Самарқанд вилоят ҳокимлиги
Халқ таълими бошқармаси
w w w . s a m x t b . u z

 

2015 йил август кенгашларидаги вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Азамат Умаровнинг МАЪРУЗАСИ

Юксак билимли ва интеллектуал ривожланган авлодни тарбиялаш –мамлакатни барқарор тараққий эттириш ва модернизация қилишнинг энг муҳим омили

Юртимиз мустақиллигининг дастлабки кунлариданоқ таълим-тарбия соҳаси мамлакатимизнинг бугуни ва истиқболини белгиловчи энг долзарб масала сифатида муҳим аҳамиятга эга бўлди. Мустақиллик йилларида таълим муассасаларида ёшларни маънавий юксак, баркамол инсонлар қилиб тарбиялашга жиддий эътибор қаратилиб, биринчи навбатда таълим муассасаларининг моддий негизини мустаҳкамлаш бўйича сезиларли ишлар амалга оширилди.

"Таълим тўғрисида"ги Қонун ҳамда Кадрлар тайёрлаш миллий Дастури мустақил мамлакатимизнинг буюк келажагини таъминлайдиган муҳим омил сифатида таълим-тарбия, кадрлар тайёрлаш соҳасини мутлақо янги асосда ташкил этишга хизмат қиладиган ҳужжат сифатида ёшлар манфаатлари, унинг мунтазам ривожланиб бориши, фаровон ҳаёт кечириши учун барча шарт-шароитларни яратишга хизмат қилмоқда.  

Вилоят Халқ таълими бошқармаси тасарруфида 1220 та умумтаълим мактаблари, 556 та мактабгача таълим муассасалари, 17 та мактабдан таш­қари таълим муассасалари, 47 та Болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари, 34 та Болалар мусиқа ва санъат мактаблари, 3 та Меҳрибонлик уйлари, 14 та махсус мактаб ва мактаб-интернатлари, 1 та малака ошириш институти фаолият кўрсатиб келмоқда.

2015 йил Инвестиция дастурига кўра вилоятдаги 57 та умумтаълим мактабларида (шундан 7 та янги қурилиш, 45 тасини реконструкция қилиш ва 5 тасини мукаммал таъмирлаш) 50,931 млрд. сўмлик қурилиш - таъмирлаш ишлари олиб борилиб, фойдаланишга топширилди.

Вилоятда 30 та мактабгача таълим муассасаларида 14,8 млрд. сўмлик мукаммал таъмирлаш ишлари якунига етказилмоқда.

2015 йилда Болалар спортини ривожлантириш жам­ғармаси маблағлари ҳисобидан 41,982 млрд. сўмлик 46 та болалар спорти объектлари қурилиши ва реконструкция қилиниши режалаштирилган бўлиб, шундан, 40 та умумтаълим мактабларининг спорт заллари, 4 та Болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари, 1 та Болалар мусиқа ва санъат мактаби ҳамда 1 та сузиш ҳавзаси қурилиши ишлари амалга оширилмоқда.

Бугунги кунда умумтаълим мактабларида 46207 нафар ўқитувчилар фаолият олиб бориб, уларнинг 34770 нафари олий ҳамда 11437 нафари ўрта махсус маълумотли ўқитувчиларни ташкил қилади.

Ўқитувчиларнинг 1210 (2.6 %) нафари олий тоифали, 6441 (13.9 %) нафари биринчи тоифали, 16646 (36.0 %) нафари иккинчи тоифали, 21910 (47.4 %) нафари мутахассис тоифали педагог ходимлардир.

Ўтган ўқув йили якунида умумтаълим мактабларида 688 нафар ўқитувчиларга эҳтиёж мавжуд эди. Жорий йилнинг февраль - май ойларида кадр­ларга эҳтиёжи мавжуд бўлган таълим муассасалари раҳбарлари томонидан Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги педагог кадрлар тайёрлайдиган олий ўқув юртларининг 1110 нафар самарқандлик битирувчилари билан уч томонлама шартномалар имзоланди. Ҳозирги вақтда ёш мутахассисларни ишга қабул қилиш ишлари олиб борилмоқда.

