Самарқанд вилояти
Халқ таълими бошқармаси
w w w . s a m x t b . u z

 

МАЖБУРИЙ МЕҲНАТ ДЕБ ҚАДРИЯТЛАРИМИЗДАН ВОЗ КЕЧМАЯПМИЗМИ ЁХУД МАКТАБНИ КИМ ОБОД ҚИЛАДИ?

Сарлавҳани ўқиб, айни пайтда амалдаги меҳнат қонунчилигига зид қарашлар ҳақида сўз борса керак, деб ўйламанг. Биз мажбурий меҳнат дея баъзи қадриятларимиз, қон-қонимизга сингиб кетган хайрли одатларимизнинг бугун эскириб қолаётгани ҳақида очиқроқ гапирмоқчимиз.

Кейинги йилларда жамиятда ўқитувчининг нуфузи ошгани, уларга ижодий ишлаш учун кенг имкониятлар яратилаётгани ҳақида кўп гапирдик. Айнан шундай саъй-ҳаракат сабаб ўқитувчилар кўча тозалаш, пахта далаларида сарсон-саргардон юришдан халос бўлди. Меҳнат қонунчилигига қатъий амал қилиш ҳам аввалгидан ўзгарди ва мажбурий меҳнатнинг олди олинмоқда. Бироқ яқин бир-бир ярим йил ичида ижтимоий тармоқларда “Ўқитувчи ва ўқувчи мажбурий меҳнатга жалб қилинди” мавзусидаги маълумотлар кўпайиб кетди. Ушбу ҳолатларни яқиндан суриштирсак, аксарияти ўқитувчиларнинг мактаб ҳудудида олиб борилган ободонлаштириш ишларида қатнашганлиги билан боғлиқ бўлади...

Охир-оқибат аксарият муассасаларимизда мажбурий меҳнат тушунчаси нотўғри талқин қилинди. Ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ўз ҳолига ташлаб қўйилди. Ахир мактабни ким обод қилади: фаррош, қоровул ва хўжалик ишлари бўйича директор ўринбосаригина холосми? Инсон ўзи ишлаб, бола-чақасининг ризқини топаётган масканнинг тоза-озодалиги, ободлигига қандай бефарқ қараши мумкин? Зиё мас­канини шу ердаги устозлар ҳамжиҳат бўлиб боғу роғга айлантирмаса, уни четдан келиб биров қилиб берадими?

Тўғри, айни пайтда қонунни четлаб ўтишга ҳеч биримизнинг ҳаққимиз йўқ. Шу боис мактабда директор, касаба уюшмаси бош­ланғич ташкилоти раҳбари иштирокида умумтаълим муассасасини обод этишни ўқитувчилар ўртасида ихтиёрий овозга қўйиб, уларнинг розилиги билан ҳашар, ободонлаштириш ишларини ташкил этиш мумкин. Аслида Наврўз байрамининг мазмун-моҳияти авваламбор поклик, тоза-озодалик, саранжом-саришталикдан иборат эмасми? Бу савоб ишлар эса албатта кўпчиликнинг ҳамжиҳат бўлиб ишлаши, яъни ҳашар воситасида узоқ асрлардан буён давом этиб келяптику. Бу хатти-ҳаракатимиз қонун устуворлигига ҳам, виждонимиз амрига ҳам тўғри келади. Мажбурий меҳнатни нотўғри тушуниб, озодаликка риоя қилмасдан, қадриятларимиздан воз кечмаслигимиз керак.

Айниқса, бугунги кунда мактабларни обод масканга айлантириш, шарқона янги йил — Наврўзи оламга тайёргарлик кўриш муҳим аҳамиятга эга.

Айни пайтда халқ таълими муассасаларида кўкламга, Наврўз байрамига тайёргарлик кўриш лозим. Мамлакат бугуни ва эртаси бўлган фарзандларимиз таълим-тарбия олиб, камолга етаётган умумтаълим муассасалари мутлақо янги қиёфага кириб, энг файзли, обод масканга айланиши зарур. Негаки, тоза-озода жойда барака бўлади, авлодлар соғлом улғаяди. Ҳудудларда ранг-баранг гуллар, манзарали ва мевали дарахтлар ўтқазиб, кўкаламзорлаштирилса муассасалар том маънода обод масканга айланади. Аслида ҳам таълим даргоҳлари мана шундай бўлиши лозим.

Саидаҳмад УСМОНОВ,

вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи.


Охирги ўзгариш вақти: 12/03/2020 06:30;   Кўрилганлиги: 123
 
Материал манзили: http://samvxtb.uz/press/speeches/majburiy-mehnat-deb-qadriyatlarimizdan-voz-kechmayapmizmi-yoxud-maktabni-kim-obod-qiladi
Чоп этилган вақт: 07/04/2020 22:21
Матнни ўқиш учун ушбу тугмани босинг