Самарқанд вилояти
Халқ таълими бошқармаси
w w w . s a m x t b . u z

 

9 май – Хотира ва қадрлаш куни умумхалқ байрамига бағишланган “Инсон қадри улуғ, хотира муқаддас” номли байрам тадбирида вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Р.Д. Юлдашевнинг кириш сўзи

Ассалому алайкум ҳурматли ва азиз устозлар, қадрли меҳмонлар!

Барчангизни 9 май – Хотира ва қадрлаш куни умумхалқ байрами билан вилоят халқ таълими ходимлари номидан самимий табриклайман.

         Эътироф этиш жоизки,  муҳтарам Президентимизнинг 2018 йил 16 апрелдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармонига асосан,  мамлакатимизда 9 май умумхалқ байрами – Хотира ва Қадрлаш куни ўтказилиши, шунингдек, Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлганларнинг хотирасини абадийлаштириш, бугун ҳам сафларимизда туриб Ватанимиз обрў-эътиборини юксалтиришга, ёшларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялашга ҳисса қўшаётган фахрийларни эъзозлаш ҳамда фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 73 йиллиги нишонланиши муносабати билан уруш қатнашчилари ва ногиронларига 5 миллион сўм миқдорида пул мукофотлари ва қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилмоқда.

          Уруш ва меҳнат фахрийлари, иккинчи жаҳон урушида фашизмга қарши курашиб ҳалок бўлганларнинг, мамлакатимиз озодлиги ва мустақиллиги учун жон берган Ўзбекистоннинг барча ўғлонлари хотирасини абадийлаштириш, бугун ҳам сафларимизда туриб Она Ватан обрў-эътиборини юксалтиришга, ёшларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялашга ҳисса қўшаётган барча инсонларнинг ҳурматини жойига қўйиш мақсадида  ҳар йили 9 май – Хотира ва қадрлаш куни сифатида кенг нишонланиб келинмоқда.

Ушбу фармонга кўра Хотира ва Қадрлаш кунининг умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланишини таъминлаш барча давлат, нодавлат ва жамоат ташкилотларининг, идора ва корхоналарнинг биринчи галдаги вазифаси, барча Ўзбекистон фуқароларининг ор-номус ва виждон иши, анъанавий бурчи деб белгиланди.  Фашизм устидан қозонилган ғалабага ҳисса қўшган, Ватанимиз мустақиллиги учун азиз жонини, бор куч-қувватини аямаган бирор бир инсон унутилмаслиги керак. Уларнинг ҳар бирига муносиб ҳурмат-эҳтиром кўрсатилиши шарт. Президентимизнинг ушбу  фармони  кексаларга кўрсатилаётган беқиёс ғамхўрликнинг ёрқин ифодаси бўлди, десак, муболаға бўлмайди. Ушбу эътибор ва эъзоздан куч олиб, руҳланиб яна узоқ йиллар сафимизда соғ-саломат, ёнма-ён туришингизга тилакдошмиз.

9 май – Хотира ва қадрлаш куни умумхалқ байрами барчангизга муборак бўлсин!

5 май, 2018 йил


Киритилган вақти: 07/05/2018 09:49;   Кўрилганлиги: 359
 
Материал манзили: http://samvxtb.uz/press/speeches/9-may-xotira-va-qadrlash-kuni-umumxalq-bayramiga-bagishlangan-inson-qadri-ulug-xotira-muqaddas-nomli-bayram-tadbirida-viloyat-xalq-talimi-boshqarmasi-boshligi-rd-yuldashevning-kirish-sozi
Чоп этилган вақт: 10/12/2019 17:33
Матнни ўқиш учун ушбу тугмани босинг