Жумладан, Самарқанд Давлат университетининг 1620 нафар, Самарқанд давлат чет тиллар институтининг 261 нафар, Ўзбекистон миллий университетининг 79 нафар, Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари университетининг 106 нафар, Навоий давлат педагогика инс­титутининг 262 нафар, Жиззах давлат педагогика институтининг 337 нафар, Низомий номидаги Тошкент давлат университетининг 79 нафар самар­қандлик битирувчилари таълим муассасаларига ишга қабул қилинмоқда.

Халқ таълими вазирлиги томонидан тасдиқланган режа асосида ҳар ойда белгиланган раҳбар ва педагог ҳодимлар малака ошириш институтларида ташкил қилинган ўқув курсларида ўз малакаларини ошириб келди.

Жумладан, А.Авлоний номидаги халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтининг 2015 йил январь-июнь ойлари режаси таҳлил қилинганда, Самар­қанд ва Каттақўрғон шаҳарлари, Қўшработ, Иштихон, Пайариқ, Самарқанд, Жомбой, Тайлоқ ва Ургут туманлари 100%га бажарган бўлса, Паст Дарғом тумани 92 %, Нуробод тумани 94 %, Пахтачи тумани 93 %, Оқдарё тумани 93%, Нарпай тумани 94%, Каттақўр­ғон тумани 92% ва Булунғур тумани 94 %га бажарганлиги сабабли вилоят режаси 5%га бажарилмасдан қолди.

2015 йилнинг январь-июнь ойларида малака оширишнинг истиқбол режасига асосан Нарпай тумани БАБМ раҳбари Б.Аслиддинов, Пахтачи туманидаги 9-(Б.Мустафоев) ҳамда Каттақўрғон туманидаги 59- (А.Ҳакимов), Паст Дар­ғом туманидаги 98-(Ў.Тошев), Нуробод туманидаги 28-(Н.Қал­қонов), 59-(Н.Темиров), Оқдарё туманидаги 31-(Ж.Вайдуллаев) умумтаълим мактаблари директорлари бош­қарманинг А.Авлоний номидаги ХТХҚТМОИга малака курсларига сабабсиз бормаганлиги учун уларга нисбатан интизомий чоралар кўрилди.

Шунингдек, А.Авлоний номидаги ХТХҚТМОИда 2015 йил январь-июнь ойларида турли сабабларга кўра сертификат ола олмаган Нуробод туманидаги 41-(А.Ҳусанов) ва 62- (С.Джумаев), Тайлоқ туманидаги 37-(А.Исахонов), Оқдарё туманидаги 51-(М.Ризаева), Булун­ғур туманидаги 61-(А.Аҳмедов), Каттақўрғон туманидаги 81-(М.Бойназаров), 32- (F.Ўроқов) ва 89-(С.Абдиев) умумтаълим мактаблари директорларига нисбатан ҳам тегишли чоралар кўрилди.

2014-2015 ўқув йилида Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг "Дарс муқаддас", "Ўрган-ўргат", "Устоз-шогирд", "Мураккаб фан-ўрганаман", "Яхши муаллим-сифатли таълим" каби методик тавсиялар асосида умумтаълим мактабларида муайян ишлар олиб борилди. Лекин ўқув йили давомида ўтказилган ўрганишларда туман, шаҳар Халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими мутассади ходимларининг эътиборсизлиги ва лоқайдлиги туфайли ушбу инновацион ғоялар амалиётга тўлиқ жорий этилмади.

Бу борада 2014-2015 ўқув йилида Самарқанд ва Каттақўр­ғон шаҳарлари, Самар­қанд туманида ижобий ишлар олиб борилган бўлса, қолган туманлар Халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлимларининг фаолияти қониқарсиз эканлиги ташвишли ҳолдир.

"Энг обод таълим муассасаси" республика кўрик-танловида умумтаълим мактаблари ўртасида Самарқанд туманидаги 38-умумтаълим мактаби 1-, Ургут туманидаги 35-умумтаълим мактаби 2-, Булунғур туманидаги 56-умумтаълим мактаби 3-ўринларни, мактабгача таълим муассасалари ўртасида Самарқанд шаҳридаги 72-МТМ 1-, Катта­қўрғон шаҳридаги 5-МТМ 2-, Нарпай туманидаги 6-МТМ 3-ўринларни эгаллаган бўлса, бошқа туманлар таълим муассасалари бу танловга панжа орасидан қаради.

Умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида ўтказилган фан олимпиадаси барча кўрсаткичларнинг кўзгуси эканлиги барчага маълум. 2015 йилда ўтказилган фан олимпиадасида Самарқанд шаҳри ўқувчилари жамоаси 17 та, Оқдарё ва Тайлоқ туманлари ўқувчилари 9 тадан, Катта­қўрғон, Паст Дарғом туманлари ва Каттақўрғон шаҳри ўқувчилари жамоаси 7 тадан, Ургут ва Самарқанд тумани ўқувчилари жамоаси 6 тадан сов­ринли ўринларни эгаллаб, юқори натижаларни қўлга киритишган бўлса, Нуробод, Қўшработ, Булунғур туманлари ўқувчилари жамоаларининг иштирокини самарали деб бўлмайди. Айниқса, вилоят бўйича Нарпай туманидан энг кўп, яъни 52 нафар ўқувчилар иштирок этиб, бирорта ҳам сов­ринли ўринларни қўлга кирита олмаганлигини туман ХТМФМТТЭ бўлими мутасадди раҳбарлари қандай изоҳлайди?

Фан олимпиасида иштирок этган жамоаларнинг кўрсаткичлари таҳлил этилганда Булунғур туманидан 21 нафардан атиги 5 нафари (23,8%), Нарпай туманидан 52 нафардан 5 нафари (9,6%), Нуробод туманидан 24 нафардан 5 нафари (20%), Қўшработ туманидан 33 нафардан атиги 3 нафари (1%), Каттақўрғон шаҳридан 8 (42,1%), Каттақўрғон туманидан 11 (52,4%), Нарпай туманидан 5 (9,6%), Пахтачи туманидан 5 (26,3%) нафари, Самарқанд шаҳридан 20 (42,6%), Самарқанд туманидан 12 (42,9%), Паст Дарғом туманидан 12 (30%) нафар ўқувчилар 76 баллдан юқори натижаларга эришган, холос.

Ачинарлиси, туманда энг иқтидорли деб топилган ўқувчилар фан олимпиадасининг вилоят босқичида 50 баллдан паст натижаларга эришган. Жумладан, Пахтачи туманидан 5 (26,3%), Нарпай туманидан 23 (44,2%), Самарқанд шаҳридан 6 (12,8), Самарқанд туманидан 3(10,7), Паст Дарғом туманидан 11 (27,5%), Нуробод туманидан 5 (26,3%), Оқдарё туманидан 3 (10 %), Пайариқ туманидан 4 (19%), Иштихон туманидан 9 (27,3%), Қўшработ туманидан 11 (35,5%), Булунғур туманидан 8 (38%), Жомбой туманидан 8 нафар иштирокчилар 50 баллдан­ паст натижани қайд этишган.

Фан олимпиадасининг мантиқий давоми сифатида жорий этилган Билимлар беллашуви натижаларини таҳлил қилар эканмиз, ўтган ўқув йилида математика фанидан Булунғур туманидаги 15- умумтаълим мактабининг 7- синф ўқувчиси Сардор Саидқулов Корея давлатида ўтказилган Халқаро олимпиадада кумуш медал олганлиги, бу йил эса Каттақўр­ғон шаҳридаги 17-ИДУМнинг 8-синф ўқувчиси Ж.Тўраев Хитой Халқ Республикасининг Чанчунь шаҳрида ўтказилган Халқаро олимпиадада кумуш медални қўлга киритганлиги қалбимизни фахрга тўлдирди.

