ўзида 1236 та мактаб директорлари билан видеоселектор ташкил этилмоқда. 2019 йилнинг 26 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Замонавий мактаб”ларни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Қарорга мувофиқ, 2020-2022 йилларда умумий ўрта таълим муассасаларини “Замонавий мактаб” талаблари асосида янгидан қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлашнинг асосий параметрлари тасдиқланди. Хусусан, 2020 йилда Самарқанд вилоятидаги 16 та умумий ўрта таълим мактабида реконструкция, 5 тасида мукаммал таъмирлаш, 2021 йилда 31 та, 2022 йилда эса 30 та, жами 82 та умумий ўрта таълим мактабида реконструкция ҳамда мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилиши белгиланди. Туман ва шаҳарлар кесимида олиб қараганимизда 2020-2021 йилларда Самарқанд ва Жомбой туманларида биттадан, Тойлоқ, Иштихон ва Нарпай туманларида иккитадан, Нуробод ва Пахтачи туманларида тўрттадан, Ургут ва Каттақўрғон туманларида олтитадан мактаблар, шунингдек, Қўшработ туманидаги 3 та, Самарқанд шаҳридаги 8 та, Пайариқ туманидаги 9 та, Пастдарғом туманидаги 12 та ҳамда Оқдарё туманидаги 16 та мактабларда реконструкция ва мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилади. Шунингдек, жорий йил давомида “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари асосида жами 28 та умумтаълим мактабларида таъмирлаш ва бунёдкорлик ишлари амалга оширилади. Матбуот анжумани давомида кейинги пайтларда ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлган Иштихон туманидаги 3-умумтаълим мактаби, Оқдарё туманидаги 63-махсус мактаб-интернати, Самарқанд шаҳридаги 16-умумтаълим мактабларида педагог ходимларнинг эҳтиётсизлиги сабабли келиб чиққан нохуш ҳолатларга муносабат билдирилди. Шунингдек, вояга етмаганлар ўртасида жиноятчиликка қарши курашиш борасидаги амалий ишларга тўхталиб ўтилди. —2019 йил давомида 26 та ҳолатда 32 нафар (2018 йилда 40 та) мактаб ўқувчилари томонидан жиноятлар содир этилган, — дейди вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Озод Жангиров. — Бундай салбий ҳолатнинг камайгани билан хотиржамликка берила олмаймиз. Негаки, вояга етмаганлар томонидан содир этилган битта бўлса ҳам ҳуқуқбузарлик фавқулодда ҳолат ҳисобланади. Шу боис, бундай нохуш ҳолатларга йўл қўймаслик, олдини олиш мақсадида жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари таҳлил қилиниб, моҳиятига етяпмиз. Камчиликларимизни бартараф этиш юзасидан, аввало, ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, умумтаълим мактабларида Президентимизнинг 5 та муҳим ташаббусининг кенг қулоч ёйишига шароит яратишга эътибор қаратяпмиз. Бугунги кунда 13166 нафар ўқувчи театр тўгаракларига, 320 765 нафари спорт, 39949 нафари компьютер технологиялари, 620 105 нафари эса китобхонлик тўгаракларига жалб қилинган. Бу, албатта, ўз самарасини бераётгани кенг жамоатчиликка аён. Журналистлар PISA Халқаро тадқиқотлари, вариатив (ўзгарувчан) ўқув режа, умумтаълим мактабларида ўқувчи қамровининг ортиб кетиши натижасида синфхоналар етишмаслиги, коррупциянинг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олишди. Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати

Охирги ўзгариш вақти: 12/02/2020 13:54;   Кўрилганлиги: 132
 
Материал манзили: http://samvxtb.uz/press/seminars-briefings/matbuot-anjumanida-jurnalistlarni-qanday-savollar-qiziqtirdi
Чоп этилган вақт: 08/04/2020 05:26
Матнни ўқиш учун ушбу тугмани босинг