Лекин 2014-2015 ўқув йилидаги айрим фанларнинг натижалари Самарқанд вилояти салоҳиятига мутлақо мос келмайди. Мазкур жараённинг 3-босқичида Самарқанд ва Каттақўр­ғон шаҳарлари 7 тадан, Булунғур тумани 5 та, Паст Дарғом ва Оқдарё туманлари 4 тадан, Иштихон ва Жомбой туманлари 3 тадан, Тайлоқ, Нарпай, Пайариқ ва Каттақўрғон туманлари 2 тадан, Нуробод, Ургут ва Самар­қанд туманлари 1 тадан биринчи ўринни эгаллаган бўлса, Пахтачи ва Қўшработ туманлари ўқувчилари бирорта ҳам биринчи ўринга эришмади.

Беллашувнинг республика босқичида 2 нафар ўқувчи 2-ўринни, 8 нафар ўқувчи 3 ўринни эгаллаб, жами совринли ўринлар сони 10 тани ташкил қилди. Билимлар беллашуви жорий этилгандан буён Самар­қанд вилояти бундай паст натижаларга эришмаган эди.

Иқтидорли ўқувчиларни тайёрламасдан, ўқувчиларда зарурий билим ва кўникмаларни шакллантирмасдан юқори натижаларга эришиб бўлмайди.

Таълим сифати ҳақида гапирар эканмиз, ўтган ўқув йилида сайланма тарзда Паст Дарғом, Жомбой ва Тайлоқ тумани Халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлимлари тасарруфидаги мактабларнинг 5, 7-синфларида ёзма иш, диктант ва тест­лар ёрдамида ташқи мониторинг ўтказилган бўлиб, 3 та туман бўйича ўзлаштириш кўрсаткичи ўртача 69,4 фоизни ташкил этди. Жумладан, 360 нафар 5-синф ўқувчиларининг ўртача ўзлаштириши 68,7%ни, 402 нафар 6-синф ўқувчиларининг ўртача ўзлаштириши 69,4%ни, 380 нафар 7-синф ўқувчиларининг ўртача ўзлаштириши 70,1%ни ташкил этди.

Республика бўйича таълим сифати рейтинги аниқланганда, Паст Дарғом туманидаги 1, 28-ИДУМлар, Самарқанд шаҳридаги 51, 43, Каттақўр­ғон шаҳридаги 3, 6, Оқдарё туманидаги 45, Қўшработ туманидаги 50, Каттақўрғон туманидаги 1-ИДУМ, Иштихон туманидаги 1-ИДУМ рейтинг­да биринчи ўнталикни эгаллаган бўлса, Паст Дарғом туманидаги 60, Нарпай туманидаги 2, 48, Қўшработ туманидаги 33, 66, 84, Иштихон туманидаги 80, Пайариқ туманидаги 49 ва Булунғур туманидаги 64-умумтаълим мактаблари республика рейтингида 1200 ўриндан кейинги ўринларда турибди. Ушбу натижаларни туман ва шаҳарлар кесимида таҳлил қиладиган бўлсак, энг паст натижалар Нуробод (262,3), Ургут (229,6), Пахтачи (221,7) туманларида қайд этилди.

Шу боис ҳам юқорида таҳлил қилинган танловларимизда иқтидорли ўқувчилар иштироки қониқарсиз бўлган. Бугун тизим раҳбарлари мана шу сабабларни тўлиқ бартараф этмасдан туриб, ютуқларга эриша олмаслигини тўлиқ англаши лозим.

Маълумки, давлатимиз раҳбарининг 2012 йил 10 декабрдаги "Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-1875-сонли қарорига асосан вилоятдаги 1220 та умумтаълим мактабларида ташкил этилган 4352 та чет тили хоналарини зарурий мебел, маиший техника, ўқув ва кўргазмали қуроллар билан тўлиқ жиҳозлаш учун 1.8 млрд. сўм маблағ сарфланган.

2015-2016 ўқув йилида чет тилларининг ўқитилиши 1, 3-синфларда давом эттирилиши муносабати билан 1131 нафар педагог кадр­ларга 1 ставка миқдорида эҳтиёж юзага келди. Бу эҳтиёжни қоплаш мақсадида чет тиллари йўналиши мавжуд бўлган 8 та олий таълим муассасаларининг 420 нафар самар­қандлик битирувчилари тўғрисидаги маълумотлар банки шакллантирилди.

2015-2016 ўқув йилида 1811 нафар 3-синфларда дарс берадиган ўқитувчилардан 1556 нафари малака курсларидан ўтган бўлиб, режа 86 фоизга бажарилди. Малака ошириш режаси Пайариқ туманида 72,5 %га (38 нафар), Паст Дарғом туманида 83,9 %га (31нафар), Иштихон туманида 81,5%га (14 нафар), Ургут туманида 83,3 %га (34 нафар), Каттақўрғон шаҳрида 80 % га(6 нафар) бажарилганлиги сабабли тўлиқ таъминланмади.

Таянч мактабларида ташкил этилган ҳар ҳафталик ­курсларни ўтказиш ­жараёнига   ХТМФМТТЭ­ бўлимлари ва таълим муассасалари раҳбарлари томонидан етарлича назорат ўрнатилмаганлиги, бу курсларнинг мазмун-моҳияти ўқитувчиларга тўлиқ етказиб берилмаганлиги оқибатида барча ­ин­глиз тили ўқитувчиларининг машғулотларга тўлиқ қатнашиши таъминланмади.

Узлуксиз (жума кунлари) малака ошириш курсларидаги ўқитувчилар давомати бўйича республика кўрсаткичларига асосан Булунғур тумани 24-ўринда, Самарқанд тумани 33- ўринда, Пайариқ тумани 37- ўринда бўлса, қолган туманлар 41-60-ўринларда турибди.

Шунингдек, 1857 нафар инг­лиз тили ўқитувчиларидан 162 (8,7%) нафари мазкур курс машғулотларига мунтазам қатнашмаган ва тингловчилар сафидан чиқарилган. Самарқанд шаҳрида 10,3% (37 нафар), Паст Дарғом туманида 9,4% (16 нафар), Жомбой туманида 10,1% (9 нафар), Булунғур туманида 6,5% (8 нафар) ўқитувчилар мунтазам дарсларга қатнашмаган ва тингловчилар сафидан чиқарилган бўлса-да, Халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлимлари томонидан тегишли чоралар кўрилмаган.

Жорий йилнинг 15-20 июнь кунлари ўтказилган 1-босқич якуний аттестация жараёнига тавсия этилган 1857 нафар ўқитувчилардан 162 нафари тингловчилар сафидан чиқарилган. 149 нафари турли сабаблар билан (97 нафари сабабсиз) қатнашмаган. Самарқанд шаҳридан 26, Паст Дар­ғом туманидан 21, Каттақўр­ғон туманидан 8, Самарқанд туманидан 9 нафар ва қолган туманлардан 3, 5 нафардан ўқитувчилар сабабсиз иштирок этмаган бўлса-да, ХТМФМТТЭ бўлимлари раҳбарлари бу ҳолатнинг сабабларига аниқлик киргизмаган ва тегишли ходимларга нисбатан интизомий чоралар кўрмаган.

Якуний аттестацияда қатнашган 1546 нафар ўқитувчиларнинг атиги 216 нафари (11,6%)"Тинглаш" (Listening), "Ўқиш" (Reading),"Тил ва методика" (Lexical, Grammar and Methodological), "Ёзиш" (Writing), "Гапириш" (Speaking) кўникмаларининг ҳар биридан 75 баллдан юқори натижага эришиб, якуний аттестациядан муваффақиятли ўтган.

Ўқув машғулотларида ўқувчилар давомати, машғулотларнинг сифати, тренер - ўқитувчиларнинг машғулотларга тайёргарлиги ва дарс ўтиш методикалари тўлиқ назоратга олинмаганлиги боис вилоят бўйича 1330 нафар (86,0%) тингловчилар етарли балл тўплай олмаганлиги сабабли якуний аттестация­дан ўта олмаган. Бу ҳолат таҳлил этилганда Булунғур туманидан 114 нафардан 12 нафари, Нуробод туманидан 34 нафардан 3 нафари, Паст Дар­ғом туманидан 130 нафардан 25 нафари, ­Пайариқ туманидан 116 нафардан 8 нафари, Тайлоқ туманидан 121 нафардан 9 нафари, Пахтачи туманидан 71 нафардан 3 нафари, Самар­қанд шаҳридан 282 нафардан 59 нафари курслардан ўтган, холос.

Ушбу кўрсаткич бўйича туманларимизнинг республикадаги ўрни таҳлил қилинганда, Каттақўрғон шаҳри 48-ўрин, Самарқанд шаҳри 55-ўрин, Паст Дарғом тумани 64-ўринларни эгаллаган бўлса, қолган туманлар 93-165-ўринларга эришганлиги ачинарли ҳолдир.

Наҳотки, 72 соатлик махсус курс машғулотлари номигагина ташкил этилди? Ёки нима сабабдан шундай жиддий масалага лоқайдлик билан ёндашилди, тренер-ўқитувчилар нотўғри танландими ёки ўқитувчиларимиз яратилган имкониятдан тўғри фойдаланмасдан ўзларининг вақтини беҳуда сарфлашдими?

Шаҳар, туман Халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлимлари мудирлари бунинг учун қанчадан-қанча маблағ сарфланганлиги тўғрисида ўзига савол берганмикан?

Ўқув йили якунлари бўйича чет тилидан 10 та йўналиш бўйича, жумладан, 1, 2-синф ўқувчиларининг билим самарадорлиги, 7, 8-синф ўқувчилари ўртасида ўтказилган инг­лиз тили фанидан Билимлар беллашуви, 9-синф ўқувчилари ўртасида чет тили фанидан ўтказилган олимпиадасининг республика босқичи, 5, 9-синф ўқувчилари ўртасида ўтказилган "Инглиз тили билимдонлари" кўрик-танлови натижалари, чет тили ўқитувчиларининг салоҳияти, "Энг яхши чет тили ўқитувчиси" кўрик-танлови натижалари, узлуксиз малака ошириш курс­ларидаги ўқитувчилар давомати, уларнинг оралиқ ва якуний ўзлаштириш кўрсаткичлари бўйича вилоятлар ва туманларнинг республикадаги рейтинги аниқланди.

Ушбу кўрсаткичлар бўйича Самарқанд вилоятида аҳвол ачинарли ҳолатда бўлиб, Самар­қанд шаҳри (8-ўрин), Оқдарё (38-ўрин) ва Самар­қанд (53-ўрин) туманлари нисбатан юқори ўринларга эришган бўлса, Булунғур тумани 163-ўринни, Пахтачи тумани 164-ўринни, Қўшработ тумани 157-ўринни, Нуробод тумани 156-ўринни, Каттақўрғон тумани 143-ўринни, Нарпай тумани 142-ўринни, Иштихон тумани 137-ўринни, Пайариқ тумани129-ўринни, Паст Дарғом тумани 128-ўринни эгаллаганлиги раҳбарларнинг лоқайдлиги, масъулиятсизлиги туфайлидир.

Чет тилидан Билимлар беллашуви натижаларига кўра республикамиз туманлари ўртасида Оқдарё тумани 176-ўринда, Нарпай 183, Ургут 175, Пайариқ 173, Паст Дар­ғом 161, Самарқанд шаҳри 129-ўринда бўлиши ҳам Самар­қанд вилояти салоҳиятига муносиб эмас, албатта.

Чет тили ўқитувчиларининг салоҳиятига назар соладиган бўлсак, атиги 48 нафар чет тили ўқитувчилари ойига 15 %­ ва 30 % устама олиш ҳуқуқига эга бўлган. Булунғур (140/1), Жомбой(120/1), Каттақўрғон (119/1) туманларидан атиги бир нафардан ўқитувчи устама олаётган бўлса, Иштихон   (104/0),­ Пахтачи (96/0), Қўшработ (76/0) туманларидан эса бирорта ҳам чет тили ўқитувчиси устама олмаяпти.

Ушбу кўрсаткич бўйича республикадаги ўринларимиз таҳлил қилинганда, Оқдарё тумани 26-ўринда, Каттақўрғон шаҳри 38-ўринда, Самарқанд шаҳри 44-ўринда, Нарпай тумани 58-ўринда бўлса, қолган туманлар 122-155 оралиғидаги ўринларга эришган, холос.  

Умумтаълим мактаблари чет тили ўқитувчилари ўртасида ўтказилган "Йилнинг энг яхши чет тили фани ўқитувчиси" кўрик-танлови натижаларига кўра Самар­қанд ва Каттақўр­ғон шаҳри ҳамда Самарқанд тумани республикада олдинги 1, 20-ўринларни эгаллаган бўлса, Паст Дарғом, Тайлоқ, Булунғур, Қўшработ, Нуробод туманларидан бирорта инглиз тили ўқитувчиси кўрик-танловда иштирок этмаганлиги сабабли мазкур йўналишда республикада энг охирги ўринларни эгаллаган.

Ўтган ўқув йили якунида Тайлоқ туманидаги 21, 28, Пайа­риқ туманидаги 59, 86, 92, 97, Иштихон туманидаги 40, 48, Жомбой туманидаги 12, 27, Қўшработ туманидаги 12, 13, 23, 69,70, Нуробод туманидаги 4, 5, 36, 69-умумтаълим мактаблари фаолияти ўрганилганда, 3, 4-синфларда 2 соатдан тўгарак машғулотлари ташкил этилмаган, тўгарак журналлари юритилмаган, чет тили хоналарида мева, ҳайвонлар муляжлари етишмаслиги аниқланган. Мактаб педагогик йиғилишларида чет тили ўқитилиши кўриб чиқилмаган, услубий бирлашмаларда ўқувчилар билимидаги бўшлиқларни тўлдириш юзасидан дарс ишланмалари яратилмаган.

Таълим жараёнига ахборот технологиялари шиддат билан кириб келаётган бир пайтда аксарият таълим муассасалари раҳбарлари эскича иш услубидан воз кеча олмаяпти. Бошқарма ва шаҳар, туман халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлимларининг веб-сайти мавжуд бўлиб, интернет тармоғидан pastdargom.xtb.uz манзили билан рўйхатдан ўтган. Бошқарманинг веб-сайти 16 та бўлимдан иборат бўлиб, маълумотлар 3 тилда, ўзбек, рус ва инг­лиз тилларида киритилиб борилмоқда.

2014-2015 ўқув йилида вилоятдаги 1220 та умумтаълим мактабларини 54703 нафар 9-синф ўқувчилари битириб чиқди. Шундан 27834 нафари (50,9%)ўғил болаларни ва 26869 нафари(49,1%) қиз болаларни ташкил этади.

9-синф битирувчиларининг 54614 нафари (99,8%) ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларига ҳужжат топширган. Шундан академик лицейларга 2750 нафар ва касб-ҳунар коллежларига 51864 нафар, бошқа вилоятларга кетганлар 565 нафарни, диний қўмита тасарруфидаги таълим муассасаларига ҳужжат топширган битирувчилар сони 31 нафарни ташкил этган.

2014-2015 ўқув йилида ­­"Е-maktab" электрон дастурига жами 54703 нафар ўқувчилар киритилган бўлиб, улардан республикадан ташқарига кўчиб кетганлар 31 нафарни, ВКК хулосаси билан (касаллиги сабабли) 57 нафар, вафот этган 1 нафар, жазони ўташ муассасасида 2 нафар, жами 89 нафар ўқувчилар таълимнинг кейинги босқичига тортилмади.

Умумтаълим мактабларидаги 527130 нафар ўқувчиларнинг 237418 нафари мактабдаги фан, ижодий тўгараклар ва спорт секцияларига, 7836 нафари "Баркамол авлод" болалар марказларидаги тўгаракларга, 49498 нафари Болалар ва ўсмирлар спорт мактабларига, 4407 нафари Болалар мусиқа ва санъат мактабларига, 20150 нафари маҳаллаларда ташкил этилган Уста-шогирд йўналишидаги тўгаракларга жалб қилинган. Шу билан бирга "Камалак" болалар ташкилоти томонидан ташкил этилган тўгаракларга 12585 нафар (63%) ўқувчилар жалб қилинган.

Ёшларга мамлакатимиздаги тинчлик ва барқарорликнинг аҳамиятини тўлақонли тушунтириш мақсадида таълим муассасаларида сиё­сий партиялар аъзолари, ижодкорлар, зиёли­лар ва ёшлар иштирокида "Тинчлик ва осойишталик учун курашмоқ керак", "Ёшлар тинчлик истайди","Ёшлар гиёҳвандлик,­ жиноятчилик ва терроризмга қарши" мавзуларида ўқув йили давомида 1450 дан ортиқ туркум маданий-маърифий тадбирлар ўтказилди.

Олиб борилаётган саъй - ҳаракатлар натижасида "Йилнинг энг фаол маънавият тарғиботчиси" кўрик-танловининг республика босқичида Булунғур туманидаги 18-умумтаълим мактаби директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Умида Равшанова 3-ўринни, "Жаҳолатга қарши маърифат" номли бадиий ижодий ишлар танловининг республика босқичида шеърлар йўналишида Самарқанд туманидаги 7-умумтаълим мактабининг 8-синф ўқувчиси Улуғой Мамат­қулова 1-ўринни, "Одам савдоси-давр муаммоси" мавзусидаги иншолар танловининг республика босқичида Самарқанд шаҳридаги 28-умумтаълим мактабининг 9-синф ўқувчиси Сабина Усмонова фахрли 1-ўринни эгаллади.

"Баркамол авлод" болалар марказлари тўгарак аъзолари ўртасида ўтказилган кўрик-танловнинг республика бос­қичида фахрли 14 та ўрин қўлга киритилди. Жумладан, "Соғлом бола - соғлом оила" шиори остида республика фотосуратлар танловида Самар­қанд туманидаги "Баркамол авлод" болалар маркази тўгарак аъзоси Мирзобек Нарзиев 1-ўринга, "Ёш ижодкор" республика кўрик-танловида Нуробод тумани "Баркамол авлод" болалар маркази тўгарак аъзоси Бибихоним Хўжақулова 1-ўринга, "Само билан бўйлашар варрагим" варраклар сайли мусобақасида вилоят "Баркамол авлод" болалар маркази тўгарак аъзоси Шахзод Қодиров 1-ўринга сазовор бўлди.

Вилоят Ахборот-ресурс маркази фаолияти ҳам анча жонланиб, 2014-2015 ўқув йилида республикада фахрли ўринларни қўлга киритди. Жумладан, "Мен, ота-онам, бобом ва бувим - китобхон оила" республика танловида Оқдарё туманидаги 10-умумтаълим мактабининг 8-синф ўқувчиси Хумора Исматова ва унинг онаси Шаҳло Азимова 3-ўринни, "Китобхон мактаб" танловида Самар­қанд шаҳридаги 13-умумтаълим мактаби жамоаси 1-ўринни эгаллади.

Умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари ўртасида "Мустақил юрт фарзандиман!" мавзусида расмлар танловининг республика босқичида Қўшработ туманидаги 85-умумтаълим мактабининг 7-синф ўқувчиси Мустафо Маматкаримов 2-ўринни, "Йўл ҳаракати ёш назоратчилари"нинг республика слётида Самар­қанд туманидаги 38-умумтаълим мактабининг "Яшил чироқ" жамоаси олий ўринни қўлга киритишга муваффақ бўлди.

Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, 2015-2016-ўқув йилида амалга оширилиши лозим бўлган вазифаларимиз кўлами кенг. Ўқувчиларимизнинг билим самарадорлигини янада ошириш, уларнинг республика ва Халқаро кўрик-танловларда иштирокини таъминлаш, таълим муассасалари ҳудудларини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, куз-қиш мавсумини беталофат ўтказиш ва бошқа муҳим вазифаларни амалга ошириш сиз-у бизнинг зиммамизда.

Азамат Умаров,
вилоят Халқ таълими бошқармаси бошлиғи


Киритилган вақти: 28/08/2015 08:18;   Кўрилганлиги: 27
 
Материал манзили: http://samvxtb.uz/press/speeches/2015-yil-avgust-kengashlaridagi-viloyat-xalq-talimi-boshqarmasi-boshligi-azamat-umarovning-maruzasi
Чоп этилган вақт: 21/04/2019 01:36
Матнни ўқиш учун ушбу тугмани босинг